Инсонлар ўртасини боғла!

1012

Барча инсонларга бирдек яхшилик қилиш, мурувват кўрсатиш, меҳр-оқибатли бўлиш ва ўзаро келиша олмай қолган инсонлар ўртасини ислоҳ қилиш инсоний фазилатдир. Бу тўғрида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб:
“Албатта, мўминлар ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот, 10).
Яна бир ояти каримада:
“Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз (Нисо, 114), деб марҳамат қилинган.
Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча нияти ва амали Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат каби бўлади. Шунинг учун ҳам мусулмон кишига яхшилик эшиклари доимо очиқ. У Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва марҳамати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади. Ана шундай савоб ишлардан бири инсонлар ўртасини ислоҳ қилишдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шуни алоҳида таъкидлайдиларки, ислом дини инсонга, унинг дунё ва охират ҳаётига доир барча ишларни ислоҳ этиш ва тартибга солиш учун келган бўлиб, дин ва дунё, ижтимоий ва руҳий ҳаёт ўртасини асло ажратмайди.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этиш садақадир. Бир кишининг уловига минишига ёрдам бериш ва юкини уловига юклаб бериш садақадир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтиш садақадир. Намоз сари босган ҳар бир қадами баробарида садақа бор ва одамларга азият берадиган нарсаларни йўлдан олиб қўйиш садақадир”, дедилар
(Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Садақанинг афзали келишолмай қолганларнинг ўртасини ислоҳ қилишдир”, дедилар (Абу Довуд ривояти).
Инсонлар ўзаро аҳил-иноқ яшашлари ва бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлишлари жамият фаровонлигидандир. Ҳатто ўзаро келишмовчилик, адоват, гина-кудурат оқибати ёмонлиги сабабли муқаддас динимизда инсонлар орасини ислоҳ этиш баъзи нафл ибодатлардан афзал эканлиги баёни келади.
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга (нафл) рўза, (нафл) намоз, садақа даражасидан афзал ишни хабарини берайми?” Саҳобалар: “Ҳа, ё Расулаллоҳ!” дедилар. Шунда у зот: “Келишолмай қолганларнинг орасини ислоҳ қилиш. Чунки, келишмовчиликнинг фасоди “қирувчидир” (худди сартарош сочни қириб олганидек)”, дедилар (Баззор ривояти).
Бу дунёда ҳар бир инсон яхши амалларни қилишга ошиқмоғи лозим. Шунда дунёдаги қилган ишимиз эвазига охиратда улкан ажр-савоблар соҳибига айланамиз.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Айюб Ансорийга “Сени бир тижоратга далолат қилайми?” дедилар. У “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонлар ўртасини боғла ва уларни бир-бирига яқин қил”, дедилар
(Табароний ривояти). Инсонлар ўртасини ислоҳ қилиш шу даражада муҳимлигини қарангки, бу иш сабабли бандачиликда қилган баъзи гуноҳларимизга каффорат бўлар экан. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким инсонлар ўртасини ислоҳ қилса, Аллоҳ унинг ишини ислоҳ қилади ва улар учун айтган ҳар бир сўзига бир қул озод қилганлик савобини беради, у улар олдидан гуноҳларидан кечирилган ҳолатда қайтади”, дедилар

(Асбаҳоний ривояти).
Демак, мусулмон киши бу амалларни қилиш орқали улуғ савобларга эришиши билан ўзи яшаётган жамият фаровонлиги, саодати йўлида хайрли ишларни адо этган бўлар экан.
Аллоҳ барчамизни ўзимиз яшаётган жамият фаровонлиги йўлида хайрли ишларни қилишга муваффақ айласин!

Орипов Шохимардон

Улуғнор тумани
“Овулмат”

масжиди имом-хатиби