Дунёда бизнинг аждодлармиз каби илмга ҳаётини бағишлаган миллат бўлмаса керак. Буюк алломалармизнинг диний ва дунёвий илмга қўшган ҳиссаларини йиллаб суҳбат қилсак вақтимиз етмайди.

Ватандошмиз Имом ал-Бухорий ҳазратлари ҳаётларини илмга бахшида этиб, “Илмдан бошқа нажот йўқ ва ҳеч қачон бўлмайди” деб, инсон дунё ва охиратини обод қилиш учун илм излашлиги лозимлигини уқтирдилар. Шунингдек, ота-боболаримиз “Ёшликда ўрганилган илм тошга битилган нақш каби мустаҳкам бўлади” деганларида нақадар ҳақ эдилар?! Илк нозил бўлган ваҳийнинг “Ўқи” деб нозил бўлиши сўзимизнинг ёрқин далил бўла олади. 

Аллоҳ таоло илм дини бўлмиш муборак Ислом дини билан инсониятни жаҳолат зулматидан Ислом нурига олиб чиқди. Ислом дини илмни имонга тасдиқ, амалга эса йўлбошчи қилган муқаддас диндир. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мусулмон киши илм олиши фарз экани ҳақида шундай деганлар:

Яъни, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмон кишига илм талаб қилиш фарздир”, дедилар”. Ибн Можа ривоят қилган

Муборак Ислом дини диний ҳамда дунёвий илмга умумий даъват қилиб, динда фақиҳ бўлишликка алоҳида урғу берган. Имом Бухорий ва Муслим раҳматуллоҳи алайҳумолар ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:

Яъни, Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, дедилар”. (Муттафақун алайҳ)

Ушбу муборак ҳадисга кўра, илм эгалари улуғ фазилат эгаси экани, маълум бўлади.

Ҳаким зотлар айтган экан: “Кимда-ким ўзининг билмаслигини яшириб, илм олишдан бош тортса ёки касалини яшириб, даволанишдан бош тортса, у ўзига ўзи хиёнат қилибди”.

Чунки диний иш бўлсин ёки дунёвий иш бўлсин, унга билмасдан киришган кишининг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлади.

Занжий ибн Холид айтади: “Болалик пайтимизда Зуҳрийнинг ҳузурига кирган эдик, у зот бизга: “Илм талаб қилинглар. Шунда сиз дунёни истасангиз унга етишасиз, охиратни истасангиз ҳам унга етишасиз”, дедилар”.

Муборак Ислом дини илм фанга тарғиб қилиб, унинг ҳукмини фарз даражасига кўтарар экан, бу ҳукм аёл қизларни ҳам четлаб ўтмаган. Чунки жамиятнинг ярмидан кўпини аёл-қизлар ташкил қилади. Уларни илмсиз қолдириш жамиятни илмсиз қолдириш демакдир. Айниқса, келажак авлод тарбияси аёл-қизларимизга боғлиқдир. Улар билимли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам билимли бўлади. Улар одобли бўлишса, улар тарбиялаган авлод ҳам одобли бўлади.

Ривоят қилинишича, бир киши ҳакимлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқиштишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?”, деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан. Қанчадан-қанча алломаларни оналари тарбиялагани ҳеч биримизга сир эмасдир.

Қуръон уммати, Илм уммати, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати  бўлган биз мусулмонлар учун илмсиз қолиш ордир. Чунки буларнинг барчаси илмга даъват қилади. Биз агар илм ўқимасак, фарзандларимизни илмга қизиқтирмасак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматимиз деган даъвони нима билан исботлаймиз!?.

Бир олим зот айтган эканлар: “Агар бирор қимматли нарсангизни ҳеч ким топа олмайдиган жойга беркитмоқчи бўлсангиз, китобнинг орасига солиб қўйинг, чунки бугунги одамлар китоб очмайдиган бўлиб кетишди”.

Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ. Жаҳолатдан-да кўра зарар берувчироқ нарса ҳам йўқ. Али розияллоҳу анҳу айтган экан: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”, деганлар.

Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали парвардигорларини танийдилар. Охирати ва дунёсини илм билан обод қилади.

Бир олим зот айтган эканлар: “Агар бирор қимматли нарсангизни ҳеч ким топа олмайдиган жойга беркитмоқчи бўлсангиз, китобнинг орасига солиб қўйинг, чунки бугунги одамлар китоб очмайдиган бўлиб кетишди”.

Юртбошимиз илмни қаердан олиш керак деган саволга – “Агар сиз фарзандингизга данғиллама уй қуриб берсангиз – вақти соати келиб, у эскириши мумкин. Агар энг зўр машина олиб берсангиз – уям тез орада эскириши мумкин. Агар унга моддий бойлик, пул қолдирсангиз – уям бир кун сарф бўлиб тугаши мумкин. 

Аммо дунёда ҳеч қачон эскирмайдиган, йўқолмайдиган бебаҳо бир бойлик борки, у ҳам бўлса, фарзандингизга берган билим ва ҳунардир. Лекин билим ва маърифатни қаердан, нимадан олиш мумкин? Аввало, китоб деган хазинадан”, деган жавобларидан дунё ва охиратимиз учун манфаатли бўлган китобларни ўқиб, ҳаётимизга тадбиқ этадиган бўлсак, икки дунёда бахтиёр бўлишимизни англаб етамиз. 

Буюк шоир ва мутафаккир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.

Киши билмаганларини асосан ўқиб ўрганади. Биз умр бўйи – бешикдан қабргача, билмаганларимизни ўрганишга буюрилганмиз. Зеро, билим қалбимиз ҳаётидир.

Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон.