«Маҳалла обод — юрт обод»

149

Юртимизда 24−25 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашари деб эълон қилинди. Ҳашар «Маҳалла обод — юрт обод» шиори остида ўтказилмоқда. Ундан кўзланган мақсад – маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, хиёбонлар, истироҳат боғлари, зиёратгоҳлар, қабристонлар ва бошқа жамоат жойларини ободонлаштиришдан иборат.

Бугун эрта тонгдан мамлакатимизнинг барча маҳаллаларида ҳашар тадбирлари бошланиб кетди. Халқимизга хос бўлган дўстлик, бирдамлик, меҳр-мурувват, озодалик каби эзгу фазилатлар ҳашар кунларида айниқса ёрқин намоён бўлади.

Ҳар бир соҳа соҳиблари қатори масжидларимиз ходимлари ҳам доимгидек пешқадамликда намуна бўлишяпти. Хусусан эл-юрт орасида ардоқли бўлган имом-хатибларимиз тадбирларда бош-қош бўлиш баробарида ўзлари ҳам халқ билан елкама-елка бўлиб жонбозлик кўрстишмоқда.

Яна бир неча кундан сўнг мустақиллигимизга 33 йил тўлиши муносабати билан байрамни кенг нишонлаймиз. “Маҳалла обод — юрт обод” шиори остида бошланган мазкур умумхалқ хайрия ҳашари энг улуғ ва энг азиз айёмни кўтаринкиликда кутиб олиш учун ўзига хос тайёргарликдир.

Шунингдек, қабристонларда уюштирилаётган ҳашарлар ўтган аждодларимиз хотирасини шууримиз сари оҳиста индиради. Натижада тафаккуримиз яна ҳам қулоч оча бошлайди. Тафаккур эса инсонни ҳамиша яхшилик сари етаклайди.

Қабристондаги ҳашарлар Қуръон тиловатисиз бўлмайди. Қорилар қироат қилар экан, хотиржам нигоҳларимиз қабристон сари оҳиста кезиб, бу ерлардан не-не инсонлар маскан топганига гувоҳ бўлади. Уларнинг барчаси яқин ўтмишларда биз каби ҳаёт нашидасини сурар эдилар.

Кимлардир ғанимат дунёда охират учун захира қилиб, элу-юртга манфаати етиб, Холиқ-таъоло ҳузурига хотиржам йўл олган. Айнан ўшалар, умид қиламизки, бугун кунда қабрларида роҳатдалар. Улар учун ётган жойлари ҳар қандай дунё роҳатидан фароғатлироқдир. Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз айтганидек:

Аниким элтгай васл уйқуси ишрат туни мундоқ,

Навоийдек нетар то субҳи маҳшар тарки хоб айлаб.

Муқаддас динимиз кўрсатмаларида қабристонларни зиёрат қилишга тарғиб қилинган. Исломнинг илк даврларида қабрга сиғиниш авж олганидан бу ишдан саҳобалар қайтарилган эди. Кейин эса, ақида масалалари баён этилиб, мўминлар фақатгина Аллоҳ таъологагина ибодат қила бошлаганларидан кейин қабр зиёратига рухсат берилди. Нафақат рухсат берилди, балки тарғиб ҳам қилинди.

 Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

“Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди зиёрат қилаверинглар. Чунки қабр зиёрати қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради ва охиратни эслатади. Лекин фаҳш-ёмон сўзларни сўзламанглар” (Имом Ҳоким ривоят қилганлар).

Ўтганларни эслаш тараққиётнинг жадаллашиб бораётганидан ғафлатга кириб кетаётган инсонлар учун эслатма бўлиб, ўтганларимиз ҳақларига дуо ва тиловатлар кўпайишига сабаб бўлди.

Илгариги даврларда одам кирса ваҳима босадиган қабристонларимизда ободончилик ишлари чиройли йўлга солинди.

Туманимиз имом-хатиблари бу ишларда доимо бош-қош бўлиб келмоқдалар. Оммавий ҳашарларимизда ҳар бир масжид аҳли ўз ҳудуларидаги қабристонларни тозалаб, ибратли ҳолатга олиб келтирдилар. Ҳашарларда жуда ҳам кўп инсонлар иштирок этдилар.

Туманимизда бундай оммавий ишлар давом этмоқда.

Олимжон Раҳимов. Асака туман бош имом-хатиби