Хотимамиз чиройли бўлсин

761

Саҳл ибн Саъд Соъидийдан (ра) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (сав) айтдилар: “Бир киши дўзах аҳли амалини қилади, ҳолбуки, у жаннат аҳлидандир. Яна бир киши жаннат аҳли амалини қилади, ҳолбуки, у дўзах аҳлидандир. Дарҳақиқат, амаллар хотимаси билан эътиборлидир”. (Имом Бухорий ривояти).
Уламолар айтишича, ёмон хотима ботинда гуноҳ қилишга одатланган ва кези келганда гуноҳи кабира қилишдан ҳам тап тортмайдиган кимсаларда учрайди. Аммо ким зоҳирда ҳақ йўл узра собитқадам бўлса ва ботинда ҳам гуноҳ қилишга одатланмаган бўлса, унинг хотимаси ёмон бўлишини ҳеч қачон эшитмаганмиз, билмаймиз ҳам. Бунинг учун Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин. Энди ким хато ишларни яхши кўрса ва гуноҳ қилиб, тавба этмай юраверса, тавбага улгурмасидан ажали етиши мумкин. Ана шундай вақтда шайтон уни васвасага солади ва уни даҳшат қамраб олади-да, одамларга унинг бадбахт экани маълум бўлади. Бундан Аллоҳ асрасин. Айрим кишилар эса бутун умри давомида ҳақ йўлда юрадилар-да, ажаллари яқинлашгач, ўзгариб, тўғри йўлдан оғиб кетадилар. Бу ҳам хотимаси ёмон, оқибати хунук бўлишига олиб келади.
Анас (ра) дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (сав): “Эй қалбларни ўзгартирувчи Зот, қалбимни динингда собит-мустаҳкам қилгин”, деб кўп айтардилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, сизга ва сиз келтирган нарсаларга имон келтирдик. Шунда ҳам биздан хавотирланасизми?” деб сўрадим. У зот (сав): “Ҳа, чунки қалб Аллоҳ таолонинг икки бормоғи орасида бўлиб, уни хоҳлаганича ўзгартиради”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Асарда келишича, Иблисга макр қилингач, Жаброил ва Микоил йиғлай бошлашди. Шунда Аллоҳ таоло улардан: “Нима учун йиғлаяпсизлар?” деб сўради. Улар: “Парвардигоро, макр-синовингдан хотиржам бўлолмаяпмиз”, дейишди. Аллоҳ таоло: “Худди шундай бўлсин, макримдан хотиржам бўлманглар”, деди.
Уламолар бундай дейдилар: “Агар Аллоҳ таоло гуноҳ қилишга муккасидан кетган бандасига севган нарсаларини бераётганини кўрсанг, билки, бу У Зот тарафидан макр-синовдир”.
Ривоят қилинишича, Мисрда намоз ва азон айтиш учун масжидга боғланиб қолган бир киши бор эди. У ибодатга берилган, тақводор эди. Бир куни одатдагидек азон айтиш учун минорага чиқди. Унинг ёнгинасида зиммий насронийни ҳовлиси бор эди. У ҳовлига кўз ташлади ва насронийни қизини кўрди. У жуда чиройли эди. Киши ўзини йўқотди ва азонни қўйиб, қиз олдига тушди. Қиз сўради: “Нима юмушинг бор?”. У деди: “Сени хоҳлайман ва сенга уйланаман”. Қиз: “Сен мусулмонсан, отам мени сенга бермайди”, деди. У киши: “Унда насроний бўламан” дея жавоб берди. Қиз деди: “Ундай бўлса, майли…”
У қизга уйланиш учун насоро динига кирди ва уларнинг ҳовлисида қолди. Худди шу куннинг ўзида ҳовлидаги тепа-ликка чиқиб, ерга йиқилиб ўлди. У қабул қилган дини билан муваффақият қозонмади, қиз билан роҳатланмади ҳам.
Аллоҳдан макр-синови, хунук оқибат ва ёмон хотимадан паноҳ беришини сўраймиз.

(манбалар асосида тайёрланди)

“Муҳаммад Розиқбой”
жомеъ масжиди имоми: О.Каримов