Илм талаб қилиш фарзлиги

17

Илм – бу ғоя эмас, балки воситадир. Бу воситани ғояси эса инсонни ўз эгасини илмий далиллар билан танитишдир. Инсоният душманларининг энг қабиҳи – бу жаҳолатдир. Чунки жоҳил инсон мавжудотнинг энг қолоғи ва ачинарлиси бўлиб, жамиятда кераксиз аъзодек яшаб ўтишга маҳкумдир. Шу боис илмга чанқоқ инсон, хусусан ёшлар ҳар бир нарсани билишга, жамиятда инсонлик номига яраша мавқе эгаллашга тўғри билан эгрини, ҳақ билан ботилни ажратиш қобилиятини ҳосил қилишга интилиб яшайди. Бу йўлда диққат қилинадиган баъзи ўлчов ва қоидалар борки, бунга риоя қилинса саъйи ҳаракати ва ғайрати мақсадли бўлиб, ёт ва янглиш фикрлар домига тушиб қолишдан сақланади.

Хозирги Карантин даврида ҳам ёшлар мактаб ўқувчилари, талабалар ва бошқа ўқув даргоҳлари вақтинча ёпилганлиги сабабидан масофадан ўқитишлик,яъни ойнлайн таълимга ўтилди. Бу тадбир айни вақтида жорий этилди. Вақтни қадрига етиб барча ота-оналар ҳам фарзандларига илм олишларида яқиндан ёрдам бермоқдалар. Илм олиш бу кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Уламолар тавсия этган қуйидаги ўлчовлар ва қоидалар тажрибада синалган ва фойдалидир.

Илм талабидаги ҳар бир ёш жаҳолат ботқоғидан қутулишни асосий мақсади деб билиши ва жаҳолат энг ёмон иллат эканлигини билмоғи лозим. Парвардигор ҳам Қуръони Каримда жаҳолат қабоҳатидан огоҳлантириб: “Билганлар билан билмаганлар ҳеч тенг бўлурми?” (Зумар 9), – дея хитоб қилиб инсонни фикр юритишга чорлайди. Албатта, ҳеч қачон тенг бўлмайди, чунки, билган ҳақни топади, билмаган ботил эътиқод  чангалига тушади.

Илм ўрганувчи ёшлар жаҳолатдан халос бўлишдан мақсади нима эканини аниқ белгилаб олмоғи лозим. Улуғ устозлардан бирлари  ўқувчиларига шундай насиҳат қилган экан: “Сизлар мактабда ўқиётган ҳар бир фан ўзига хос тили билан Буюк Яратувчини таниттиради, фақат сизлар ўқиётган фанларингни моҳиятига қулоқ солинглар”.

Ҳосил қилинган илм билан инсонларга хизмат қилишни нафл ибодат ва инсоний бурч деб билмоғи шартдир. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламҳам муборак ҳадисларини бирида: “Одамларнинг яхшироғи инсонларга кўпроқ манфаати етадиганидир”, – деб таъкидлаганлар.

Ёшлар илм ўрганишда устозларга нисбатан юксак ҳурмат ва эҳтиромли бўлмоғи зарур. Алишер Навоий ҳазратлари айтганларидек

             Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила

             Айламак ҳаққин адо бўлмас анинг юз ганж ила.

Дарҳақиқат, ёшларимиз гўзал инсоний фазилатлари юксак маънавий дунёси билан барчага ўрнак бўлсалар, жамиятни фаровон бўлишига юксак ҳисса қўшган бўлар эдилар.

 

Андижон туман  “Файзибой хожи” масжиди имом-хатиби:                                     Нурилло домла Бойматов