Муфтий ҳазрат Халқаро форумда нутқ сўзлади

933

Бугун, 22 февраль куни муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган “I Халқаро зиёрат туризми форуми” ўз ишини бошлади.
Мамлакатимизда илк бора ўтказилаётган мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, Ташқи ишлар вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимияти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) ҳамда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) кўмагида ташкил этилди.
Форум Қуръони карим оятлари тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Тадбирда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан 120 дан зиёд вакиллар иштирок этмоқда.
Нуфузли анжуманнинг очилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари юртимизнинг сайёҳлик имкониятларини дунёга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни ислом дунёсида зиёрат-туризми бўйича йирик марказлардан бирига айлантириш ушбу форумнинг асосий мақсади эканини алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, мамлакатимизда зиёрат туризми бўйича амалга оширилган ишлар ва Ислом дини таълимотларида келтирилган сафар қилишнинг фойдали жиҳатлари ҳақида баён қилдилар. Қуйида муфтий ҳазратларининг нутқларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Сайтимиз орқали форум жараёнлари кузатиб боринг.


بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ للهِ الذِي خَلَقَ لَنَا الأَرضَ وذَلَّلَها، وسَهَّلَ لَنَا السَّيْرَ

فِي مَنَاكِبِها، وأَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ، وأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّداً عَبْدُهُ ورَسُولُهُ، خَيْرُ النَّاسِ خُلُقاً فِي الحَضَرِ والأَسفَارِ،  صلى الله عليه وسلم وَعَلَى آلهِ وصَحْبِهِ وعَلَى أَتْبَاعِهِمْ

صَلاَةً وسَلاَماً دَائمَيْنِ. أَمَّا بَعْدُ،

 Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!

Муҳтарам меҳмонлар, халқаро ташкилотлар вакиллари ва форум иштирокчилари.

Аллоҳ таборака ва таолога чексиз ҳамду саноларимиз, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту саломларимиз бўлсин.

Ўзбекистон заминида ўтказилаётган “Биринчи халқаро зиёрат туризми форуми”да иштирок этиш учун дунёнинг турли ерларидан ташриф буюрган Сиз азиз меҳмонларимизга самимий саломларимизни йўллаймиз. Барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, шарафли ва масъулиятли вазифаларингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз.

Ўзбекистон диёридан жаҳон тамаддунига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган буюк олимлар етишиб чиққанки, улар қўним топган муборак жойлар, улар барпо эттирган муҳташам бинолар ва маънавий меросларни кўпчилик ўз кўзи билан кўришни орзу қилади.

Ўзбекистон қадимги Буюк ипак йўли чорраҳасидаги мамлакат сифатида дунёга танилган. Юртимиз тарихи, жаҳон тамаддуни ва илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси, тарихий-меъморий ёдгорликлари ва алломалари, меҳмондўст халқи билан барчанинг эътиборини ўзига жалб этиб келмоқда.

Тарихий бино ва обидалар кўплиги бўйича юртимиз дунёда 9-ўринни эгаллайди. Ўзбекистон етти мингдан ортиқ кадимий-меъморий ва тарихий обидаларга эга. Мамлакатдаги икки юздан зиёд тарихий ёдгорликлар ва меъморий обидалар ЮНЕСКОнинг маданий мероси рўйхатига киритилган. Уларнинг аксарияти қайта тикланди, таъмирланди ва чор атрофи ободонлаштирилди.

Муҳтарам Президентимиз томонидан соҳага оид қабул қилинган фармон ва қарорлар зиёрат туризмини ривожлантиришга катта хизмат қилмоқда. Бугунги кунда 45 та давлат фуқаролари учун 30 кунгача визасиз тартиб жорий этилгани сайёҳларнинг мамлакатимизга қизиқишини янада оширди.

Давлатимиз раҳбарининг соҳага оид фармон ва қарорлари мавжуд имкониятларни рўёбга чиқариш сари ташланган муҳим қадамлар бўлди. Мазкур қарорларга мувофиқ, диёримизга ташриф буюраётган чет эллик сайёҳларга қулай шарт-шароитлар яратиш, сервис хизматлар сифатини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди.

Сайёҳлар орасида Ислом маданияти обидалари, улуғ алломаларимиз қадамжоларини зиёрат қилувчилар тобора кўпайиб бормоқда. Бухоро шаҳридаги муборак қадамжолар – Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ва Чорбакр мажмуалари энг табаррук зиёратгоҳлар ҳисобланади. Шунингдек, Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси, Масжиди Калон, Лаби ҳавуз ва Арк мажмуаси каби муҳташам меъморий обидалар ҳам кўплаб сайёҳларнинг диққат марказида бўлмоқда. Айни кунларда Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанднинг 700 йиллик юбилейларига ҳам қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Маълумки, бутун жаҳондаги мусулмонлар сони 1,8 миллиардга яқин. Шундан қарийб 150 миллиони ҳар йили саёҳат қилади. Шуни инобатга олиб, мамлакатимизда Ислом динига эътиқод қилувчи сайёҳларга ҳам ибодат амалларини бажариш бўйича зарур қулайликлар ҳозирланди. Жумладан, юртимиз меҳмонхоналаридаги хоналарнинг жиҳозлари сафидан Қуръони карим, жойнамоз ҳамда қибла кўрсаткич ҳам жой олди. Аэропорт ва вокзалларда намозхоналар ташкил этилди. Катта йўл бўйидаги масжидлар сони кўпайтирилиб, улардаги шароитлар яхшиланди ва бундай ишлар фаол равишда давом эттирилмоқда.

Шунингдек, “ҳалол” ёрлиқли озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларга қизиқиш кун сайин ортиб бормоқда. Шу муносабат билан ўтган йили Ўзбекистон исломий стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилотга аъзо бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам зиёрат туризмини ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Муслим-тур” сайёҳлик фирмаси ташкил этилиб, юртимиздаги қадамжо, зиёратгоҳ ва табаррук масканларга маҳаллий ва хорижий фуқароларнинг зиёратларини уюштириш билан шуғулланиб келмоқда.

Бугунги нуфузли анжуманимизга дунёнинг Малайзия, Индонезия, Миср, Покистон, Кувайт, Саудия Арабистони, Озарбайжон, Туркия, Россия, Ҳиндистон каби кўплаб мамлакатлари, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг вакиллари ташриф буюргани анжуманнинг аҳамиятини янада оширмоқда.

Бухорода илк бор ўтказилаётган биринчи халқаро зиёрат туризми форуми қатнашчилари Бухоронинг Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент, Ромитан ва Когон туманларида жойлашган қутлуғ  қадамжоларни зиёрат қиладилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

هُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ ذَلُولًا فَامْشُوا فِي مَنَاكِبِهَا

وَكُلُوا مِنْ رِزْقِهِ وَإِلَيْهِ النُّشُورُ

«У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юринглар ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан енглар! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир» (Мулк, 15).

Дарҳақиқат, сафар қилишнинг фойдали бўлиши унинг нима мақсадда эканига боғлиқ. Бунга жаҳонга машҳур, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий бобомизнинг ҳаётлари ёрқин мисол бўла олади. Улуғ муҳаддис бобомиз умрининг айни навқирон даврларини хорижда илм талабида сафарда ўтказганлар. Жаҳон кезиб илм олган бобомизнинг илмий мерослари ҳозирги пайтгача бутун дунёга зиё тарқатмоқда.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадиси шарифларида:

سَافِرُوا تَصِحُّوا وَتُرْزَقُوا

Сафар қилинглар, соғлом ва ризқу насибали бўласизлар”, деб марҳамат этганлар.

Манбаларда келтирилишича, сафар қилишда соғлиқ ва руҳий тетиклик учун кўп манфаатлар бор. Чунки сафар табиатан ҳаракатга боғлиқ бўлади ва табаррук жойлар зиёрати кишига руҳий қувват бағишлайди.

Сафарга тарғибдан мақсад ҳам кишининг сафар давомида кўрган-кечирган ҳолатларидан ижобий таассурот олмоғига ва ҳаётда ҳимматли бўлишга эришмоғидир. Зеро, араб тилидаги сафар сўзининг яна бир маъноси ҳам “кашф этмоқ, кўрсатмоқ”дир.

Солиҳ зотлардан бири ҳазрат Бишр Хофий бундай деганлар: “Эй зоҳидлар жамоаси! Саёҳат қилинглар, яхшилардан бўласизлар, чунки сув оқса, яхши бўлади. Агар сув бир ўринда кўп турса, бузилади”.

Демак, инсон кўп сафар ва зиёратлар қилиб туришида унинг жисмонан соғлиги, руҳий тетиклиги ва маънавий оламига жуда катта фойдалари бор.

Муҳтарам тадбир иштироклари, бугунги ўтаётган зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форум ҳар жиҳатдан фойдали бўлишини билдириб, анжуман ишига улкан муваффақиятлар тилайман.

Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий