Мусулмонни кофир деманг

633

Мусулмонлар орасида дунё миқёсида катта фитна ва хунрезликларга сабаб бўлаётган бир омил борки, бу ҳақда ҳар бир мусулмон инсон яхши тушунчага эга бўлиши керак. Бу омил бинсон бошқа бир инсонни кофир деб ҳукм чиқаришидир. Бу масала шариатимизда “такфир” дейилади. Унинг луғавий маънолари “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади.

Айнан шу масалани яхши англаб етмаганликларидан айрим содда ва илмсиз мусулмонлар Исломнинг душманларининг тузоқларига илиниб қолмоқдалар. Натижада атрофидаги имонли мўмин-мусулмонларни ўзича кофир ҳисоблаб, қанчалаб ҳаром қонлар тўкмоқдалар. Уларнинг раҳнамолари эса мазкур “такфир” тушунчасида моҳирона фойдаланиб, мусулмонларни мусулмонларга, ҳа, айнан мусулмонларга душман қилиб қўймоқдалар.

Яхши билишимиз керакки, баровни беҳудага кофир деб бўлмайди. Киши кофир бўлиши учун шаратимиз кўрсатган ҳудудлар бор. билмасдан бир мўминни кофирга чиқарса оғир жиноят бўлади.

“وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ” (رَواهُ الإمامُ البُخاري عن ثابتٍ بنِ الضَحَّاكِ رضي الله عنه).

яъни: “Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: “Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади”, – деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ эканлиги ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган:

وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا 

яъни: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлаб қўйгандир (Нисо сураси 93-оят).

Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги мушҳур ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

“أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر؛ فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا؛ إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ، وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ”

)رواه الإمامُ مسلم عن عبدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رضي الله عنه(

яъни: “Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади” (Имом Муслим ривоятлари).

Бу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.

Афсуски, ҳозирги кунда ҳам “Хавориж” фирқасининг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғамлари” йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.

Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарига кўра, “Ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг учдан иккиси мушрик ва кофир бўлиб кетган” (Аллоҳ асрасин!).

Буларнинг бу “фатвоси”нинг пуч экани Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ яъни: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз” деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.

Шаҳобиддин Парпиев

Асака туман бош имом хатиби