Комилликка эришишнинг йўли.

812

Инсон икки нарса билан комилликка эришади.
1. Юксалиб борувчи мақсад ва интилиш.
2. Қалб кўзини очувчи ва уни тўғри йўлга бошловчи илм.
Аллоҳ Таоло айтади: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур”. (Мужодала сураси 11-оят)

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз муборак ҳадисларида: “Ҳар бир нарсанинг ўз йўли бор. Жаннатнинг йўли илмдир” деганлар.
Бир донишманд айтади: “Тананинг озиғи егулик ва ичимлик бўлса, ақл ва қалбнинг озиғи илму ҳикматдир”.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Ҳеч ким олим бўлиб туғилмайди, албатта илм таълим олиш билан бўлади” дедилар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Илм берувчи ёки илм ўрганувчи ёки тингловчи бўлгин. Тўртинчиси бўлмагин акс ҳолда ҳалок бўласан” дедилар.
Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Илм олиш нафл ибодатлардан афзалдир”.
Шундай экан аввало ниятимизни ва мақсадимизни тўғирлаб олишимиз зарур.
Абу Суфён шундай деганлар: “Ният яхши бўлса, илм олишдан афзал иш йўқ”.
Али Ибн Абу Толиб розиялоҳу анҳу: “Илм мол-дунёдан афзал, чунки мол-дунёни сен қўриқлайсан, илм эса сени қўриқлайди, молни сарфласанг камаяди, илмни сарфласанг кўпаяди” дедилар.
Ҳалил ибҳ Аҳмад айтадилар: Инсонлар тўрт хил бўлади:
1. Билади ва билишини ҳам билади. У олимдир, унга эргашинг.
2. Билади, аммо билишини билмайди. У ғафлатда уни уйғотинг.
3. Билмайди ва билмаслигини ҳам билади. У йўл бошловчига муҳтож, унга йўл кўрсатинг.
4. Билмайди, билмаслигини ҳам билмайди. У – жоҳил, ундан узоқ бўлинг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Илм ўрганувчига бериладиган ажр олимга бериладиган ажрга тенг бўлади”.
Илм олишда холис нийятда бўлганларни Аллоҳ Таоло бу дунёда ҳам охиратда ҳам ташлаб қўймайди. Уламолар ҳам мана шунга васият қилганлар.
Имом Ғаззолий ўлим тўшагида ётганларида шогирдлари келиб устоз менга васият қилинг дедилар. Шунда имом Ғаззолий; «доимо нийятинг холис бўлсин» деб қайта-қайта такрорлаб вафот этдилар.
Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Албатта, бу байрам мустақил Юртимизда устозларга бўлган ҳурматнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида устозларга эҳтиром аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган буюк қадриятларимиздан саналади.
Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.
Жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.
Аллоҳ таоло Устозларни илм борасида қилаётган барча ишларига ўзи ёрдамчи бўлсин.

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади…