ИСЛОМ-ЭНГ ПОКИЗА ДИН

816

Муқаддас Ислом динимиз поклик устига қурилган диндир. Шу сабаб ҳам ислом дини ҳар нарсадан аввало инсонни руҳий-маънавий ҳамда жисмоний покликка чақиради. Ибодатларнинг қабул бўлиши поклик асосида адо этилишига боғлиқ. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Пок бўлинглар, зеро Ислом покликдир”- деганлар.
Ислом таълимотида инсон ўзи яшайдиган гўшасини ҳам озода сақлаши, уйи ва теварак атрофида чиқиндилар йиғилиб ётишига бепарво бўлмаслиги керак. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам: “Яшаб турган жойингизни озода тутинглар”, “Йўл юзида ётган чўп ёки тошни чеккага олиб ташлаш садақа қилиш билан баробар”-деб озодаликка ҳисса қўшиш савобли иш эканини таъкидлаганлар.
Юқоридаги ҳадису шарифларга мувофиқ мўмин-мусулмон одам ҳар бир ишни покланишдан бошлайди. Теварак-атрофни озода сақлаш пайида бўлади. Бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз: “Чиқиндини ариққа супурма, сувга тупурма, ҳовли ва кўчаларга ахлат ташлама”, деб қайта-қайта тайинлашлари бежиз эмас. Илгарилари ариқ ва булоқларнинг сувидан ҳеч ҳадиксиз қониб ичардик. Иссиқ нонларни сувларда оқизоқ қилиб ердик. Ҳозир ким ҳам маҳалла, гузарлар оралаб оқиб ўтадиган ариқдан сув ича олади?. Ваҳоланки шу маҳалларда, шу кўчаларда сизу-биз мўмин-мусулмонлар яшаяпмиз. Баъзилар ҳеч тортинмай ариққа суприндини ташлашади, кир ювилса мағзавасини оқизишади. Ҳозирги кундаги ариқларимизни “очиқ канилизация” га айлантириб олганмиз.
Ҳар жойда кўз тушса, ҳижолатга соладиган бир манзара бор. Уйлардан узоқлашмасдан исталаган жойга ташлаб кетилган чиқиндиларни кўриш мумкин. Улар уй ва ҳовлилардан чиқарилган. Ўз уйларида туришини ҳоҳламаган ахлатларни кўчага инсонлар юрадиган кўчаларга олиб чиқиб қўйиб, уларга азият етказишади.
Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар: “Мени жаннатга киритадиган ишга буюринг”. Шунда жаноби Пайғамбаримиз: “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсаларни олиб ташла”, дедилар.
Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташлаш жаннатга киритадиган амал бўлса, одамлар йўлига ҳидидан ёки кўринишидан одамлар азият чекадиган нарсаларни йўл бўйларига ташлаб қўйишни қандай амал ҳисоблаймиз?!…..
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан Абу Довуд ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя салқин ерларга ахлат ташлаб лаънатга қолишдан қўрқинглар”. Демак, Ислом динида кўча, йўлга, ариқлар ва улардаги ҳар чиқинди-ахлатларни ташлаб нопок қилиш қораланар экан.
Яшаётган жойларимизнинг тоза бўлиши аввало ўзимизга боғлиқ. Фақат ҳовли ва уйларимиз эмас, қишлоқ, шаҳар ва маҳаллалар ҳам ўзимизники. Уларнинг озодалигига тозалик идоралари ходимларидан ташқари ҳар биримиз мўмин-мусулмон ва оддий фуқаро сифатида жавобгармиз, масъулмиз. Ким уйи ифлос бўлишини, чиқиндилар сочилиб ётишини истайди? Ҳеч ким! Аммо буни кўчаларимизга раво кўрамиз. Гоҳида ҳатто машинадан тушишга-да эриниб баъзи кишилар уйидан халтачаларга солиб берилган чиқиндиларни йўл четларига улоқтириб кетишади. Шу боис ҳам йўлларимиз бўйида қоғоздан тортиб ҳар хил чиқиндилар сочилиб ётади, чекка жойларда уюлиб, бадбўй хидлар тарқатади.
Маълумотларга қараганда очиқ ҳавода тўпланиб ётган чиқиндилар чириш жарёнида ҳавога атмосферанинг азон қатламини емирувчи зарарли газларни чиқаради. Айримлар тўпланган ҳазон, шох-шабба чиқиндиларни ёндириб, улардан осонгина қутулмоқчи бўлишади. Бу ҳам билиб-билмай қилинган жиноятдир. Зеро, ёндирилган чиқиндилар, айниқса елим қолдиқлари, хазон ва турли жиҳозлардан инсон ҳаётига, иқлим шароитига салбий таъсир кўрсатувчи кўплаб моддалар ажралиб чиқади ва ҳавони ўн карра , ҳатто ундан кўр миқдорда зарарлайди.
Хозирги кунда шахримиздаги муаммолардан бири чиқиндиларни чиқариш муаммосидир. Чиқиндиларни белгиланган жойга белгиланган вақтда чиқаришликка ҳар биримиз ҳаракат қилмоғимиз лозим, фарзандларимизга ҳам шу тўғрисида тушунтириш ишларини уларнинг ёшликларидан олиб боришимиз керак.
Ўтган аждодларимиз бу борада ҳам бизларга юксак намуна мактабини намоён қилишган. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари кечалари туриб йўл устидаги инсону ҳайвонларга зарар берадиган нарсаларни олиб ташлаб, тозалар эканлар. Мана шу ишлари учун Аллоҳ таоло у кишига авлиёлик мартабасини насиб қилган бўлса не ажаб.
Қабристонларга зиёратга чиққанимизда ҳам дуо ва тиловатлар билан бир қаторда қабристонларни озодалигига ҳам эътибор беришимиз керак. Қабрлар устидага қуриган ҳас чўпларни олиб ташлаш керак, кўкариб турган нарсаларга эса шариатимиз кўрсатмасига асосан тегмаслик керак, чунки кўкариб турган гиёҳлар тасбеҳ айтишлари ва уларнинг тасбеҳларидан қабрларда ётганлар манфаатдор бўлишлари тўғрисида хабарлар бор.
Азиз ҳамюртлар барчаларимиз покликка эътиборли бўлайлик! Яшаб турган манзилу маконларимизни тозалигига маҳалла ва кўчаларимизни тозалигига беэътибор бўлмайлик!
Хонобод шаҳар бош имом хатиби:
М.Рахимов