ИСЛОМ ДИНИДА КИЙИНИШ МАДАНИЯТИ !

1136

Инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир. Қайси инсонда уят, ҳаё, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўз обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзитмайдиган ҳолатда кийинади. Зотан, азалдан халқимизда “Ҳаё ва ибонинг ташқи кўриниши – кийимдур”, мазмунидаги ҳикмат бор. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ шогирдларини виқорли, салобатли кийинишга ундар эдилар. Чунки бу ишда илмни ва илм аҳлини ҳурмат қилиш бор. Инсон кийим танлаш борасида миллий-диний қадриятлари чегарасида тургани яхши. Кийиниш маданияти инсоннинг диди қандай эканини кўрсатади. Ҳазрат Мир Алишер Навоий бир байтларида:
Яхши суҳан жонга оройиш, Яхши либос танга оройиш,
деб ҳикматли насиҳат берадилар.
Либос бу – Аллоҳнинг Ўз бандаларига ато этган тенгсиз неъматларидан бири десак муболаға қилмаган бўламиз. У инсонни иссиқ-совуқдан сақлайди, авратларини беркитади ва кишига зийнат бўлиб хизмат қилади.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади “Эй Одам болалари, дарҳақиқат, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан либосини ҳам нозил қилдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир” (Аъроф сураси: 26-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга авратларини беркитадиган ҳамда уларга зийнат бўладиган ҳар турли либосларни яратиб бергани, уларга бу нарсаларни бичиш, тикиш ва тайёрлаш учун имкон берганини “нозил қилдик” деган сўз билан эслатар экан, авратларни мазкур либослар ила тўсишга амр этмоқда.
Аврат ўринлари эркакларда киндикдан тиззагача бўлган жойни ўз ичига олади. Демак, мазкур жойларни беркитиш вожибдир. Имом Аҳмад ўзларининг “Муснад” номли ҳадис тўпламларида ривоят қилишларича, Жарҳад исмли саҳобий сонини очиб турган пайтда Набий алайҳиссалом унинг ёнидан ўтиб қолдилар ва “Эй Жарҳад, сонингни ёп(!), зеро, сон авратдир”, дедилар.
Мазкур ҳадиси шарифни ҳужжат қилиб аксар уламолар, жумладан, Ҳанафий мазҳаби уламолари сон авратдир, дейдилар. Шундай экан, киши энг камида ўзгаларга баданининг мазкур жойларини очиқ ҳолда кўрсатмаслиги лозим. Акс ҳолда гуноҳкор бўлади.
Ислом дини мукаммал шариат бўлгач, унда барча нарсанинг одоби ва маданияти муфассал тарзда баён қилиб берилган. Шу жумладан динимиз таълимотида кийиниш маданиятининг ҳам ўзига хос одоблари мавжуд бўлиб, қуйида улар ҳақида қисқача сўз юритамиз.
1. Либос инсоннинг терисини кўрсатадиган даражада юпқа ва шаффоф бўлмаслиги лозим.
2. Тор бўлмаслиги. Баъзи либослар терини кўрсатадиган даражада юпқа бўлмасада аммо, аврат ерларининг шаклини кўрсатиб қўядиган даражада тор бўлади. Бу ҳам мумкин эмас.
3. Эркак киши кийинишда ўзини аёлларга ўхшатиб олмаслиги ёки аксинча, аёл эркакча кийинмаслиги лозим. Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Саҳиҳ” тўпламларида Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (кийинишда) ўзини аёлларга ўхшатадиган эркакларни ва эркакларга ўхшаб кийинадиган аёлларни лаънатладилар”.
4. Кийим олишда ҳаддан ошмаслик, одамлардан ажралиб туриш учун ўта қиммат либосни харид қилмаслик. Имом Аҳмад ўз “Муснад”ларида Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кимки, дунёда шуҳрат либосини кийса, Қиёмат кунида Аллоҳ унга хорлик либосини кийгазади”. Демак, мусулмон киши одамларга кибру ҳаво қилиш, ўзини улардан юқори тутиш ёхуд шуҳрат қозониш учун кийинмаслиги лозим. Чунки, бу нарса уни кибру ҳавога берилиб, ўзидан мамнун бўлишга етаклайди. Бу эса маънавий иллатлар сирасига кирувчи зарарли хислатлардан биридир.
5. Эркакларга тилла тақинчоқлар ва ипак либосларнинг ҳаромлиги. Имом Абу Довуд ўзларининг “Сунан” номли ҳадис тўпламларида Али (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишларича, бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ипак матони олиб ўнг томонларига қўйдилар, тиллани олиб чап томонларига қўйдилар. Сўнг: “Мана бу икки нарса умматимнинг эркакларига ҳаромдир!”, дедилар.
6. Либос кийишда ўнг томондан кийиш суннатдир. Оиша онамиз (разияллоҳуанҳо) айтадилар: “Набий алайҳиссаломга покланишда (яъни, таҳорат ва ювинишларда), соч тарашда ва оёқ кийим кийишда ўнг томондан бошлаш ёқар эди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бу ҳадисда фақат пояфзал кийиш зикр қилинган бўлсада, ҳадисда тилга олинган суннат бўлмиш ўнг томондан бошлаш бошқа турдаги либосларни кийишга ҳам тааллуқли ҳисобланади.
Уламоларнинг таъкидлашларича, овқатланиш, кийиниш ва ҳоказолар каби инсоннинг каромати ва обрўсига далолат қиладиган ишларда ўнг қўлни ишлатиш ёки ўнг томондан бошлаш мустаҳабдир. Истинжо каби паст ишларда эса чап қўлни ишлатиш лозим. Чунки, ўнг қўл олий ишлар учун, чап қўл эса юқорида айтилганидек, зарурат бўлган аммо, ўзи паст нарсалардан саналувчи ишлар учундир.
7. Оқ рангдаги либосларнинг афзаллиги. Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом шундай деганлар: “Кийимларингиздан оқ ранглисини кийинглар, зеро, у либосларингизнинг энг яхшисидир. Ва маййитларингизни ҳам унга (яъни оқ рангли матога) кафанланг!” (Абу Довуд ривояти).
8. Кийимларни пок тутиш лозимлиги. Ислом дини поклик динидир. Бу поклик маънавий ва моддий покизаликни тақозо этади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Муддассир сурасида Набий алайҳиссаломга қарата ва у киши орқали бутун инсониятга хитоб қилар экан: “Кийимларингни пок тут!”, – деган. Демак, либос покизалиги мусулмон кишининг ҳаётида ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Шу боис ҳам намознинг шартларидан бири либоснинг поклигидир. Ундан ташқари поклик ва орасталик иймондан эканлигига далолат қилувчи бир қанча ривоятлар ҳам келган.
9. Кийим кийишда айрим дуоларни ўқишнинг савобли эканлиги. Мусулмон киши аксар вақтда Аллоҳни зикр қилади, Уни ёдга олади. Бу нарса унинг қалби покланиб, ярақлашига, руҳан юксалишига ва гуноҳлари ўчирилиб, даражалари ошишига сабаб бўлади. Набий алайҳиссалом кўп ҳолларда Аллоҳни зикр қилардилар, уйга киришда, чиқишда, уйқуга ётишда, уйқудан туришда, таомланиш олдидан, таомдан сўнг ва ҳоказо. Шу жумладан, либос кийишда ҳам айтиш савобли ва мустаҳаб бўлган баъзи бир зикру дуолар борки, уларнинг айримларини мисол тариқасида келтирамиз. “Алҳамду лиллаҳиллазий касааний ҳаза ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний валаа қувваҳ”. Яъни, “Барча ҳамду санолар менинг ўзимда ҳеч қандай куч-қудрат ва имконият бўлмаган ҳолда бу либосни менга кийдирган ва ризқ қилиб берган Аллоҳга хосдир”.
10. Инсоннинг устида яъни либосида Аллоҳ неъматининг асари кўриниб туриши. Агар кимгадир Аллоҳ кенгчилик ва давлат ато этган бўлса, у инсон ўзининг имконияти ва мақомига мос равишда яхши кийимлардан кийиши, ташқи кўринишига эътибор бериши, покиза ва ораста кийиниши мақсадга мувофиқдир. Зеро, Аллоҳ таоло бирон кимсага неъмат ато этган бўлса, ўша инсонда мазкур неъматнинг асари ва аломати кўриниб туришини яхши кўради. Абул Аҳвас номли саҳобий ўз отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига паст (эскириб кетган, увада) кийимларда келдим. Шунда у киши менга “Сенинг мол-давлатинг борми?”, дедилар. Мен: “Бор!”, дедим. “Нималаринг бор?”, дедилар яна Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Мен: “Аллоҳ менга туя, қўй ва отлар ҳамда қуллар ато қилган”, дедим. Буни эшитгач, Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ сенга мол-дунё ато қилган бўлса, Унинг сенга берган неъмати ва икромининг асари кўриниб турсин!”, дедилар (Абу Довуд ривояти).
Ёшларимизнинг мода кетидан кўр-кўрона қувишлари ва янги чиққан тор, очиқ, калта либосларни мода дея эътироф этишлари ва бу турдаги кийимлар албатта кийилиши керак деб фикрлашлари айни хақиқат. Бу кийимларнинг ўзбекона маданиятимизга менталитетимизга хос эмаслиги ҳақида эса ўйлаб кўришмаяпти. Афсуски мен бугунги йигит – қизларимизнинг кийиниш маданияти ҳақида ижобий фикр билдири олмайман. Чунки бугун кўча куйда, Европага тақлид қилиб кийинаётган ёшларимизда миллийлигимиз акс этган кийимлар тоборо камайиб бормоқда. Аслида кийиниш маданияти хам ўзбекона маданиятимизнинг ажралмас қисмидир. Бу масаланинг жиддий томони шундаки юзага келаётган ушбу муаммо бугунги куннинг мухим долзарб мавзусига айланди. Кўпчилик ёшларимиз Европа услубида кийинмасликни замондан ортда қолиш деб хисоблашмоқда. Бу фикрнинг мутлақо нотўғри эканлиги ҳақида фикр юритишмаяпти.
Европа модаси деб урф бўлган бемани кийимларни кийиб ўзини бугуннинг замонавий ёшлари деб хисоблайдиган хар бир йигит қиз қаттиқ адашади ва аксинча улар ўзларининг маънавияти тафаккури ва дунё қараши қанчалик саёз эканлигини “замонавий” либослари орқали намоён этишмоқда. Аслида инсоннинг маданиятга хос кийиниш услуби унинг маънавий олами қанчалик бой эканлигини намоён этувчи мухим омил хисобланади. Шу ўринда бир хақиқатни айтиш ўринли деб биламан. Йигит қизларимизнинг кийиниш маданиятида ота-оналарнинг алоҳида ўрни бор. Танасига ёпишиб турувчи ёки калта ва очиқ кийимларни ўз қизларига олиб бераётган айрим ота-оналар бунинг салбий оқибатларга олиб келишини билишармикан. Афсуски ота-оналар орасида қизларининг кийинишига бефарқ қарайдиганлар талайгина.
Кийиниш борасида нафақат қизларимиз балки йигитларимиз ҳам тобора “замонавийлашиб” боришяпти. Ҳар хил бемани ёзув ва расмлар туширилган футболка, калта шим ва шиппакларда кўчани тўлдириб юришгани айни ҳақиқат. Сигарет чекаётган одамнинг сурати туширилган ёки скелет расми солинган футболкаларни кийишга иштиёқманд ўзбек йигитларимизнинг бу ишлари ўзбекона маданиятимизга тўғри келмаслигини англай олишмаяпти. Тасаввур қилиб кўринг калта шим ёки футболка кийиб олган ота ёки тор ва очиқ либосга бурканган она ўз фарзандига ибрат бўлиш ўрнига шу муҳитда улғайиши учун замин яратаётгандек гўё. Ҳақиқатки бундай ота-оналар баъзи-баъзида учраб турибди.
Бунинг устига, кийим-бош инсоннинг доимий ҳамроҳи бўлгани учун, унга таъсир қилиши турган гап. Мисол келтирадиган бўлсак, аскарларга ўзига хос кийим кийдириш ҳамма халқларда қадимдан одат бўлиб келган. Бу аввало, аскарларга ўз вазифасини адо этишда қулайлик туғдирса, иккинчидан, махсус кийим уларга таъсир қилиб, аскарлик руҳини тутиб туришда, кучайтиришда иш беради.
Инсонларнинг бошқалар ҳузурида авратни кўрсатиб юриш инсон эҳтиромига ва жамоатчилик одобига зид бўлган ишлардан бўлиб, бу иш жамият аъзолари ичида фасод тарқалишига сабаб бўлади. Инсоннинг кийиниш маданиятига риоя қилиши ўзи учун обрў ва мартабалиги, гўзаллик ва зийнатлиги, жамиятнинг бошқа аъзоларини эса ҳурматлаш экани тушунтирилади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Эй Одам болалари! Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини тушурдик” (Аъроф сураси, 26-оят).
Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири ҳам либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарурияти киши авратини ўзгалардан пинҳон тутишидадир.
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида фуқароларнинг (диний ташкилотлар хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат кийимларида юришларига йўл қўйилмайди”, деб қайд этилган. Дарҳақиқат либос — инсон кўрки, кийинишнинг ҳам ўзига яраша меъёрлари бор. Шу боис таълим муассасаларида кийиниш маданияти, диний ва мавсумий либосларнинг бир-биридан фарқли жиҳатлари, тор, узун пошна, калта, очиқ кийимларда юришнинг ёшлар саломатлиги ва хулқ-атворига таъсири ҳақида қайғуриш лозим. Кўча–куйда, таълим муассасаларида ва турли мажлисларда ётоқда кийиладиган бош кийимлари (латта дўппилар), яктаклар ёки юпқа ва калта иштон кабиларни кийиб юриш ҳолатларига гувоҳ бўламиз. Аслида, ҳар бир мажлис ва ҳар бир жойнинг ўзига яраша кийиниш маданияти бўлганидек, ётоққа хос кийимлар мавжуд, уни бошқа жойларда кийиш маданиятсизлик бўлади. Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, бизнинг барча миллий кийимларимиз нафақат маънавиятимизни, балки баданимиз, аъзоларимизни ва саломатлигимизни ҳар жиҳатдан муҳофаза қилади. Ёки дўппиларни олайлик. Ҳар вилоятнинг ўзига хос дўпписи бўлиб, уларга солинган нақшлар олам-олам маъно, диний ва миллий қадрият ҳикматларини ифодалайди.
Либоснинг кенглиги борасида ўртачалик – меъёрга риоя қилиниши керак. Аъзолар сиқиладиган даражада тор, жисмга ноқулайлик келтирадиган ва ҳаракатланишга халал берадиган даражада кенг бўлмаслиги лозим. Ниҳоятда тор кийимлар организмнинг қон айланиш тизими бузилишига олиб келади. Эркаклар ички кийимларининг жуда торлиги аянчли ҳолатлар келтириб чиқариши аниқланган.
Кийим кишининг жисмига мос равишда, эркин ҳаракатланишга имкон берадиган қилиб тикилган бўлиши шарт. Ниҳоятда калта ёки кичик ва зиёда даражада узун бўлиши яхши эмас. Чунки бундай кийимларнинг тезда сийқаси чиқиб, эскиради. Натижада, ярашмай қолади, ҳатто кайфиятга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бошқа соҳаларда бўлгани каби, кийиниш борасида ҳам инсон аввало ҳалол-ҳаромга эътибор бериши лозим бўлади. Унинг киядиган кийими ҳалол касб билан топилган бўлиши ва уни кийиш шаръан ҳаром бўлмаслиги керак.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кийимнинг ораста, бежирим, камтаргина бўлишини тарғиб қилдилар. Эркакларни ҳарир, шойи, парча каби матолар, тилла каби матоҳлардан фойдаланишдан қайтарганлар.
Уламолардан бири кийиниш борасида шундай деган экан: “Кийим кийишда аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва шариат билимдонлари айбламайдиган кийимни кий”.
Алишер Навоий “Маҳбубул-қулуб” асарида бундай ёзган: “Эркакларининг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши хотинларнинг оройиш учун безанишлари кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир”.
Ҳозирги пайтда айрим қиз-жувонлар ўртасида урф бўлганидай енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини “кўз-кўз” қилиб турувчи тор ва юпқа-харир кўйлаклар, энг ачинарлиси кўкрак, киндик ва болдирларини очиб, ҳаммага намойиш қилиб юришлар одобимизга мутлақо зиддир. Баъзи ёшларнинг чет эл урф одатларига кўр-кўрона тақлид қилиб, тор ва очиқ юпка кийимларни кийиб, ярим ёлонғоч ҳолатда баданларини реклама қилиш орқали “Оммавий маданият”нинг жирканч унсурларини тарқатаётганликлари ачинарли ҳолат. Шу билан бирга айрим динга мутассиблик билан амал қилувчи инсонлар шариат белгилаб берган чегаралардан ошиб, ҳеч қаери кўринмайдиган қилиб, қоп-қора кийимларни кийиб олишиб, бу билан инсонларнинг ўртасида ўзларини динга энг тўғри амал қилувчилар, бошқаларни эса нотўғри йўлда юрганлигини даъво қилишлари, айрим ҳолатларда ушбу кийимлари орасига портловчи мосламалар ўрнатиб тинч аҳоли орасида портлатиш ҳолатларининг учраётганлиги ҳам ачинарли ҳолатдир. Бу ҳол юксак инсоний шарафни ерга уриш бўлиб, кўп асрлар давомида муқаддас Ислом динига амал қилиб, бутун дунёга илм зиёсини таратиб келган ота-боболаримиз ва уларни дунёга келтириб тарбия қилган момоларимиздан ҳар бир соҳада, жумладан кийиниш борасида ҳам улардан ўрнак олишиб, уларга муносиб авлод бўлишга ҳаракат қилмоғимиз зарурдир.
Кийинишига қараб, одамнинг ички дунёси ва маънавиятига баҳо бериш барча халқларда ҳам бор гап. Аждодларимиздан мерос – кийиниш маданияти ўзлигимизни англатишини, асрлар шиддатига дош берган иродамизни, сабру-қаноатимизни, пок умидларимизни ифода этишини унутмайлик. Миллий кийимлар ва безак турлари тарихимиз давомида шаклланган бўлса-да, кейинги пайтда турли ўзгаришларга юз тутаётгани сир эмас. Бу ҳол табиий. Лекин ўзгаришларни, янгиликларни оқилона қабул қилиш керак. Миллийлик инсон ботинида ҳам, зоҳирида ҳам сақланиб қолмоғи жуда муҳимдир.
Эркак ҳам, аёл ҳам кийинишда, юриш-туришда ҳамиша ҳаёли бўлиши, иффатини асраши лозим. Жаҳон афкор оммаси наздида ҳурмат-эҳтиромга эга бу халқ – ўз миллий-диний қадриятларини йўқотмаган, уларни ҳимоя қила олган ва мумкин бўлса, замон талабларига мос равишда ривожлантирилган либослар ва бошқа санъат турларига эга халқдир.
Либос замон ва миллий қадриятлар талабларига жавоб берсин. Илм-фан, спорт ва бошқа соҳалардаги ютуқларимиз билан фахрланганимиз каби, миллий кийимларимиз билан ҳам ифтихор туйишимиз керак. Зеро, миллий либосларимиз миллатимизга ҳурмат ва муҳаббатни билдиради.
Фарзандларининг қандай кийинишига, энг аввало, уларнинг ота-оналари эътиборли бўлиши лозим. Устоз ва мураббийларимиз ёшларга ҳар жиҳатдан намуна бўлишлари керак. Жумладан, кийиниш борасида ҳам.
Биз инсонийлик ва маънавият бобида дунёга танилган улуғ зотларнинг авлодларимиз. Аллома Фаридиддин Аттор айтганларидек, навниҳол ўғил-қизларимиз хатолардан ўзларини узоқроқ тутсалар, оилалари обрўси учун ҳам, мамлакатимиз шаъни учун ҳам фойдадан холи бўлмайди. Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган, миллий қадриятлар даражасига кўтарилган кийиниш одобига доир ажойиб удумлари борки, бугунги авлод вакиллари уларни ҳар қанча ўрганса, ибрат олса, арзийди.
Энг аввало ота она ўз фарзандини кийинишига эътибор бериши, доимий назорат қилиши зарур. Шундагина юқорида келтирилган муаммолар ва салбий фикрлар юзага келмайди. Истардимки қизларимиз ибо ҳаёда барчага намуна бўлиб, йигитларимиз ҳақиқий ўзбек ўғлони сифатида қолишса ва кийиниш маданияти хам миллийлигимизни ўзида мужассам этган энг муҳим омил эканлигини ёдда сақлашса нур устига аъло нур бўлади

Жалақудуқ туман бош
имом хатиби А.Мамасидиқов.