Ижтимоий тармоқларнинг салбий оқибатлари

762

Ақл неъмати билан инсонни азиз ва мукаррам қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Умматларига илм ва одобни таълим берган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуруд ва саловотлар бўлсин. Маълумки, бугунги кунда интернет ва ундаги ижтимоий тармоқлар аксарият инсонлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб қолди. Шундай экан ижтимоий тармоқдан фойдаланиш қоидалари билан бир қаторда унинг одобларини ҳам ўрганишлик талаб этилади. Бу ҳақда бир қанча китоблар ва кўплаб мақолалар ёзилган бўлиб, ижтимоий тармоқдан фойдаланишдан олдин ундан фойдаланиш одоблари борасида етарли тушунчага эга бўлишлик зарурдир. Хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали олинаётган фойдалар билан бир қаторда ундан келаётган салбий оқибатларни ҳам кўлами анча кенг эканини эътироф этишлик даркор. Юртимиз фуқароларини асрлар оша амал қилиб келинаётган миллий ва диний қадриятларга нисбатан беписандлик, бемазҳаблик, ўзи туғилиб ўсган юртига нисбатан ҳурматсизлик, оилавий ажримлар, ижтимоий тармоқда вақтни кўп ўтказиш сабабли оиласи, яқинлари ҳамда фарзандлари ҳолатларидан бохабар бўлмаслик, қимматли вақтнинг зое бўлиши, фарзанд тарбиясига масъулиятсизлик билан ёндошиш ушбу хатарлар жумласидандир. Таассуфки, мазкур хатарлар нафақат инсон ҳаётига балки, охирати учун ҳам зарарлидир.
Машҳур тобеъийнлардан бўлмий Муҳаммад ибн Сирийн роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “шаръий илм бу дин демакдир, уни кимдан олаётганингизга эътибор беринг”. Имом Нававий роҳматуллоҳи алайҳ фатво беришга лаёқатли бўлган, диёнати ошкор бўлган, маърифати аниқ билинган, бидъатлардан узоқлашиши билан машҳур бўлган инсондангина илм ўрганиш кераклигини таъкидлаганлар. Ижтимоий тармоқлар орқали ўз ғояларини тарқатишга уринаётган кимсаларнинг диёнати, холислиги, илмий савияси қай даражада, улар юртимизни ҳар тарафлама ривожланиши тарфдорми ёки аксинчами? Хилоф қилсанг таниласан қоидасига амал қилаётган мазкур кимсалар тинч-тотув яшаб келаётган инсонлар ўртасига фитна-фасод уруғини сочишдан кўзлаган мақсадлари не? Аллоҳ берган ақл билан мулоҳаза қилувчи инсон қаердан, кимдан ва қандай маълумот олмасин, албатта, текшириб кўриши ва уларга кўр-кўрона эргашмаслиги лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Исро сураси 36 оятида: “(Эй, инсон) Ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки, қулоқ, кўз, дил-ана ўшалар масъулдирлар”, дея марҳамат қилади. Яъни, ушбу аъзоларнинг ҳар бири ўзи қилган нарсадан жавобгар бўлади. Қалб фикр қилган ва эътиқод қилган нарсасидан, кўз ва қулоқ эса кўргани ва эшитганидан сўралади.
Ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, аслида кимлиги номаълум кимсалардан илм олинмайди. Балки, дину диёнати маълум, мазҳабида мустаҳкам, инсонлар тақдирига бефарқ бўлмаган юртимиздаги меҳроб соҳибларидан ҳар қанча ўргансак мақсадга мувофиқ бўлади.
Андижон шаҳар “Имом Аъзам роҳматуллоҳ алайҳ”
жоме масжиди имом хатиби Исомиддин Шамсиддинов