Ислом террорни қоралайди

1055

Инсоният тарихи жараёнида террорчиларнинг на диний ва на ҳаётий ҳақиқатга мос бўлмаган сохта “ғоялари” ва бу йўлдаги қонли фожеаларга сабаб бўлаётган фаолият усуллари юз минглаб бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлмоқда.
Ҳозирда бу кучлар ўзларининг жангарилиги ва юқори даражада ижтимоий хавфлилиги билан тавсифланмоқда. Эътиборли жиҳати шуки, улар томонидан мақсадга эришиш борасидаги фаолиятлари турлича бўлсада, тутаётган йўл ёки қилаётган ишлари бир хил: одамларнинг тинч турмуш тарзини издан чиқариш ва уларни қўрқувда яшашга мажбурлаш кузатилмоқда..
“Ислом” ва “террор” сўзларини бирикма ибора шаклида ифода этиш уларнинг мазмун-моҳиятига зиддир. Сабаби нафақат Ислом, балки бирор-бир самовий дин ўз таълимотида зўравонлик, зулм ва қон тўкишни оқламаган ва оқламайди ҳам. Хусусан, Ислом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралаган. Қуръони каримнинг “Наҳл” сураси 91-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради”.

Ислом – инсонпарвар дин. У бир инсонга тажовуз қилишни бутун инсониятга тажовуз қилиш ёки бир инсон ҳаётини сақлаб қолишни бутун инсониятни сақлаб қолиш, дея баҳолайди. Аллоҳ таоло “Моида” сураси 32-оятида айтади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса, барча одамларни қутқарган кабидир”.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қонлар тўгрисида бўлур”.
Террор ўз олдига шафқатсизлик, қотиллик ва тинч аҳоли устига кўплаб кулфатларни солишни мақсад қилиб олган. Ушбу мақсадларни ислом мақсадларига тескари ҳолда эканини билган ҳар қандай киши террорчилик ҳаракатлари ислом ва имон тақозосидан узоқ ҳаракат эканини кўради. Қуръони каримда бу борада:
“Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” , дейилган.
Демак, ҳар бир мусулмон киши ер юзида тинчлик, осойишталик ва адолат ўрнатиш учун Аллоҳ олдида масъулдир. Динимизда барча халқларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган ўзбошимчалик хатти-ҳаракатлари ҳамда террорнинг барча кўринишлари бузғунчилик ва фасод амал саналади. Бу амаллар эса Қуръони каримда мунофиқларнинг амали сифатида баҳоланади: “(Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчилик) ёқтирмайди” .
Парвардигорни иродасига қарши бориб, бегуноҳ одамларни ўлдирган ва хўрлаган кимсалар дунё ҳаётида ютуққа эришамиз, деб ўйласалар хато қилган бўладилар. Зеро, Қуръони карим “Аллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламайди” , – дея очиқ маълум қилган.
Ислом тарихида кечиримлилик, раҳм-шавқат, ўзаро иттифоқ ва хотиржамликда яшаш тамойиллари намунали тарзда ўз аксини топган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоху алайҳи васаллам Макка фатҳи куни ўзларига мислсиз душманлик ва зулмлар қилган кишиларни ҳам афв этиб, уларга омонлик беришлари нафақат У зотни, балки ислом динининг руҳида кечиримлик, олижаноблик ҳамда инсонларга нисбатан ўта меҳрибон ва шафқатли бўлишнинг гўзал намунасини мужассамлашганини ифодалайди.
У зот ҳаётига суиқасд қилишга интилган Ҳаким ибн Ҳизомнинг ҳаракати ўз исботини топгач ҳам бағрикенглик билан кечириб юборганлари ёки суюкли амакилари бўлган Ҳамза ибн Абу Толибни ўлдирган Ваҳшийни бир умр қалбларида қайғули хотира сифатида муҳрланган бўлишига қарамай, ҳар иккаласини ҳам авф қилишлари исломнинг негизида раҳм-шафқат ва меҳр-мурувват ётганини кўрсатади. Булар шубҳасиз, Қуръони каримдаги: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг! Жоҳиллардан юз ўгиринг!” кўрсатмасининг амалдаги исботидир.
Ислом дини инсон қонини ноҳақ тўкишни қатъий ҳаром қилган. Бунда ўша инсоннинг қайси дин, ирқ ёки миллатга тааллуқли эканининг аҳамияти йўқ. Ҳатто уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кекса ҳамда ибодатхоналарда ибодат билан машғул бўлган роҳибларни ўлдириш, шунингдек уй-жой, иморат ва иншоотларни вайрон қилишдан тортиб ҳаттоки экинзор, дарахтларнинг йўқ қилиниши ҳам қатъий таъқиқлаган. Аммо кўряпмизки, бунинг акси ўлароқ, исломий либосларга бурканган бузғунчи террорчилар эса ўз ғаразли мақсадлари йўлида Аллоҳ инъом қилган ҳаётга тажовуз қилиш ҳамда вайронкорлик ишларни амалга оширмоқдалар; аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам террор қурбонига айланмоқда. Ундан ҳам ачинарлиси ўз мафкурасини, ёт мафкурага алмашаётгани, ўз қадриятларини паймол қилаётганидир.

А. Худойбердиев

Олтинкўл туман

“Кўтармачек” жоме масжиди имом-хатиби