Исломда аёллар

762

Исломдан олдин аёл киши нафақат ҳуқуқлари поймол қилинишига, балки инсонлик даражасидан маҳрум қилинишига маҳкум қилинган эди.
Мисол учун Ислом дастлаб пайдо бўлган юрт ва замонда қиз бола туғилган оила мотам тутар ва кейинчалик ор-номус ва иқтисодий қийинчиликка сабаб бўлмасин, деб қизни тириклайин кўмиб юборилар эди.
Қуръони карим бу одатларни қаттиқ қоралади ва ман қилди. Мусулмон оилаларда қиз туғилса ўғил туғилгандан кўра кўпроқ хурсанд бўлиш жорий қилинди. Қизларни яхшилаб тарбия қилганларга, ўғил болаларни тарбия қилганларга қилингандан кўп ваъдалар қилинди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйдагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг учта қизи ёки синглиси бўлсаю, У уларнинг хархашаларига, оғирликларию қийинликларга сабр қилса, Аллоҳ уни уларга кўрсатган раҳми туфайли жаннатга киритур», дедилар.
Бир киши:
-Иккита бўлсачи? эй Аллоҳнинг Расули? деб сўради.
-Иккита бўлса ҳам, дедилар.
Бир киши:
-Биттта бўлсачи? эй Аллоҳнинг Расули? деб сўради.
-Битта бўлса ҳам, дедилар».
Қизларнинг тарбияси, таълими ва маданияти ҳамда, яшаб, ўсиш учун зарур ҳар бир нарса отанинг зиммасидаги фарздир. Ота бу фарздан фақат қиз турмушга чиққандан кейингина озод бўлади. Чунки, энди бу фарз эрнинг зиммасига ўтган бўлади. Ота ёки эри йўқ аёлнинг нафақаси ака ёки унинг ўрнини босувчи бошқа шахсларга вожиб бўлади. Умуман Исломда аёл киши нафақасиз қолиши мумкин эмас. Қизнинг нафақаси отага, хотинники эрга, сингилники ака-укага, онаники ўғилга вожиб бўлади.
Ислом аёл кишига таълим олиш ва маданий савиясини ошириш ҳақини берди ва эркакларни бу ишдан масъул қилди. Илм талаби эр-аёлга баробар фарзлиги, қизларни ва сингилларига таълим ва одоб берган киши жаннатга ҳақли бўлишини яхши биламиз. Аммо, ҳаммамиз ҳам ушбу иш чўри аёлларга ҳам тегишли эканини билмасак керак.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бир кишининг ҳузурида жория бўлсаю, у анга яхшилаб таълим берса, яхшилаб одоб берса ва сўнгра озод қилиб,унга ўзи уйланса унга икки ҳисса ажр бўлур»-деганлар.
Демак, чўри қизга яхшилаб илм ва маданият ўргатишнинг ажри уни чўриликдан озод қилиш ажрига тенг экан.
Аввалги авлод мусулмон аёллари эрларидан, бошқа устозларидан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оммавий дарс ва хутбаларидан олаётган илм-маърифатга қаноат ҳосил қилмай Пайғамбар алайҳиссаломдан аёллар учун алоҳида илм-маърифат мажлислари қилишни талаб қилганлар ва уларнинг бу талаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан дарҳол қондирилган.
Аёл киши фақат таълим олиш, дарс, хутба ва ваъз эшитишгагина ҳақли эмас, балки таълим бериш, дарс айтиш ва бошқа илмий ишлар билан машғул бўлиш мажбуриятда ҳамдир.
Юунусобод масжид имом хатиби Усмонов Умиджон