ИНТЕРНЕТДАГИ ТАҲДИДЛАР

1098

Бугунги кунда дунёда интернетга бўлган эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда. Бунинг оқибатида ахборот ва коммуникация соҳасида улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Сўнгги 50 йилда ахборот узатиш тармоғининг иши 300минг марта тезлашди. Нарх эса минг баробар арзонлашди. Ушбу ҳодиса ер юзида улкан ахборот макони-халқаро интернет тармоғи юзага келишига омил бўлди.
Интернет оммавий коммуникация таъсирини энг баланд поғонага кўтарди. Веб-сайтларга жойлаштирилган биргина маълумотни яшин тезлигида дунё бўйлаб тарқатиш имконини яратди.
Ҳозирги кунда интернет айрим “шахслар” учун ғоявий қуролга айланаётгани масаланинг энг муаммоли жиҳатидир. Яқин ўтмишда бирор давлатни забт этиш учун қурол, танк ва шу каби воситалардан фойдаланилган бўлса, ҳозир бундай қуролларнинг аҳамияти пасайиб боряпти. Буларнинг ўрнини оммавий ахборот воситалари, айниқса,интернет эгаллаяпти. Шундан билса бўладики, ҳозир бирор халқни ёки мамлакатни тобе қилиш учун, ўша мамлакат ёшларининг онгини забт этиш кифоядир. Ушбу фикрнинг исботи сифатида Яқин Шарқ ва араб ўлкаларида ёки Европанинг айрим ҳудудларида бўлаётган нотинчликларни айтиш мумкин.
Ҳозирги таҳликали даврда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар ёш авлоднинг ҳар бирига таъсир ўтказмоқда. Кейинги пайтларда интернет орқали бузғунчиликка чақирувчилар, глобал тармоқдан қабиҳ мақсадларда фойдаланувчилар кўпайиб бормоқда.
Дунё ахборот тармоғига кираётган ёшлар сони соат сайин ортиб бормоқда. Мутахассиларнинг маълумотларига қараганда, Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 2008йилда 2 миллион бўлган бўлса, 2015йилга келиб, 10 миллиондан ошиб кетганлигини ва бугунга келиб ушбу сон янада ошганлигини айтишмоқда. Уларнинг аксарияти ёшлар эканлигини қайд этиш лозим. Асосий масала интернетдан ким қандай фойдаланишида. Ҳозир ёш болалар ҳам компъютерни бемалол ишлата олади. Бир қарашда, бунинг ёмон жойи йўқдай кўринади. Аммо ҳаддан ошилса, назорат қилинмаса оқибати аянчли бўлади.
Афсуски, интернет тармоғи бузғунчилар ва учинчи кучларнинг асосий қуролига айланиб улгурди. Ушбу қурол нафақат юртимизга, балки фарзандларимизнинг чўнтагига ҳам кириб улгурган. Учинчи кучлар минлаб километр узоқликда туриб айрим ҳали оқ-қорани танишга улгурмаган ғўр ёшларни қўғирчоқдек ўйнатмоқда. Шунинг учун ҳам ахборот хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш долзарб вазифага айланди.
Юрт келажаги, инсон бахти учун қайғурар эканмиз, ёшлар тарбиясини издан чиқарувчи ёт таъсирлардан ёшларни ҳимоялаш, интернетдаги ахборот тахдидларига қарши тура оладиган маънавий куч ҳосил қилиш-бугун биз учун сув ва ҳаводек зарурдир.
Интернетни чеклаш, ёпиб қўйиш ёки таъқиқлаш билан муаммо ҳал бўлмайди. Ёшларга миллий ва диний ўгитлар асосида гўзал тарбия бериш орқалигина муаммога ечим топиш мумкин. Шунингдек, ёш авлодни интернетдаги динни ниқоб қилиб олган турли таҳдидлардан ҳимоялашда қуйидаги вазифаларни алоҳида таъкидлаймиз:
Биринчи, ғаразли мақсадини амалга оширишда ҳеч нарсадан тап тортмайдиган “шахслар”нинг қилмишларига, ҳатто уларни Аллоҳнинг каломи ва Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ҳадиси шарифларини ҳам ўзини эгри йўлларига мослаб талқин қилишдек қабиҳ ишларига алданиб қолмаслик зарур. Бунда Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг: “Ким менинг номимдан қасддан ёлғон гапирса, ўзига дўзахдан жой ҳозирлаб олаверсин” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Яъни нопок кимсалар мунофиқнинг ишини қилади ва ўзларни тақводор кўрсатиб, пуч даъвосини “Аллоҳ шоҳид”, деб исботлашга уринади. Ҳолбуки, улар ашаддий хусуматчилар бўлиб, ноҳақлик билан ботил нарсаларни эгаллашга уринишади.
Иккинчиси, ёшларда турли ҳил хабарларни таҳлил қила билиш, моҳиятига етиш малакасини ҳосил қилиш. Зеро ҳар қандай хабар ҳам тўғри ва холис бўлавермайди. Ҳар бир маълумотни текшириш тўғрисида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб текшириб кўрингиз!” (Ҳужурот сураси 6-ояти).
Учинчиси, дин душманларининг Ислом равнақи ва юрт ободлигини ғаразли талқин қилиб, ўзларининг ботил ақидаларини ва пуч ғояларини турли сайтлар орқали жозибали қилиб кўрсатиш билан инсонларни гумроҳ қилиш пайида бўлаётганини чуқр англашимиз даркор. Шунингдек, улар танлаган ушбу залолат йўллари ва мақсадлари нимаси билан эътиқод учун хавфли эканини ёки бугунги тинчликка раҳна солишини билиб олишлари зарур. Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади: “Яхшилик йўлида ҳамкорлик қилингиз. Гуноҳ ва адоват йўлида ҳамкорлик қилмангиз” (Моида 2-ояти)
Тўртинчиси, ёшларда ботил фикр ва таълимотларга қарши раддия бера олиш қобилиятини шакллантириш. Бунинг учун Аҳли Сунна вал-Жамоа ҳақлигини ва ҳанафийлик мўътадил мазҳаб эканини билиб олишлари лозим бўлади.
Бешинчиси, “оломонча маданият” таҳдидларидан сақланиш. Бунда диний-миллий ўгитлардан фойдаланиш айни муддао. Жумладан, Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, “Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васаллам менга: “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил”,дедилар”-дедилар. (Имом Термизий ривояти).
Олтинчиси, интернет сайтлари орқали қарама-қаршиликларни юзага келтириш, кишилар орасига фитна-нифоқ солиш улкан гуноҳ эканлигини ҳар томонлама тушуниб олиш керак. Инсонлар орасида қасддан зиддият ва низо чиқишига сабабчи бўлиш одам ўлдиришдан-да оғир, катта гуноҳ эканини англаш лозим. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир…” (Бақара сураси 191-оят)-деб очиқ айтиб қўйилган.
Хулоса қилиб айтганда, интернет икки тарафлама-ҳам яхшиликка, ҳам ёмонликка хизмат қилиши мумкин. Ёшларимизнинг вазифаси унинг имкониятларидан оқилона фойдаланиш, ёмонлигидан эҳтиёт бўлиб сақланишлари лозим.
Ёшларимизни онгини чалғитиш учун катта курашлар кечаётган глобаллашув даврида юксак маънавият, одоб-ахлоқ масаласига эътиборимизни кучайтришимиз энг долзарб вазифамиздир. Ушбу жараёнда, айниқса, ёшларни эътибордан четда қолдирмаслигимиз лозим. Вақт, имконият бой берилса, кейин кеч бўлиши аниқ.
Виртуал оламда бузғунчи кучлар тарғиб этаётган ғаразли даъватлар таъсирига қарши курашда юксак диний-миллий қадриятлар-диёнат, поклик, ҳалоллик, одамийлик, ҳаё ва иффат каби фазилатларнинг ўрни беқиёс албатта.

Хонобод шаҳар бош имом хатиби: М.Рахимов