Ислом динининг вазифаларидан бири ақлни муҳофаза қилишдир. Хамр ақлни кетказгувчи бўлгани учун ҳаром қилинган, ичиш тақиқланган. Хамр ичишнинг ўзи катта гуноҳдир. Дунё ва охират учун унинг етказадиган зарарлар сон-саноқсиз. Лекин, Ислом қоидаси бўйича, шайтонгина кечирилишдан умиди йўқ, бошқалар Аллоҳ таолонинг раҳматини умид қилсалар, ҳали имкон бор, то ўлим ҳолатига тушгунча тавба эшиклари очиқ. Хамр ичган (ёки бошқа гуноҳ содир этган) ҳар қандай шахс ўзини қўлга олиб тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади. Фақат бир шарт билан: олдин содир этган гуноҳига чин дилдан афсус чексин ва ўша гуноҳни такрорламасликка азму қарор қилсин. Ана ўшанда Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади. Инсонни маст қилувчи ҳар қандай ичимлик ҳаромдир, икки тараф бўлиб ютиш ва бой бериш шарти билан ўйналадиган ҳар қандай қимор (ўйин) ҳам ҳаромдир. Бу хусусда Аллоҳ таъоло «Бақара» сураси 219-оятида шундай мархамат қиладики:
 ۞يَسۡ‍َٔلُونَكَ عَنِ ٱلۡخَمۡرِ وَٱلۡمَيۡسِرِۖ قُلۡ فِيهِمَآ إِثۡمٞ كَبِيرٞ وَمَنَٰفِعُ لِلنَّاسِ وَإِثۡمُهُمَآ أَكۡبَرُ مِن نَّفۡعِهِمَاۗ وَيَسۡ‍َٔلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَۖ قُلِ ٱلۡعَفۡوَۗ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ ٱللَّهُ لَكُمُ ٱلۡأٓيَٰتِ لَعَلَّكُمۡ تَتَفَكَّرُونَ٢١٩
219. Сиздан хамр ва қимор ҳақида сўрашади. «Иккаласида улкан гуноҳ бор ва одамларга бироз манфаати ҳам бор, аммо гуноҳи манфаатидан каттадир», денг. Яна сиздан нималарни эҳсон қилиш ҳақида сўрашади. «Ортиқчасини», денг. Фикр юритишларингиз учун Аллоҳ оятларини шундай баён этади.
Хамр (ароқ, шароб каби маст қилувчи ичимликлар) ва қимор ҳақида Қуръони каримда бир неча оят келган. Ҳамма оятларда бу икки иллат қораланган, фақат уларни аста-секин муолажа қилиш учун илк оятларда унинг ҳаромлиги кескин қўйилмаган. Энг охири тушган Моида сурасидаги оятда буларнинг ҳаромлиги очиқ эълон қилинган ва шундан кейин мусулмонлар бу иллатдан бутунлай юз ўгиришган. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, ота-боболари маст қилувчи ичимликларни ҳаром санаб, ундан мутлқао юз ўгирган айрим кишилар мустамлакачилар ноғорасига ўйнаб, ичкилик ичишни одат қилишди. Кейинчалик эса бу бало чинакамига умуммиллий кулфатга айланди. Ҳатто, юртимизга бу балони олиб келган мустамлакачилар юртида ҳам ҳозир бу оламшумул иллатдан қандай қутилишни, ҳеч бўлмаса уни сал бўлса-да жиловлашни билолмай бошлари қотган. Динимиз ҳукмларида: «Ҳар бир ичимлик маст қилса, ҳаромдир»; «У даво эмасдир, у дарддир»; «Кўпи маст қиладиган нарсанинг ози ҳам ҳаромдир»; «Ким бу дунёда хамр ичиб, уни тарк этмай ўлиб кетса, тавба қилмаса, охиратда уни ичмайди (яъни жаннатга кирмайди)».
Динимиз таълимотида маст қилувчи ичимликлар қораланади. Ҳадисларда кўпини ичганда маст қилувчи ҳар қандай нарсанинг ози ҳам ҳаром эканлиги таъкидланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси муборакларида: “Ҳар бир кайф қилдирувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир”, – деб огоҳлантирганлар. Хамрдан мурод ақл фаолиятини тўсувчи нарса, яъни маст қилувчи ичимликдир. Бошқа бир ҳадисда эса шундай дейилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Ичкиликнинг зарарлари ва салбий оқибатлари борасида алломаларимизнинг қимматбаҳо фикрлари мавжуд. Жумладан, ибн Сино шундай деган экан: “Мунтазам ичиш зарарлидир, у жигар ва мия фаолиятини бузади, асабни бўшаштириб, асаб касаллиги ва бевақт ўлимга олиб келади”.
Алишер Навоий ҳазратлари эса маст бўлган одамни қопағон итга қиёслайдилар:
Улки, ичиб бодани паймонадин,
Маст чиқар кўйга хумхонадин,
Элга қилиб ҳамла ёмон ит киби,
Қайси ёмон ит, қопағон ит киби.
Бодаға кўргузса киши хиралиқ,
Ақл чироғига берур тиралиқ.
Юсуф хос Ҳожибнинг ушбу фикрлари эса май ичиш пасткашликка олиб келади, иллатларнинг сабабчисидир, дейди: “Ҳар қандай уят-андишали, хушфеъл, хулқи яхши кишилар ҳам май ичгудек бўлсалар, юзтубан кетиб пасткашлик қиладилар ва уриш-жанжал ва адоватнинг ҳақиқий сабабчисидир”.
Аллоҳ таъоло ҳаммаларимизни ичкилик балосидан сақласин.
Анваржон домла Ибайдуллаев
Олтинкўл тумани «Уйшин»
жоме масжиди имом хатиби
Манба: Тафсири Ирфон.