ИСЛОМДА БАҒРИКЕНГЛИК МАСАЛАСИ

1392

Мусулмоннинг ҳаёти фаровон бўлиши учун нафақат ўзи балки ён атрофидаги ёру дўстлари ҳам мустаҳкам имонли ва юксак илм эгаси, бағрикенг бўлиши лозим. Мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 га яқин миллат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, алҳамду-лиллаҳ, тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳақиқатан ҳам, юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда, бир ватанда, буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашлиги – диний бағрикенгликни ёрқин намунаси.
Аллоҳ таоло ер юзида турли миллат ва элатларни, турли ҳил тилларда сўзлашувчи халқларни яратишининг хикматларидан бирини бундай баён этади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво) дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат) лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси 13-оят).
Аллоҳ мазкур оятда “Эй, инсонлар!” дея бутун инсониятга мурожаат қилиб, “Сизларнинг ота-онангиз бир” – яъни барчангиз Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалгансизлар. Шундай бўлсада сизларни турли миллат, элат, халқ ва қабилаларга ажратиб қўйдик деб марҳамат қилди.
Ислом динида бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенглик тамойиллари белгилаб берилган, унга кўра, инсон дини, ирқи, миллатидан қатъий назар мукаррам қилиб яратилган. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик”, дейилган (Исро сураси 70-оят).
Бағрикенглик Ўзбекистон халқига азалдан хос бўлган хислат. Имом Мотуридий, Ҳаким Термизий, Абу Лайс Самарқандий ва Бурҳониддин Марғиноний каби юртимиз алломаларининг кўплаб асарларида ўзга дин вакилларига доимо ҳурмат кўрсатиш кераклиги алоҳида қайд этиб ўтилади. Аҳмад Яссавий ҳикматларида бундай дейилади:
Гуноҳ эрмиш кофирларға берманг озор,
Кўнгли қаттиғ дилозордин Худо безор,
Аллоҳ ҳаққи бундай қулға сижжин тайёр,
Донолардин эшитиб бир сўз айдим мано.
Маълумки, 1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан “Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси” қабул қилинди. Декларацияда ирқи, жинси, келиб чиқиши, тили, динидан қатъи назар, бағрикенгликни тарғиб этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларга ҳурмат билан қараш каби мажбуриятлар акс этган. Шунинг учун ҳам юртимизда “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” деб эълон қилинган.
Қуръони Карим оятларида ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам, бошқа дин ва эътиқод вакилларига бағрикенг бўлиш ҳақида кўплаб кўрсатмалар мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бу борада уларнинг ҳақларига риоя қилишнинг олий намунасини кўрсатиб, умматни ҳам ана шу йўлдан боришга даъват қилганлар. Аксинча қайси бир инсон ораларида ўзаро тинчлик шартномаси бўлган кишини жонига қасд қилса, унинг оқибати ёмон бўлишидан огоҳлантирганлар.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб дедилар: “Ким аҳдлашилган бошқа дин вакилини ўлдирса жаннат ҳидини ҳам ҳидламайди. Ваҳоланки жаннатнинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради”.
Исломда кечиримли бўлиш, бағрикенглик ва мақталган ахлоқлардандир. Аллоҳ таоло пайғамбари ва мўмин – мусулмон бандаларига шу сифат билан зийнатланишликка амр этган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”
Уламоларимиз “афв” сўзини “бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш” дея изоҳлаган эканлар. Мазкур оят нозил бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан уни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Шунда Жаброил (а.с.): “Аллоҳ таоло Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!”, демоқда – деган эканлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёти синчиклаб ўрганилса, у зот ҳеч қачон ҳеч кимни исломга киришга мажбур қилмаганлари, бирон марта у ёки бу ҳарбий ҳаракат диний эътиқод туфайли бўлмагани аён бўлади. Пайғамбаримиз с.а.в олиб борган ҳарбий тадбирларнинг барчаси беистисно соф мудофаа мақсадларига хизмат қилган. Бадр, Уҳуд, Ҳандақ жангларида маккалик мушриклар ҳужумкор, мадиналик мусулмонлар эса, аксинча, мудофаа мавқеида бўлганлар.
Бундан кўринадики, ислом динини ниқоб қилган барча экстремистик гуруҳларнинг исломга нисбатан қўяётган даъволари ўринсиздир. Уларнинг салбий ҳаракатлари туфайли кишиларда ислом ва бошқа динларга нисбатан салбий қарашлар пайдо бўлмоқда.
Бағрикенглик борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ибрат-намуна бўлдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилардилар. Мадинага Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганида, уларни масжидга тушириб зиёфат бердилар ва хизматларини қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида бундай воқеликлар жуда ҳам кўп содир бўлган.
Аллоҳ таоло мустақил ва жона жон юртимизда яшаётган барча мўмин-мусулмонларни, миллат ва элатларни, тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида доимо Ўзи ёрдамчи бўлиб, Жаннат макон Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин! Юртимиз тинч осмонимиз доим мусаффо бўлсин. Устимиздаги барча раҳбарларни қилиаётган диний ва дунёвий ишларига Аллоҳ Ўзи ёрдамчи бўлсин.

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.