Фаҳш гапни гапириб, эшитиб уни тарқатишни ҳукми қандай?

989

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кўча-кўйда ёшларни юриш-туришларига эътибор берилса уларни оғизларидан чиқаётган фахш сўзларни оддий сўзлардай гапириши ҳар қандай инсонни таажжубга солади.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу:

«Фаҳш гапни айтган одам ҳам, уни бошқа ёққа тарқатувчи одам ҳам бир хил гуноҳкор бўлади». 
Бир одам йўқ жойдаги бир фаҳш гапни айтиб, чиқариб қандай гуноҳкор бўлса, бу гапни тарқатган, мўмин-мусулмонларнинг орасида шу гапнинг тарқалишига сабаб бўлган одам ҳам худди шундай гуноҳкор бўлар экан. 

Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло «Нур» сурасида марҳамат қилиб, мўминларнинг ичида фаҳш гап тарқашини истамаслигини очиқ-ойдин айтган: 

«Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар».

Кишилар орасида фоҳиша, уят, одобсиз гапларни тарқатиш нақадар катта гуноҳ эканини ушбу оятдан билиб олса бўлади. Бу иш оятда фоҳишани ёйиш билан баробар қўйилмоқда. Ҳукм умумий ҳолда айтилмоқда. 

Демак, фаҳш ишлар ҳақида миш-миш тарқатиш ўша ишнинг ўзига баробар экан. Фоҳиша гапларни гапириш, унга тааллуқли бошқа воситаларни тарқатиш, тарғибот қилиш, сабабчи бўлиш, ҳамма-ҳаммаси аламли азобга лойиқ улкан гуноҳ экани турган гап. 

Ислом фаҳш ишни ман қилар экан, унга олиб борадиган барча сабабларни ҳам ман этади. Зино ҳаром, уни қилган одам гуноҳкор. Ўша гуноҳкор жазога тортилар экан, демак зинога тааллуқли, унга олиб борадиган ҳамма воситалар ҳам ман этилади. 

Зино ва жинсий алоқа тўғрисида турли гапларни тарқатиш кишиларнинг одоб-ахлоқини бузади, ўша ишга чорлайди, жамиятни одобсизлар, ахлоқсизлар жамиятига айлантиради. Шунинг учун ҳам бузуқ гапларни гапириш ман қилинади. 
Аммо бекордан-бекорга кишиларда шаҳватни қўзғатадиган, беодоб хаёлларни уйғотадиган гапларни сўйламасин, бемаза ишларни қилмасин. Йўқса, аламли азобга дучор бўлади.
«Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар».
Шунинг учун гапни чўзмай, Аллоҳнинг айтганини дарҳол бажо келтиринг.

Фаҳш ва бешарм гапларни ташиб юрувчилар Аллоҳ таолонинг ушбу иродасига қарши иш қилган бўладилар ва гуноҳкори азим бўладилар. 

Шубайл ибн Авф дейди: 
«Баъзан шундай дейиларди: 
«Кимки бир фаҳш гапни эшитиб, уни тарқатса, худди ўша ишни қилган одамдек гуноҳкор бўлади». 

Бу ривоят ҳам аввалги ҳадисни таъкидлаш учун келтирилган.
Ато розияллоҳу анҳу: 
«Зино ҳақида гап тарқатганларни қаттиқ калтаклаш керак» дерди. «У фохш ишни тарқатди», дерди». 
Чунки у одамлар орасида фаҳшни, фаҳш гапларни тарқатяпти. Шунинг учун бундай воқеаларнинг кўрган, билган ҳолатда ҳам айтиш мумкин эмас. 

«Фалончининг зино қилаётганини кўрдим», деган одам шариат қоидаси бўйича кўрган нарсасини тўртта гувоҳ билан тасдиқлаб бериши керак, акс ҳолда уни ётқизиб, орқасига саксон дарра урилади. 

Шундай қилинмаса, бундай гап-сўзлар кўпайиб, тўртта одам тўпланган жойда «Фалон жойда зино бўлибди, ундай-бундай бўлибди» деган гап кўтариладиган бўлиб қолади, бу нарса суҳбатлар, фикр алмашишларнинг асосий мазмунига айланиб қолади. 
Бироқ одамлар тўпланган жойларда, ўзаро суҳбатларда ана шундай миш-мишларни тарқатиш жамиятга ниҳоятда катта зарар етказади, шарм-ҳаёсизликни тарқатади, одамларнинг обрўсини тўкади, иффат, номус, шараф деган тушунчаларнинг йўқолишига сабаб бўлади. Чунки бундай гаплар тарқалаверса, бу каби ҳодисаларга бефарқлик вужудга келиб қолади, улкан гуноҳлар одатий ҳолга айланиб қолади, одамлар ҳам бундай ишларни қилишдан уялмайдиган бўлиб қолади. Ана шундай оқибатларнинг олдини олиш учун шариатимизда бундай ишларнинг йўли кесилган, ҳеч қандай ижозат берилмаган.

Ибайдуллаев Анваржон

Олтинкӯл туман
“Уйшин”

жоме масжиди имом-хатиби