Аллоҳга шукрлар бўлсинки, юртимизда коронавирус туфайли жорий қилинган карантин ҳолати анча енгиллади. Дунёнанинг бошқа мамлакатлари билан таққослаганда юртимиздаги эпидемия ва пандемия ҳолатлари анчагина енгил ҳолатдалиги кўринади.

Карантин қоидаларига риоя қилган ҳолатда масжидларимиз намозхонлар учун ўз фаолиятини бошлади. Чўлу-биёбонда қатра сувга ташна бўлган йўловчи каби халқимиз ҳам жамоатни соғиниб қолган.

Лекин шундай чанқоқлик даврида ҳам ҳиссиётларимизни жиловлаб, карантин қоидаларига риоя қилишимиз зарур бўлади. Бу эса масжидларимиз фаолиятининг бардавом бўлишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг баёнотида карантин даврида намоз ўқиш тартиблари ҳақида тўхталиб ўтилган. Баёнотда жумладан шундай дейилади:

“Масжидларда ибодатларни ташкил этиш бўйича қуйидаги талаблар белгиланди:

– масжиднинг кириш жойини дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш, бирламчи дезинфекциялаш воситалари билан таъминлаш;

– ҳар бир намозхон тиббий ниқобда бўлиши, масжидга киришда қўлларини дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиши;

– масжидга ташриф буюрган ҳар бир шахснинг касаллик аломатларини текшириш, тана ҳарорати 37ºС ва ундан юқори бўлган ҳолатда фуқароларни алоҳидалаш ва 103 телефон рақами орқали тез тиббий ёрдамга хабар бериш;

– таҳоратхонадан фақат зарур шароитлар яратилган (бир марталик сочиқ-салфетка, антисептик воситалар, суюқ совинлар билан таъминлаш, қисқа муддатларда дезинфекция қилиш), ижтимоий масофаланиш сақланган ҳолларда фойдаланиш;

– масжидда қўл бериб ёки қучоқлашиб саломлашиш тақиқланиши;

– масжид бинолари ва ҳудудини ҳар куни дезинфекция қилиш, хоналарни шамоллатиш;

– масжид ҳудудида ҳар қандай кўринишдаги савдо-сотиқни ташкил этмаслик, ҳадя ва совғалар тарқатмаслик;

– расман рухсат берилгунга қадар жума намозлари ташкил этилмайди;

– масжид ходимлари ва кўнгилли намозхонлардан ёрдамчи гуруҳлар тузилиб, улар томонидан масжид ҳудудида карантин талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

– масжидлар фаолияти жойлардаги Санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари талабларига мувофиқ ташкил этилишини таъминлаш каби тавсиялар жорий этилади.

Барчамизга маълумки, масжидларда намоз ўқиш учун фақат “яшил ҳудуд”лардагина рухсат берилди. Кимки шундай ҳудудда экан, Яратганга шукрона қилган ҳолда намозларини масжидда адо қилар экан юқоридаги тартиб-қоидаларга риоя қилиши лозим. Акс ҳолда, Худо сақласин, бир кишининг бепарволиги ва беписандлиги минглаб кишиларга зарар етказиб қўяди. Оқибатда масжидлар фаолият ўз-ўзидан тўхтатиб турилишига тўғри келиб қолиши мумкин.

Шундай экан атрофимиздаги инсонларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатган ҳолда карантин қоидаларига риоя қилайлик. Аллоҳнинг байтларида йиғлаб дуо қилайли, шоядки инсониятнинг бошидан бу синов кўтарилса.

Одилжон домла Расулов,

Марҳамат тумани “Бозорбоши”

жоме масжиди имом-хатиби