Бу йил шундай ажиб йил бўлдики, ота-боболаримиз кўрмаган ғаройиботлар бўлди. Арзимас, кўзга кўринмас вирус заррачалари дунёнинг деярли барча гўшасини истило қила бошлади.

Бундай касалликлар, ваболар тарихда кўп бўлган, бироқ ҳозирги тождор вирус каби дунёга тез ва кенг тарқалмаган.

Бутун дунё ҳамжамиятлари бунга қарши бор имкониятни сафарбар қилмоқда, натижалар ҳали поёнига етганича йўқ. Яъни ҳалигача унга қарши тўлиқ даво тариқасидаги ваксина аниқланмади.

Юртимизда ҳам ҳукуматимиз томонидан халқимизнинг тинчлиги, соғлиги ва хавфсизлиги учун тўхтовсиз чора ва тадбирлар ишлаб чиқармоқда. Хусусан Юртбошимиз бу тўғрида кўплаб чиқишлар қилмоқда. Яқинда, 8 июль куни видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари, жумладан, шундай деди:

— Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз, афсуски, бутун дунёда коронавирус пандемияси давом этмоқда. Дунёнинг қатор мамлакатларида касалликнинг иккинчи тўлқини бошланаётгани барчамизда жиддий хавотир уйғотмоқда.

Бугунги ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, ушбу инфекцияга қарши курашда қандайдир «сеҳрли рецептлар» ҳали йўқ.

Жаҳон ҳамжамияти, дунёдаги энг йирик илмий марказлар, энг кучли олимлар бу офатга даво топиш учун қаттиқ изланмоқда. Ва бундай тадқиқотлар тез орада ўзининг ижобий натижасини беради, деб умид қиламиз.

Юртбошимиз бир қанча масалаларга тўхталиб ўтди. Жумладан аслида оддий ва жўн бўлган, ҳар қандай машаққатдан ҳол бўлган ниқоб масаласига ҳам тўхталди:

“Айниқса, тиббий ниқоб тақмаслик ёки уни номига тақиш, санитария-гигиена қоидаларини бузиш, ўзаро қўл бериб кўришиш, ижтимоий масофани сақламаслик, заруратсиз оилавий тадбирларни ўтказиш ҳолатлари кун сайин кўпаймоқда”. (uza.uz)

Бу жуда ҳам ачинарли ҳолдир. Оддийгина ниқоб тақиб юришлик ҳам шунчалик муаммо бўлиб кўтарилиши аслида халқимиз учун уят. Бу — одамлар шунчалик оддий қоидаларни писанд қилмаганлигидан далолат.

Берилаётган тавсиялар ҳаммаси халқимизнинг соғлиги, тинчлиги, хотиржамлиги ва хавфсизлиги учундир. Қолаверса бу ҳолатда ўзимизни тузатишимиз қийинлашиб бориши мумкин. Бу эса охир-оқибат иқтисодиётимизга ҳам жиддий таъсир қилиш мумкин.

Бугун-ку, ҳали катта муаммо бўлганича йўқ. Бироқ муаммо кучайиб кетишига йўл қўймаслигимиз керак.

Айнан бизнинг ташвишимизда йўлга қўйилган карантин қоидаларига амал қилайлик. Гуноҳлардан сақланалайлик. Қилган гуноҳларимиз учун истиғфор айтайлик. Шоядки, инсоният бошига келган офат тезроқ кўтарилса.

Кимсанбой Акбаров,

Асака тумани «Ҳолмадодхоҳ»

жоме масжиди ходими.