Масжид ал-Ҳаром ва масжид ан-Набавийдаги намоз фазилати

1957

Аллоҳ таолога беҳисоб шуклар бўлсинки, Юртимизда кундан кунга Байтуллоҳни тавоф қиилувчилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида намоз ўқувчилар кўпайиб бормоқда. Ҳаж ва Умра ибодати учун борганлар иложи борича бу муқаддас маконлардаги қимматли фурсатларини ғанимат билишлари керак. Масжид ал-ҳаромда, Пайғамбаримизнинг муборак масжидларида кўп-кўп ибодат қилиб қолиш керак бўлади. Чунки бу икки масжидда намоз ўқишнинг фазилати ўзгача.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

صلاة فى مسجدى هذا خير من الف صلاة فى غيره من المساجد إلا المسجد الحرام

Менинг шу масжидимда ўқилган битта намоз бошқа масжидларда ўқилган мингта намоздан яхшидир. Илло, масжид ал-ҳаром ташқари. (Сунани Насаий).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

صلاة فى مسجدى هذا افضل من الف صلاة فيما سواه إلا المسجد الحرام و صلاة فى المسجد الحرامافضل من مئة الف صلاة فيما سواه

Менинг шу масжидимда ўқилган битта намоз, бошқа ерларда ўқилган мингта намоздан афзалдир. Масжид ал-ҳаромда ўқилган битта намоз бошқа масжидларда ўқилган юз мингта намоздан афзалдир. (Ал-фатҳ ар-раббоний 23/246).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

من صلى فى مسجدى اربعين صلاة لا يفوته صلاة كتب له براءة من النار و نجاة من العذاب و برىء من النفاق

Кимки менинг масждимда орада қолдирмасдан қирқта намоз ўқиса, уни дўзаҳдан озод этилган, азобдан нажот топган ва мунофиқликдан пок бўлган деб ёзиб қўйилади. (Ал-фатҳ ар-раббоний 23/272).

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Муқаддас ибодатлар тараддудида бўлган ҳар бир инсон, бу муқаддас жойларда кўпроқ ибодат қилишлари, кўпроқ дуои хайрларда бўлмоқлари даркор.

Аллоҳ таоло барчамизни шу икки муқаддас масжидларда ибодат қилишлик бахтига муяссар айласин.

Нодирбек домла КЕНЖАЕВ,
«Бува таваккул» жоме масжид имом-хатиби