Юртимиз мустақил бўлган кунидан бошлаб чет эллардан турли хил диний оқим вакиллари ва миссионерлар юртимизга ёпирилиб келиша бошлади. Улар дастлаб юртимизга очиқдан-очиқ кириб келди, гўёки пок диний ғояларни тарғиб қилди. Кейинчалик уларнинг разил нияти фош бўлиб, фаолияти таъқиқлангач, ниқобга ўралди – тил ўрганиш маркази, компьютер курсларига ўхшаш идораларни очиб, яна гўёки маърифат тарқатиш билан шуғулланди. Аслида эса бу ҳаракатлар бузғунчи ғояларни ёйишда давом этишга уриниш эди, холос.

     Дунё бўйлаб тарқалган тарғиботчи гуруҳларнинг бири миссионерлик фаолиятидир. Улар дунёнинг деярли барча ўлкасида учрайди. Фақат қаерлардадир уларнинг фаолияти юқори бўлса, бошқа жойда сезилмайдиган даражада бўлади.

     Мусулмонларда имон қуввати юқори бўлганлигидан мусулмон юртлара миссионерларнинг фаолияти бир қанча паст бўлади. Бироқ ана ўша паст даражадаги уринишлар ҳам уммат учун таҳликалидир.

    Биз уларнинг фитнасидан огоҳ бўлишимиз учун миссионерлик ҳақида тушунчага эга бўлишимиз лозим. Миссионерлик – бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш. Буддизмда милоддан аввалги 3-асрдан бошлаб ёйилган, Христианликда миссионерлик 4-асрдан пайдо бўлган. XIII-XVI асрларда христиан миссионерлиги Хиндистон, Хитой, Японияга кириб борди.

    Кенг маънода миссионерлик (лот. юбориш, топшириш) бирор динни ўз юртидаги ёки ўзга юртлардаги ғайридинлар ўртасида тарқатиш соҳасидаги черков ташкилотларининг фаолияти ҳисобланади.

    Миссионерлик босқинчилик урушлари даврида мустамлакачи империяларни барпо этиш ва мустаҳкамлашда идеологик экспансия турларидан бўлган. Миссионерлар ошкора ёки махфий равишда Америка, Осиё, Африка халкдарини забт этишда қатнашганлар. Иезуитлар, францискчилар, бенедиктчилар, доминикочилар ва бопщаларнинг Католик жамоалари миссионерлик билан шуғулланганлар.

     1622 йили ташкил топган Диний тарғибот конгрегацияси католик миссионерларига раҳбарлик қилган. Миссионерлар амалда маърифат тарқатиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ишларини монополлаштириб олганлар. Иккинчи жаҳон урушидан кейин миссионерлик янги мустамлакачиликни тарғиб қила бошлади.

Миссионерлик ташкилотларининг мақсадлари асосан уч нуқтага қаратилган:

 Биринчиси – бошқа халқларни христианлаштириш. Шу орқали уларни иқтисодий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан ғарб давлатлари таъсир доирасига тушириш.

 Иккинчиси – халқлар ўртасида ўз эътиқодига шубҳа уйғотиш, ишонч ва эътиқодидан воз кечишга олиб келиш.

 Учинчиси – христианликни қабул қилганлар ўз эътиқодида мустаҳкам (собит) туришини таъминлаш ва шу орқали уларнинг сафини “янги христианлар” билан кенгайтириш.

 Миссионерларнинг таъсир усуллари ва найранглари:

 Миссионерлар ўз мақсадлари йўлида ҳеч қандай воситани аямайдилар, уларнинг усул-найранглари доимо такомиллашиб боради. Мана улардан бир нечтаси:

 Инсоний ёрдамлар кўрсатиш. Бунга, албатта, моддий ёрдамлар (тиббиёт, озиқ-овқат) ва сўзсиз, “руҳий” ёрдамлар киради. Атайлаб айрим жисмоний хасталик (ногиронлик) оқибатида оғир руҳий ҳолатга тушиб қолган ва ҳаётда бироз моддий қийинчиликларга учраб турган шахсларни топиб олиб, уларга турли шаклдаги моддий ёрдамлар кўрсатадилар. Тиббий ёрдам уюштирадилар. Уларнинг кўнглини ҳар томонлама олишга уринадилар. Бундай “саъй-ҳаракат”лари билан улар ислом динига эътиқод қилувчи маҳаллий аҳоли ўртасида ўзлари ҳақида ижобий фикрлар туғдиришга эришадилар.

 Маҳаллий халқ тилида ўша халқнинг урф-одатларини ҳисобга олган ҳолда, сифатли, рангли, расмли даъват китобчаларини бепул тарқатиш. Мусулмонлар учун чиқарилган бу китоблар кўпинча Қуръон оятлари билан “безалади”. Маҳаллий халқ ўртасида уларнинг она тилида чоп этилган анча чиройли, рангли-безакли муқовадаги китоб ва журналларни бепул тарқатиб, уларда босилган мақола – материалларда туб аҳолига мутлақо ёт бўлган ўзга динлар ғояларини тарғиб қиладилар.

 Насронийликни тарғиб қилувчи, қизиқтирувчи газета-журналлар ва аудио-видео кассеталар тарқатиш. Миссонерлар бошқа динларга киришга чақирувчи лавҳалар акс этган видео-аудио кассеталарни аҳолига бепул тарқатадилар.

 Радио-телевидение орқали жонли кўрсатувлар тайёрлаш. Бу кўрсатувлар орқали аҳолини мулоқотга чорлаш ва ғояларини синдириш.

Муслим.Уз сайтидан фойдаланилди

Муҳуммадсобир домла Иминов

Асака тумани “Ҳазрат Умар”

масжиди имом-хатиби