Одамлардан вақтни, умрни жуда тез ўтаётганини эътирофини кўп эшитамиз. Шундай экан, вақтни шиддат билан ўтаётганлигини билиб, кўриб туриб бизлар охиратимиз учун қанчалик зодироҳила тўпламоқдамиз? Инсон умри шунчалар қисқа экан, банда азиз умрини қандай ўтказмоғи керак? Одамлар бор, вақт ўтсинга кўчаларда ўтиради. Вақт ўтсинга телевизор тагида ағанаб ётади. Қанчаларимиз бебаҳо умримизни телефонда фойдасиз нарсалар билан исроф қилиб юбормоқдамиз. Бундай ишлар мусулмон одам учун катта фожеа ва йўқотишдир.

 Аллоҳ таолонинг инояти ила масжидларимиз яна очилиб жамоатни бағрига олди. Масжидга борар экансиз кўчаларда сабабсиз, беҳуда ўтирганларни кўриб ачинасиз. Нега умрларини исрофига куймайдилар? Тафаккур қилмайдиларми?! Вақт ва умрни тез ўтиб бораётганлигини ўзимиз эътироф этиб нега унумли фойдаланмаймиз? Нега умримизни ғанимат билмаймиз? Савобга, ибодатга шижоатимиз суст. Карантинда уйда қолиб тафаккур қилишга, яшаб ўтган умримизни сарҳисобига етарли вақтимиз бўлдику. Ўзингизга рахмингиз келсин! Умрингизни ғанимат билинг!  Аллоҳ таъоло бандаларини нафсига кўп нарса малол келишини билганлиги учун савоб олишни жуда енгил ва осон қилиб қўйган. Масалан ҳуфтон билан бомдодни масжидда ўқиган кишига кечаси билан ибодат қилган савобини ёзади. Қуйидаги ҳадиси шариф эса улкан мукофотни хабарини беради:

   عن أبي هريرة رضي الله تعالى عنه؛ أن سيدنا رسول الله صلى الله تعالى عليه و سلم قال؛ “مَنْ غَدٰا إلي الَمَسْجِدِ أوْ رٰاحَ أعَدَّاللّٰهُ لَهُ فِيْ الْجَنَّةِ نَزُلاً كُلَّمٰا غَدٰا أوْ رٰاحَ” رواه الإمامان البخاري و مسلم رحمهما الله تعالى.

Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу  анҳудан ривоят қилинади:

 “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

– Ким эрта ё кеч масжидга борса, Аллоҳ у  киши учун ҳар эрта кеч  масжидга боргани эвазига жаннатда бир зиёфат муҳайё қилади”, дедилар”.

Имом Бухорий ва Имом Муслим  ривоят қилганлар.

Қаранг-а! Ҳуфтон ва бомдодни масжидда ўқиганингиз учун  зиёфат билан эъзозлансангиз. Яна қаерда?  Жаннатда! Кимнинг меҳмони? Яратган Роббисининг меҳмони бўлиб.  Банда учун Аллоҳ таолонинг жаннатида Ўзининг меҳмони бўлишдан ортиқ саодат борми?! Нақадар юксак мақом! Бу мукофот жамоатга ҳар борганга алоҳида эрта-ю кеч зиёфат муҳайё эканлигини зикр қилмоқда. Эҳ, қанча зиёфатларни қўлдан бой берибмиз.  Шу ўринда яна бир ҳадиси шариф ёдга тушади:

“Ҳуфтон намозида нима борлигини билганингизда эди эмаклаб бўлса ҳам жамоатга келардинглар”, деганлар Набийимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги каби жаннатдаги зиёфатларни назарда тутган бўлсалар не ажаб…

Ҳа, динимиз банда учун савоблар, яхшилик ва мукофотлар сандиғидир. Илло, банда ўша ҳазина томон интилса, иншааллоҳ мукофот олажак, Ўзининг жаннатида меҳмон қилажак. Ҳулоса ўрнида шуни таъкид этамизки: Умрингизни шариат таълимотларига амал қилиб ўтказинг! Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳаётингиз мазмуни бўлмоғи керак. Бунинг учун эса ўқимоқ, маърифатли бўлишга харакат лозим. Дунёга одам бўлиб келдикми одам деган номга муносиб яшамоқ даркор.

 Аллоҳ таоло ҳар биримизга юқоридаги юксак мақомларни насиб этиб, жаннатида меҳмон бўлиш саодатини ато қилсин.

Абдурахмон домла Артиқов,

Андижон шаҳри “Уйғур”

жоме масжиди имом-хатиби