Ҳизбут таҳрир

790

Ҳизбут таҳрир (тўла номи “Ҳизбут таҳрир ал-исломий” – “Ислом озодлик партияси”) — норасмий сиёсийлашган диний тузилма (оқим). 1953 й.да Исроилда пайдо бўлди. Асосчиси – шайх Тақиюддин Набаҳоний (1909-1979).
Бу партия сиёсий партия бўлиб, у фикрга бош қурол сифатида суянган ҳолда исломий халифаликни қайта тиклашга чақиради. Ундан мусулмон уламоларнинг барчасининг танқидига учраган шаръий ижтиҳодлар содир бўлган.
Ташкилот вакиллари ушбу номдаги “ҳизб” сўзини Қуръондаги оятлардан фойдаланиб олганлар. “Ҳизб” сўзининг луғавий маъноси гуруҳ, партия, тобе кишилар демакдир. Умуман, номида “ҳизб” сўзи қатнашган оқимлар бу сўзни Қуръонда келгани учун ҳам фойдаланадилар. Улар ўзларини “Аллоҳнинг ҳизбимиз”, деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, “шайтоннинг ҳизби” ҳам борлигини унутиб қўядилар.
Ҳизб фиқҳга ва исломий ҳис туйғуга зид бўлган фатво ва ҳукмлар чиқарган ва ўз аъзоларига мазкур нарсаларга амал қилишни ва уларни тарқатиш учун иш олиб боришни мажбурий қилган. Уларнинг баъзилари қуйидагилар:
Шўро мажлисига мусулмон бўлмаган эркак ва аёл аъзо бўлса жоиз.
Яланғоч суратларни томоша қилиш жоиз.
Бегона аёлни шаҳват билан ёки шаҳватсиз ўпиш ва у билан қўл олиб сўрашиш мубоҳ.
Муслима аёл парик ёки шим кийса жоиз. У бу нарсани тарк қилишда эрининг гапига кирмаса, айб эмас.
Ислом давлатининг раҳбари кофир бўлиши жоиз.
Ислом давлати кофир давлатга жизя бериши жоиз.
Модомики уруш кофирларга қарши бўлса, жосус одамнинг байроғи остида кофир давлатнинг режаси бўйича уруш қилиш жоиз.
Мусулмон фазогирдан намознинг фарзлиги соқит бўлади.
Икки қутбда яшовчилардан намоз ва рўза соқит бўлади.
Ўзининг абадий маҳрамларидан бирига уйланган одамга ўн йил қамоқ жазоси берилади.
Сувайш каналига ўхшаш сув йўллари оммавий ўтиш йўллари бўлиб, улардан бирор карвоннинг ўтишини ман қилиш жоиз эмас.
Кема ва учқичга ўхшаш нақлиёт воситалари ажнабий ширкатларга мулк бўлса, уларга миниш жоиз. Аммо мазкур ширкатлар мусулмонларнинг мулки бўлса, уларга миниш ҳаром. Чунки кейингилар ақд-шартнома тузишга лойиқ эмаслар.

Ҳизбут Таҳрирнинг аҳли сунна валжамоа ҳамда мусулмонлар жумҳурига мутлақо зид бўлган бузуқ фикрлари юзлаб жозибадор фикрлар орасида оз-оздан, гўзал ибораларга ўралган ҳолда аста-секин ўқувчилар онгига сингдириб борилади.
Хулоса ўрнида бугунги кун ёшларимизга айтар гапимиз ҳозирда ижтимоий тармоқлардаги жимжимадор гапларга, алдовларга ишониб қолманг. Шундай бўлса ҳар-хил беъмани ғоялар таъсирини олди олинган бўлади.

Р.Ӯринбоев
Интернетдаги манбаълар асосида тайёрланди