Исрофгарчилик , ёхуд
Ёшларнинг бахти нимада?

749

Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Тадбирли бўлиш – ярим ризқ”, – деб марҳамат қилдилар. Барча ақли расо, идрокли кишиларга маълумдирки, ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошиш, исроф, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ва ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам еб-ичиш ва эҳсон қилишда исрофдан йироқ бўлишимизга буюриб, бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!” (Имом Аҳмад ва Ибн Можжа ривояти).
Халқимиз рўзғоридан орттирганини эҳсон қилишга шошилади. Лекин бу эҳсонлар жойига тушсагина, савоб оламиз, исрофга йўл қўйсак, аксинча, гуноҳкор бўлиб қолишимиз мумкин. Ҳолбуки, бугун баъзи ҳолатлардаги тангликларнинг асосий сабаби ҳам исрофдир.
Исрофгарчилик – мол-дунёни беҳуда сарфлашнинг бир кўриниши ҳисобланади. Имом Журжоний исрофни сифатлаб бундай дейди: “Исроф – бу нафақа қилишда чегарадан чиқишдир”.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломида бундай марҳамат қилади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!”.
Нафақа қилиш ва мол-дунёни сарфлашда ўртача йўлни ушлаган ва унга амал қилган инсонларни Аллоҳ таоло мадҳ этиб, бундай дейди: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”.
Жуда кўп ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Жумладан: “Бойликда ҳам, фақирликда ҳам, ибодатда ҳам мўътадиллик яхшидир”, – дейилади.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг яна бир ҳадисларида бундай марҳамат қилинади: “Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди”.
Тежамкорлик нима? Тежамкорлик фаровон турмуш гаровидир. Тежамкорлик – оилалар фаровонлиги кафолатидир. Бир сўз билан айтганда, тежамкорлик – ҳаддан ошмаслик ва шукроналик аломатидир.
Тежамкорлик билан камбағал оила бой бадавлат оилага айланади. Исроф билан эса бой оила ўзига фақирлик ва хорлик эшигини очади.
Аммо, ҳозирги кунимизда ўта дабдабали ва исрофгарчиликка йўл қўйиб ўтказилаётган тўй маросимлари, хаж ва умра зиёратчиларини кутиб олиш маросимлари булар на динимиз кўрсатмалари ва на халқимиз урф-одатларига тўғри келмаслигини таъкидлаб ўтиш лозим. Чунки, тўйларимизда, зиёратчиларни кутиб олишда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, манманлик, нафсга эрк бериш, исрофдаги мусобақа авжига чиқди.
Ривоят қилинади:
Бир куни Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўғиллари Абдуллоҳнинг олдиларига кирдилар. Унинг ҳузурида бир парча гўштни кўриб: “Бу нима?” дедилар. Ўғиллари: “Шуни иштаҳам тортди-егим келди” дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Иштаҳанг нимани тортса ейаверасанми? Иштаҳаси тортган нарсанинг ҳаммасини ейиш кишининг исрофгар бўлишига кифоя қилади” дедилар.
Демак, ҳаддан ошиш, нафсга эрк бериш, уни ўз вақтида жиловлаб қўймаслик, маманманлик ва дабдабабозликка берилиш исрофгарчиликка олиб борадиган катта сабабдир.
Никоҳ тўйлари масаласига келсак,
агар ёшларнинг бахти қўша-қўша сарполар, тўйларни дабдабали ўтказиш, тоғора-тоғора овқату пишириқлар, қиммат баҳо тўй машиналари, қимматбаҳо келин либослари, охири йўқ орзу ҳавас, хуллас, моддий тўкислик билан рўёбга чиққанида ҳозирги кунимизда биз кўплаб бузилаётган оилаларни эшитмаган бўлар эдик. Чунки, келин куёв яшаши учун тайёрланган хоналар, тўй оқшоми ўтаётган гўзал кошоналар аввалги замонлардаги шохларда ҳам бўлмаган. Аммо, қалблари фақат моддий ҳаёт билан банд бўлган инсонларнинг барча орзу ҳаваслари тўй ўтгач маълум муддатдан кейин саробга айланмоқда. Баъзиларининг кўзларидан оқаётган ёш хурсандчилик томчиларими ёки алам томчиларими? Бунинг асосий сабабларидан бири фақат моддий ҳаёт билан банд бўлиб қолгани эмасмикан!
Агар ҳаётнинг маънавий, руҳий жиҳатига кўпроқ эътибор берилса, қуда андаларнинг дунёқараши, эътиқоди бир бўлса, кўп муаммолар ўз ўзидан ҳал бўларди. Иккала томон ҳам униси кам экан, буни қилиш керак дейишдан четланиб, фарзандларига келажак ҳаётида зарур бўладиган чиройли таълим

-тарбияни бериб, бахт саодат сўрасалар албатта бунинг мевасини кўрадилар.
Никоҳ, оила доимо долзарб масалалардан ҳисобланиб келинган. Ислом динида ҳам, халқимиз урф­ одатларида ҳам унга эътибор билан қараб, оила мустаҳкамлигини таъминлашда барча бирдек масъул бўлган.
Маълумки, азал-азалдан икки ёшни унаштириб тўй-тантана қилишдан асосий мақсад уларни эр-хотин деб эълон қилишдан иборатдир. Ана шуни эълон қилиш мақсадида ўтказиладиган тўй маросимлари турли халқлар орасида миллий ва диний қарашларга суянган ҳолда ўтказилади.
Саодат асрида бўлиб ўтган тўйларга эътибор қаратадиган бўлсак, бутун инсониятга гўзал намуна бўлган, жаннат башорати берилган, минг йиллардан бери тилларда достон бўлиб келаётган Али ва Фотима розияллоҳу анҳумонинг никоҳ тўйларида дастурхонга майиз билан хурмо қўйилди. Ҳазрати Али(р.а)нинг амакилари Хамза розияллоҳу анҳу бир қўй сўйиб зиёфат берди. Саҳобалар улардан тановул қилдилар.
Ҳа, чинакам бахт қасрининг икки соҳиблари тўйида тортиқ қилинган нарсалар ана шундай оддий ва саноқли неъматлардан иборат эди. Келажакда улар Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумодек улуғларнинг ота-оналари бўлиш бахтига муяссар бўлдилар.
Яна шундай мисоллардан бири, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мадиналик ансория аёллардан бирига уйланган Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга: “Бир қўй сўйиб бўлса ҳам зиёфат бер” дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган)
Ваҳолаинки, бу саҳобий жуда бой эдилар. Унга кўп нарсани буюрмадилар. Вафот этганларида ҳар бир аёлининг меросдаги улуши юз минг динор (тилла танга)ни ташкил қилган.
Айтиш жоизки, тўй кишилар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамловчи, узоқ вақтлардан буён кўриша олмай юрган қариндош-уруғлар, ёру-дўстларни дийдор кўришишларига муяссар қилувчи воситадир. Шундай экан, юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, тўйларимизни миллий урф-одатларимизга мослаб, ихчам, исрофгарчиликдан холи бўлган тарзда ўтказиш, ёшларнинг бахту саодати учун ҳаракат қилишимиз ҳар томонлама мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Исрофгарчиликнинг зарарлари хусусида Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Аъроф” сураси, 31-оятда: “Еб-ичинглар ва лекин исроф қилманглар. Чунки У исроф қилгувчиларни севмас”, деган.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадисларида: “Ҳар қандай исроф ҳаромдир” деб исроф қилишдан қатъий қайтарганлар.
Исроф қилмасдан тежаб қолган маблағларимизни фарзандларимизни илм-маърифатли, ватанимиз корига ярайдиган фарзанд бўлишлари учун сарфласак мақсадга мувофиқ бўларди .

Шохимардон Орипов
Улуғнор тумани
«Овулмат» жоме
масжиди (в.б) имоми