Инсоният тарихига назар солсак, ҳаётини, низомини илм-маърифат асосида ривожлантирган жамиятларнинг барқарор ва фаровон яшаганига гувоҳ бўламиз. Бугунги кунимизда ҳам илмий интеллект асосида тараққий топиб, дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторида ўрин олган давлатлар талайгина.

Бизнинг халқимиз ҳам қадимдан маърифатга ошно ва дунё тамаддунига мислсиз ҳисса қўшган уламоларни тарбиялаб чиқарган халқдир. Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний каби ислом уламолари, Ибн Сино, Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний каби қомусий олимлар томонидан яратилган асарлар минг йиллардан бери дунё аҳли томонидан ўқиб, ўрганиб келинмоқда.

Ҳаёт чиғириқларидан ўтган ҳикматли сўзларда айтиладики, қайси бир миллатнинг ўтмиши нимага асосланиб тараққий этган бўлса, бугуни ва эртаси ҳам шуга асосланиб тараққий этади. Бизнинг аждодларимиз илму-маърифат билан тараққий этганлар. Улар муқаддас Қуръони каримнинг илк нозил бўлган оятидаги – “Ўқи” (“Алақ” сураси) иборасининг маъносини чуқур англадилар, иккинчи бўлиб нозил қилинган “Эй, бурканиб ётган. Тур ва огоҳлантир” (“Муддассир” сураси, 1-2 оятлар) оятидан халқни огоҳлантириш, ҳақ йўлга бошлаш илмсизлик ва нодонлик билан бўлмаслигини англаб етдилар. 

Шубҳа йўқки, бизнинг ҳам порлоқ келажагимиз фақат ва фақат кучли илм воситасидагина амалга ошади. Ўқиш ва ўрганишдек шарафли ва лаззатли нарса йўқ. Инсон билими билан қадрланади. Ҳазрати Одам алайҳиссаломни фаришталардан ҳам юксак мақомга кўтарган сир унга берилган илмда эди.

Ўқиш ёзиш қуроли бўлган “қалам” Қуръонда улуғланади, “Қалам билан ва сатрларга ёзадиган нарсалар билан қасам” (“Қалам” сураси, 1-оят), демоқлик билан айнан унга ва у ёзган сатрларга қасам ичилади. Оятда Аллоҳнинг қалам билан қасам ичиши, унинг инсон ҳаётидаги ўрни ва қадри жуда муҳим эканини ифодалайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ёнларидаги Ҳилол исмли кишидан: “Қаламинг борми?” – деб сўрадилар. Йўқ жавобини эшитгач: “Қаламсиз юрма, эй Ҳилол. Чунки, эзгулик ундадир. Қиёматгача унга содиқ бўлганлар чиқади. Инсонлар қалам ила юксаладилар. Олим қўлидаги қаламнинг сиёҳи шаҳиднинг қони билан тенгдир”, дедилар.

Бугунги мустақил Ўзбекистонда таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, ривожлантириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Бу ҳақда қатор қарор ва фармойишлар чиқарилмоқда. Давлат томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитлар натижаси изланувчан ёш авлод меҳнати самарасида кўринади. Ҳар бир камол топиб бораётган ўғил-қизлар Ватан ва халқ олдидаги бурчларини тўғри англашлари, илм олишдан муносиб мақсадларни кўзлашлари ва чуқур билимга эга бўлишларида илмнинг маънавий аҳамиятини теран англашлари жуда муҳимдир.

Тарбия таълимнинг ажралмас қисми, у иккиси бирга бўлгандагина том маънони англатади. Зеро, тарбияни таълимдан, таълимни тарбиядан ажратишнинг имкони асло мавжуд эмас. Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган чуқур  маъноли сўзлари нақадар ҳақиқат эканини кун сайин англаб бормоқдамиз.  

Ҳадисларда илм эгалари ўликлар орасида юрган тириклар билан тенг экани айтилади. Ҳакимлардан бири: “Билимли инсон қуёшга ўхшайди, борган жойини ёритади”, деган экан. Илм зулматни ёритувчи машъаладир. Қоронғуликда қолган ҳар бир киши унга муҳтож. Юксак поғоналарга илм нарвони билан чиқилади. Тараққий этишни ва камолот топишни истасак илмнинг этагини маҳкам ушлашимиз лозимдир. Илм доимо ривожланишни, интилишни, такомиллашишни талаб қилади.

Отабек домла Ҳусанов,

Олтинкўл тумани «Жалабек ота»

жоме масжиди имом-хатиби.