Мазҳабга эргашайлик

35

Мазҳаблар ҳақида сўз борар экан, мазҳабнинг ўзи нима эканини билиб олишимиз керак бўлади. Мазҳаб сўзи арабча «йўналиш» маъносини билдириб, ислом атамаларида бирор диний масала, муаммо бўйича муайян уламо фикрига эргашиш, «унинг юрган йўналишидан бориш» (арабча: заҳаба ала мазҳабиҳи) ни билдиради. «Мазҳаб» атамаси ислом динининг барча соҳаларида, жумладан, ақида (калом), фиқҳ, ҳадисшунослик, фалсафа, тасаввуфда баробар ишлатилади. Илк исломда мазҳаб тушунчаси асосан фиқҳий мактабларга (масалан, Авзоъий, Суфён Саврий кабиларга) нисбатан қўлланилган, кейинчалик эса кўпроқ тўрт фиқҳий мазҳаб (ҳанафий, шофиий, моликий, ҳанбалий мазҳаблари) англанилган.
Ўтган аср охирларида дунёда исломни ниқоб қилиб олган экстремистик гуруҳлардан ташқари таҳдиднинг яна бир тури пайдо бўлдики, улар мазҳабсизликка чақирувчилардир. Мазҳабсизликка чақирувчилар тарафдорларининг даъволарича, Исломда фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашиш шарт қилинмаган. Агар мусулмон киши, шаръий масалаларда улардан бирига эргашса, у тақлид қилгани учун хатокор, мутаассиб, динидан ажраган фирқалардаги кишилар каби адашади дейишади. Мазҳабсизликка чақирувчилар динга амал қилишнинг асосида фақат Қуръон ва суннат лозимлигини таъкидлашади. Аммо фиқҳий мазҳабларга эргашиш эса, Қуръон ва суннат таълимотидан кўра, кўпроқ шахслар ижтиҳодларига (фикрларига) тақлид қилиш дейишади. Тақлид қилиш эса, хатога йўл қўйиш ва камчиликлардан ҳоли бўлишни таъминламайди дейишади. Шунингдек уларнинг наздида динимиздаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий 3-асрдан кейин пайдо бўлгани боис бидъат ишлардан саналиб, суннат таълимотига кўра ҳар қандай динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатдир. Саҳобаи –киромларнинг барчаси Қуръон ва суннатгагина мурожаат қилганлар дейдилар. Гўёки ўзларини Ислом динининг фидоийлари деб, Қуръон ва суннат турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш мусулмонлар ўртасида ихтилофларга замин яратиб, бирлиги ва аҳллигига раҳна солмоқда дейишади.
Аслида, мазҳабсизликка тарғиб даъвосини ўзи ихтилоф бўлиб, динимиз, хусусан, мусулмонларнинг бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омиллигига шубҳа йуқдир. Ўзларини мазҳабсиз деб даъво қилсаларда, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа шаръий ибодатларда шу тўрт машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашадилар. Ижтиҳод қилишга ҳамма ҳам қодир эмас. Чунки ижтиҳод қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни истинбот қилишга етарли даражада ақлий қувват лозимдир. Аллоҳ таоло бу даражани ҳар кимга ҳам берган эмас. Баъзи бир масалаларда ихтилоф қилишиб, “Мазҳаб Пайғамбаримиз САВ даврларида бўлмаган, биз унга эмас, Аллоҳ ва унинг Расулига эргашамиз” дейишади. Бу эса мазҳаб ҳақида илмлари йўқлигини билдиради. Аллоҳ таоло каломида “Агар билмасангиз зикр аҳлидан сўранг” (Наҳл сураси 43-ояти) деган. Уламоларимиз ижмоъ қилганларки, бу оят ҳукмни ва унинг далилларини билмайдиганлар ўша нарсаларда биладиган кишиларга эргашишига буюрмоқда. Пайғамбаримиз САВ “Мен ва ҳулафои рошидинларим йўлини маҳкам тутинглар” деганлар.
Тўрт мазҳабдан бирига эргашиш вожибдир. Бунга барча мусулмон уммати ижмоъ қилган. Мазҳабсизликнинг яна бир хатарли жиҳати шуки, бемазҳаб одам шаръий масалаларда билими етиб ечим топа олмагани сабаб, ҳали у ҳали бу мазҳабдан йўл ахтариб, ўзи инкор қилаётган мазҳаблар ичида тентираб, аниқ бирига эргашмагани сабаб, қадр тополмай, залолатда қолиб, умрини зое қилади.
Аллоҳ таоло барчаларимизга тавфиқ берсин, Ўзи адаштирмасин.

Каримов Олимжон Мухаммад Розикбой масжиди имом хатиби