Мўмин мўминга дўстдир

623

Аллох таоло бизларни мусулмон ҳолда , мусулмон ўлкада, мусулмон ота-онадан улуғ бир неъмат ичида дунёга келтирди. Бу неъматни қадрини билишни, мукаммал, комил мусулмон бўлишни , инсониятга гўзал хизматлар қилишни барчаларимизга насиб этсин. Пайғамбаримиз (С.А.В) ”Бир-бирингизга биродар бўлмагунингизча мўмин бўлмайсизлар, мўмин бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар” деб таълим берганлар (Муслим ривояти). Мўминннинг дўсти илм, унинг вазири ҳилм, пири муршиди ақл, йўлбошчиси ишбилармонлик, отаси раҳм – шафқат, иниси меҳр –мурувват, лашкарбошиси сабрдир.
ШАРҲ: Пайғамбаримиз С.А.В ушбу ҳадисда мўмин одам илм олиши, хушфеъл бўлиши, ақл билан иш юритиши, одамларга раҳм-шафқат назари билан боқиши уларга меҳр – оқибат кўрсатиши, машаққатларга бардошли бўлиши кераклигини уқтирмоқдалар. Мўмин мусулмонлар бир оила фарзандларидек аҳил, дўст биродар бўлишлари зарур. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бундан ўн беш аср муқаддам эълон этиб Ислом умматини ўзаро биродарликка, қариндошликка, ҳамкорликка чақирганлар. Абдуллоҳ ибн Умар р.а дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (С.А.В) “Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди ва биродарини душманга ҳам топшириб қўймайди. Ким биродарини хожатида бўлса, ким мусулмондан ғам ташвишини кетказса Аллоҳ таоло уни қиёмат ғам- ташвишларидан халос этади. Ким мусулмонннинг (айбини) беркитса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни ҳам айбини беркитади ” (Бухорий ва Муслим ривояти). Пайғамбаримиз (С.А.В) мусулмонларни бирдам бўлишга чақириб ”Мусулмонлар ўзаро дўстлашиши, бир – бирига меҳр-шафқатли ва хамдард бўлишда бамисоли бир танадекдир. Агар тананинг бир аъзоси касал бўлса бошқа аъзолари ҳам бедор бўлади, иситмада ҳамдард бўлади” деганлар. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ҳадиси шарифга мувофиқ ҳолда бир-биримиз билан чиройли муносабатда бўлиб яшашликни насиб этсин.

Избоскан тумани “Бобур” жомеъ
масжиди имом-хатиби: А.Сатторов