Набийимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзида саҳобаларга ўтган халқлар ҳаётидан ибратли воқеалар айтиб бериш одатлари бор эди.
Бир куни уларга қуйидаги қиссани айтиб бердилар:
«Бир киши бошқа бир кишидан ер сотиб олди. Сотиб олган ҳалиги киши ердан бир кўза тилла топиб олди. У ерни сотган киши ҳузурига бориб: «Олтинларингни ол. Мен сендан фақат ер сотиб олганман, бу олтинларни эмас», деди.
Ўз навбатида ерни сотган киши ҳам: «Мен сенга ер ва ундаги барча нарсаларни сотганман», деди. Улар ўртада бир кишини ҳакам қилишди. У ҳакам улардан: «Фарзандларингиз борми?», деб сўради. Уларнинг бири «ўғлим бор», деди. Бошқаси «қизим бор» , деди. Ҳакам: «Ўғлингга бунинг қизини никоҳла. У олтинларни ўзингизга ишлатинг ва садақа қилинг», деди».

Бу ҳикоядаги парҳезкорлик ҳайратланарлик даражададир. Киши кимдан ажабланишни ҳам билмайди. Ерни сотиб олган кишиданми ёки ерни сотган кишиданми?!
Сотиб олган киши олтинларни олиб қолса ҳам ҳеч ким билмас эди. Ерни сотиб олган эди. Бу унинг ҳаққи эди.
Сотган киши ҳам олтинларни олиб қолса бўлар эди. Аммо сотилган ердан чиққан нарсага ўзини ҳақли деб билмади.
Сизга парҳезкорлик ҳақида гапирдим. Абу Бакр розиёллоҳу анҳунинг бир ғуломлари бор эди. У таом келтириб турар эди. Бир сафар таом келтирганида Абу Бакр розиёллоҳу анҳу ундан едилар. Шунда ғулом деди:
— Уни нималигини биласизми?
Абу Бакр розиёллоҳу анҳу:
— Йўқ, дедилар.
Ғулом деди:
— Жоҳилият даврида коҳинлик қилар эдим. Коҳинликни эплай олмас эдим. Аммо кишиларни алдар эдим. Шундан бир кишига ҳаққим қолиб кетган эди. Сиз еган таом ўшандан.
Абу Бакр розиёллоҳу анҳу қоринларига ҳаром кирмаслиги учун қўлларини оғизларига тиқиб бор нарсани қайт қилиб ташладилар.

Халифа Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ халққа олма тарқатаётган эди. Бир ўғилчаси олмадан битта олди. Халифа Умар роҳимаҳуллоҳ сакраб бориб олмани унинг қўлидан олиб жойига қўйди. Болача уйига маҳзун бўлиб қайтиб воқеани онасига айтиб берди. Онаси бир ходимини бозорга жўнатиб олма олиб келтирди. Олмани болага берди. Бола олмани еди. Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ уйига келганида хотини унинг олдига олмадан қўйди. Шунда Умар деди:
«Аллоҳ сенга раҳм қилсин. Бугун олма тарқатаётиб роса олма егим келган эди!».
Мусулмонлар халифаси мусулмонлар молидан олишдан қўрқди, парҳез қилди. Ваҳоланки, у ҳам мусулмонлардан бири эди. Улар қатори ўзига ҳам олса бўлар эди.

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларига Бишр Ҳофий роҳимаҳуллоҳнинг синглиси келиб сўради:
— Биз томимиз устида подшоҳнинг чироғининг ёруғида ип йигирамиз. Шу ишимиз дурустми?
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ дедилар:
— Сен кимсан, Аллоҳ раҳм қилгур?
У деди:
— Мен Бишр Ҳофийнинг синглисиман.
Имом Аҳмад йиғлаб юбордилар ва дедилар:
— Ҳақиқий парҳез сизнинг уйингиздан чиқади. У нурга ип йигирманглар!
Эй бор Худойо биздек гуноҳкор қулларингни ҳам парҳезгор бўлишимизга ёрдам бергин.

Ўзгалар молига кўз тикишдан,обрўсига тил текказишдан ўзинг сақлагин.

Фарз амаллардан кейин афзал амал бу ҲУСНИ хулқдир. Манбалар асосида

Муродилжон домла АЗИЗОВ,
Шаҳрихон тумани «ПОНСОД»
Масжиди имом-хатиби.