Сабр-матонат ва бардош мўминларнинг энг яхши сифати, уларнинг шаънини улуғловчи гўзал фазилатларидандир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларига бирор мусибат, офат ёки машаққат келганида фақат сабр қилишга буюради.

Сабр—луғавий маъноси чидаш, ўзини сақлаб, тўхтатиб турмоқни англатса, шариъатда эса ибодат қилишда чидамли бўлиш, гуноҳдан сақланишда чидам ва мусибат, яқин кишисини йўқотиш ва шу кабиларга оҳ-воҳ тортиб жазава тушмасдан тоқат билан чидашни англатади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сабр имоннинг ярмидур”, деганлар.

Сабр энг олий фазилатлардан бири бўлиб, сабрли бандаларини Аллоҳ таоло яхши кўради. Қуръони каримнинг юзга яқин ояти карималарида мўмин-мусулмонлар сабр, чидам ва бардошга чақирилади. Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни севиши ва улар билан доимо бирга эканлиги хабарини бериб шундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ إِنَّ اللَّهَ مَعَ الصَّابِرِينَ

“Эй имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Аллоҳ албатта сабр қилувчилар билан биргадир”.

Қуръони каримнинг бошқа оятларида эса, Аллоҳ таоло сабр қилувчиларга охиратда беҳисоб ажр-мукофотлар тайёрлаб қўйгани зикр қилинади:

…إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ

“Сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилади”.

Сабр—гўзал сифат бўлиши билан биргаликда, унга риоя қилиш ниҳоятда оғир ҳамдир. Чунки киши бошига келган ҳаёт қийинчиликлари, мусибатлари ва ғам-ташвишларига ҳар доим ҳам чидамли, бардошлик бўла олмайди.

Аммо мана шу ўринларда сабрли бўлса, барча нарса Аллоҳ таолонинг азалий тақдиридан деб билса, ўша мусибат ундан енгил кечади ва оқибатда битмас-туганмас ажрга эга бўлади. Бу дунёда яшайдиган инсон борки, уларнинг барчалари ҳаёт имтиҳонларига рўбарў бўлмасдан иложлари йўқ. Чунки, ҳаётнинг ўзи имтиҳон ва турли синов-машаққатлардан иборат қилиб яратилган.

Бас шундай экан, инсон, бошига тушган қийинчиликларга сабр қилса ҳам, сабр қилмаса ҳам ҳаёт шу тарзда давом этаверади. Аммо сабр қилганлар—ҳам соғликларини сақлаб қоладилар ва беҳисоб ажрга эга бўладилар. Сабр қилмаганлар эса—ҳам соғликларидан ажрайдилар ва савобдан ҳам бебаҳра қоладилар.

Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарлари сабр-қаноатда инсониятга ибрат бўлишган. Энг суюмли фарзандидан айрилган Яъқуб алайҳиссалом, туҳмат ва фитна туфайли узоқ вақт зиндонбанд бўлган Юсуф алайҳиссалом, Аллоҳ юборган машаққат, дард-офатларини кўрган Айюб алайҳиссалом, золим Фиръавннинг чидаб бўлмас азоб, камситиш, хўрлаш-қийноқларига дош берган Мусо алайҳиссаломларнинг буюк сабрлари инсониятга ибрат ўлароқ тарих саҳифаларида қолган.

Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам, у зотдан олдин ўтган барча элчиларини ҳам ваҳийни етказишда, инсонларни имонга чақиришда бошларига тушаётган машаққат ва озорларга нисбатан сабр-матонат кўрсатишга буюрган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон бошларига қийин иш тушса, Аллоҳ таолонинг ояти каримасига мувофиқ намоз ўқишга шошилардилар, чунки намоз, сабрга битмас-туганмас сабр қўшувчи сокинлик ва хотиржамлик манбаидир. Сабр инсонни оқибат чексиз-ҳисобсиз зафарларга, муваффақиятларга етиштиради.

وعن صهيب الرومي رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:

«عجبا لأمر المؤمن إن أمره له كله خير وليس ذلك لأحد إلا للمؤمن إن أصابته سراء شكر فكان خيرا له وإن أصابته ضراء صبر فكان خيرا له» رواه مسلم — ( صحيح )

Суҳайб Румий розийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминнинг иши ажойиб! Унинг барча иши, ўзига яхшиликдир. Бу фақат мўминлардагина бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, бас, унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади, бас, унга яхши бўлади”- дедилар.

Отабек домла Ҳусанов,

Олтинкўл тумани «Жалабек ота»

жоме масжиди имом-хатиби