Манманлик инсон қалбининг оғир иллатларидандир. Бу касалликка мубтало бўлган одам тузалиши қийин бўлади. Шунинг учун касалликнинг олдини олган маъқул. Унинг учун эса бу касаллик ҳақида билиб олиш мақсадга мувофиқ.

Маълумки, маънавий касалликларнинг маскани қалб саналади. Қалб касалланаверса, охир оқибат ҳалок бўлади. Ўзи ўлмасдан бурун қалби ўлган инсоннинг ҳолига вой.

Қалб Аллоҳ таолонинг назаргоҳидир. Қалбимизда бизга берилган энг улуғ неъмат — имон гавҳаримиз ўрнашган. «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида: “Ит кирган уйга фаришталар кирмайди”, деб марҳамат қилганлар. Қалб ҳам бир уй, фаришталар қўнадиган макон. Ғазаб,
шаҳват, гина, ҳасад, кибр, манманлик ва бошқа разил сифатлар қопоғон итлар кабидир.

Шу боис ҳар доим қалбимизни гўзал ва обод сақлашга, уни турли иллатлардан, ёмон xулқлардан поклашга, шайтон ва нафс васвасаларидан муҳофаза этишга интилмоғимиз зарур.

Кибр ва манманлик бир-бирига яқин ва ўхшаш салбий сифатлардир.

“Кибр”, “такаббур”, “кибрё” сўзлари луғатда катталик маъносини билдиради ва ўзини бошқалардан катта, устун ва афзал ҳисоблаш сифатига эга шахсга нисбатан ишлатилади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу сифатни:

«Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни ҳақир санашдир», деб таъриф-лаганлар.

Имом Ғаззолий кибрни: «У ўзини улуғ санаш ва қадрини бошқанинг қадридан устун қўйиш», деб таърифлаган.

У Зот «Иҳёу улумид-дин» асарида кибрнинг бадбахтлик калити эканини қуйидагича баён қилади: «Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбаси кибр ва ғафлатдадир”.

Манманликнинг зарарлари бисёр. Қуйидагилар шулар жумласидандир:

    1. Манманлик гуноҳларни унитишга ва тавбани кечиктиришга олиб боради;
    2. Манманлик тоатларни озайтиришга ва уларда нуқсонга йўл қўйишга олиб боради;
    3. Манман кишининг ҳаракатлари беҳудадир;
    4. Манманлик ғурурга ва одамлардан ўзини юқори тутишга олиб боради ва уларнинг ёмон кўришларига сабаб бўлади;
    5. Манманлик қилувчи ўзи ўзи ҳалок қилади;

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши ўзининг соч шокиласига ва кийимига махлиё бўлиб юриб бораётганда, бирдан уни ер ютиб юборди. Энди у қиёмат қоим бўлгинча пастга тушиб бораверади», дедилар». (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Одам алайҳиссаломнинг яратилгани ҳақидаги хабар фаришталарга етганида, улар у зотнинг шаклу шамойилларини кўриб:

«Бу жасадда ҳис-туйғу ва ҳаракат бўлса ҳам оқибати яхши бўлмайди, балки улар манфаат йўлида бир-бирлари билан урушиб, жонларига қасд қилишади, улардан фойда йўқ», дейишди. Парвардигор уларга жавобан:

«Бу вужуднинг ҳикматини Ўзим биламан», деди ва Одамга барча нарсаларнинг номини билдирди.

Бундан фаришталар лол қолдилар. Оқибатда улар Одам алайҳис саломга ато этилган ақл, илму фазл баракотидан унга сажда қилишди.

Иблис алайҳиллаъна эса кибр ва ғурурга бориб, сажда қилишда бош тортди. Бу итоатсизлик ва осийлик замирида кибр ётарди. Кибр эса динимизда қаттиқ қораланган иллатлардан биридир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“لا يدخل الجنة من كان فى قلبه مثقال حبة من خردل من كبر”

“Кимнинг қалбида хантал уруғича такаббурлик бўлса, жаннатга кирмайди”, деганлар»”. (Имом Термизий ривояти);

Манбаалар асосида

Таваккалжон домла МУКАРРАМОВ,

Марҳамат тумани “Шомат” жоме масжиди имом-хатиби