Маънавий бойлик нимадан иборат

1824

Улуғлар айтадилар – инсон жисмини икки нарса кўтариб туради. Бири руҳий қувват, бири жисмоний қувват. Инсоннинг камолотга етиши, Ватан ва жамиятга етадиган фойда ёки зарари унинг руҳий тарбиясининг ҳосиласидан келиб чиқади. Демак топадиган сабов ёки гуноҳ унинг руҳий холатига боғлиқ бўлади.
Руҳий холат, руҳий тарбия кишининг маънавий тарбиясига боғлиқ бўлади. Бизнинг маънавиятимиз асослари шубҳасиз бу Қуръони Карим, Унга ёзилган тафсирлар, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хадиси шарифлари, ислом уламоларининг бизларга қолдирган китобларидир.
Аллоҳга беадад шукурки, бизнинг маънавий бойликларимиз қанчадан канча олимларимиз Аллоҳнинг каломи – Қуръонни чуқур ўрганганлар, унга тафсирлар ёзганлар, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллохи алайҳи вассаллам ҳадисларини ўрганганлар, уларни жамлаб китоб ҳолига келтириб дунёга тарқатганлар, ушбу ишлар ҳозиргача давом этмоқда.
Демак биз учун ҳозирги лаҳжамизда битилиб, тушунишимиз осон бўлган маънавий бойликларимиз – маънавиятдан сабоқ бергувчи китобларимиз талабимизни қондириши учун етарли даражада топилади, десак хато бўлмайди.
Юқорида биз инсоннинг камолотини унинг руҳий тарбиясига боғликлигини айтдик. Тасаввур қилинг, бола ёшлигидан жисмоний машқлар қилиб, енгил-енгил тошларни кўтариб жисмоний қувватини ошириб бориб, бора-бора катта оғир тошларни кўтарадиган полвонга айланади.
Энди ўз вазнидан бир неча баробар оғир тошларни кўтарадиган, курашда енгилмайдиган ҳақиқий паҳлавонга айланади. Шундай жисмоний кучга эга бўлган инсон маънавий тарбия кўрмаган бўлса, хулқ-одоб, ота-она ҳурмати, раҳм-шафқат, ор-номус, ҳалоллик, фарзандлик бурчи, инсонпарварлик, ваъдага вафо, аминлик нималигини билмаса.
Имонсиз, эътиқодсиз бўлса, ўғирликнинг, талончиликнинг, фаҳшнинг, шафқатсизликнинг гуноҳлигини билмаса, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормаса, шарм-ҳаёси бўлмаса ундай одамни комил инсон деб бўладими?
Яна инсонда меҳнатсеварлик ва текинхўрлик, дангасалик, камтарлик, кибру ҳаво ва манманлик, қаноат ва очкўзлик, касб-ҳунар қилиш, фаҳм-фаросатлик бўлиш ва зийраклик хислатлари бор. Чақимчик, туҳмат, ғийбат ва ёвузлик, дўст тутмоқлик, оила ва эр–хотин одоблари, мол йиғиш, тежамкорлик ва исрофгарчик каби яхши-ёмон амаллар борки, уларни ажратиб олишни бизга Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хадис, суннатлари кўрсатиб беради.
Руҳий тарбия кўрмаган бола бугун битта тухумни эгасидан сўрамай олди, бу қилмишидан аввал бошида жиндай хижолат бўлади, қилмишидан жазоланишидан қўрқади. Худо унинг бу қилмишини бандалардан яширди, уни шарманда қилмади, бу эса тавба қилмади. Келгуси сафар биров билмас экан деб энди кўпроқ ўғирлади, кейин яна кўпроқ. Бошида сал бўлсаям ҳижолат бўлган қалби, энди тобора каттароқ гуноҳларни кўтаряпти, секин-секин катта-катта гуноҳ ишлардан ҳам тап тортмайдиган бўлаверади. Мана сизга маънавий тарбия кўрмаганликнинг оқибати.
Демак маьнавий бойлик ҳакида гапирамиз десак гап кўп. Миллий қадриятларимиз, урф одатларимиз, диний бағрикенглигимиз ҳам маънавий бойликдир.
Муҳтарам Президентимиз биз имомларга халққа соф исломни тушунтириш, етказиш, ёшларимизга миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз – маънавиятизни соф ҳолатда етказишликка чақиряптилар.
Ушбу ишларни амалга оширишимизда барчамизга Аллоҳ мададкор бўлсин. Юртимизни тинч, ватанимизни обод қилсин, халқимизни ва ёшларимизни бизга ёт бўлаган ғоялардан яратганнинг Ўзи сақласин!

Асака шаҳар “Аҳмадали маҳдум”
жоме масжиди имоми хатиби С. Исмоилов.