Балоларга сабр қилиш юксак одоб бўлиб, у сабабли дунё ва охират неъматларига эришилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда солиҳ бандалари ҳақида шундай дейди: 

سَلَامٌ عَلَيْكُم بِمَا صَبَرْتُمْ فَنِعْمَ عُقْبَى الدَّار

«Сабр қилганингиз учун сизларга салом бўлсин! Оқибат диёри қандай ҳам яхши!» (дерлар). (Раъд сураси, 24-оят)

Сабрнинг биринчи одоби қазои-қадарга рози бўлишдир. Бу эса балога йўлиққан кишининг устидаги вожиб бўлган одоблардан саналади.  Чунки, балолар Аллоҳ таолонинг изни, хоҳиши, ҳикмати ва тақдири билан бўлади. Аллоҳ таоло ўз бандасини касаллик, фақирлик ёки шунга ўхшаш синовлар билан синаса, Ўзи билган бир ҳикматга кўра қилган бўлади. 

Аллоҳ таолонинг мўмин бандага берган балолари у учун гуноҳларига каффорот ва яхшиликларини кўпайишига сабаб бўлади. Бу пайтда бандага лозим бўлган нарса шуки, бу синовларга сабр қилиши керак.

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб айтадилар: “Мўмин кишининг ишига ажабланаман. Унинг ҳамма иши яхшиликдир. Агар унга бир хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу мўмин киши учун яхшиликдир. Агар унга бир қийинчилик етса, сабр қилади ва бу ҳам мўмин учун яхшиликдир. Бундай имконият фақат мўмин киши учундир”. Бошқа бир ҳадисларида эса: “Сабр — мусибат етган вақтда бўлади”, деганлар. Яъни, инсонга бирон бир мусибат етса ўша вақтни ўзида истиржоъ калимасини айтиб сабр қилса, шундагина савобга  эришади. Аксинча, жазавага тушиб Аллоҳнинг мусибатига сабр қилмаса, мусибатга учрагани етмагандай савобдан ҳам маҳрум бўлиб қолади. 

 

Авазбек домла Мўминов

Андижон шаҳри “Чинор” жоме

масжиди имом-хатиби