Имом-хатиблар ўзлари таълим олган мактабларда

904

Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликни тарғиб қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинган эди.

Йиғилишда юртбошимиз аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига тўхталар экан, “Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади”, деб таъкидлаган эдилар.

Ҳақиқатдан ҳам, ўсиб-униб келаётган йигит-қизлар жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, маълум бир ютуқларга эришган кишиларга ҳавас қилади, уларга ўхшашга интилади, ортидан эргашади. Улар томонидан совға қилинган китоблар албатта ўқилади, асраб-авайланади, қадрли совға саналади.

Президентимиз ташаббуси ўлароқ куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам ўзлари таълим олган Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтига ўзларининг шахсий кутубхоналаридан бир қанча китоблар совға қилдилар.

Ушбу ишларнинг давомийлиги сифатида Андижон вилоятида фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар ҳам ташаббус билан чиқиб, ўзлари таълим олган даргоҳларга ташриф буюришмоқда.

Мактаблардаги учрашувларда ўзлари таълим олган даврларни эсга олишиб, мактаб кутубхоналарига китоблар совға қилмоқдалар.

Имом-хатиблар томонидан ўзлари таълим олган мактабларга тақдим қилаётган китобларни ўқувчилар мутолаа қилиб, янада чуқур билим олиши, дунёқарашини кенгайтириши, маънавиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади деган умидидамиз. Инсоннинг маънавий улғайишида китоб муҳим аҳамият касб этади. Фарзандларимиз қалбида китобга нисбатан меҳр-муҳаббатни янада кучайтириш, уларда мутолаага бўлган иштиёқни оширишимиз лозим.

ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги ходими Н.Қодиров