Ҳимматли хонимлар…

1474

Олимлар султони номини олган ал-Изз ибн Абдуссалом раҳматуллоҳи алайҳ Дамашқда яшаб турганида озиқ-овқатда қимматчилик бошланди. Ҳатто, гўзал боғлар арзимаган пулга сотила бошланди.

Ибн Абдуссаломга аёли тилла тақинчоқларини бериб, айтди:

-Бунинг пулига боғ сотиб олсангиз. Ёзни ўша ерда ўтказар эдик.

Ибн Абдуссалом тиллоларни олиб, сотиб, пулини камбағалларга садақа қилиб юборди.

Аёли сўради:

-Жанобим, боғ сотиб олдингизми?

Ибн Абдуссалом жавоб қилди:

-Ҳа, жаннатдан бир боғ сотиб олдим. Одамларни қийналаётганларини кўриб, пулни ўшаларга садақа қилиб юбордим.

Аёл:

-Аллоҳ сизни яхши мукофатлар ила сийласин, деди.

Табақотуш шофеъийя 214.

Тилак…

Оқила, итоатли, ибодатли, тадбирли… хонимларларга шарафлар бўлсин!

Аллоҳ таоло ҳар бирларимизни ҳимматимизни баланд айласин.

Абдулмажид Эргашев,
Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжиди имом-ноиби