Ҳаё – имондан 09.11.2018 й

1048

بسم الله الرحمن الرحيم

ҲАЁ –ИМОНДАН

الحَمْدُ للهِ الذِي جَعَلَ العِفَّةَ وَالحَيَاءَ صِفَةَ الأَتْقِيَاءِ وَالْمُرْسَلِينَ، وَسِمَةَ الأَصفِيَاءِ المُكْرَمِينَ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الذِي وَعَدَ المُتَعَفِّفَ أَنْ يَكُونَ فِي كَنَفِ اللهِ وَحِمَايَتِهِ، وعَدَّ الحَيَاءَ شُعْبَةً مِنْ شُعَبِ الإِيمَانِوَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган энг буюк ва қимматли нарса имон неъматидир. Ҳар бир мўъмин-мусулмон инсон бу неъматни умрининг охиригача  саломат сақлаб, эсон-омон бу фоний дунёдан ўтиб олиши энг катта бахт ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир инсон доимо имони бақувват бўлиши учун сабаб бўладиган барча хайрли амалларда бардавом бўлиши керак бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам имонни қувватли бўлишига сабаб бўладиган омиллар ҳақида тўхталиб шундай марҳамат қилганлар:

الْإِيمَانُ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ شُعْبَةً، فَأَفْضَلُهَا قَوْلُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَدْنَاهَا إِمَاطَةُ الْأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ، وَالْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنَ الْإِيمَانِ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ مُسْلِمٌ)

яъни: “Имон етмишдан ортиқ бўлаклардан иборатдир. Унинг энг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси бўлса, энг паст даражаси йўлдаги азият етказадиган нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам  имондан бир бўлакдир”(Имом Муслим ривояти).

         Демак, ҳаё имондан бир бўлак бўлиб, у имонни сайқал топишида муҳим ўрин тутади. Қайси бир кишининг ҳаёси кучли бўлса, демак, унинг имони ҳам кучли бўлади. Муқаддас Ислом динимизда ҳар бир мўмин-мусулмонни ҳаёли бўлишига тарғиб қилинган. Чунки, ҳаё динимизнинг хулқи ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إِنَّ لِكُلِّ دِينٍ خُلُقًا، وَخُلُقُ الْإِسْلَامِ الْحَيَاءُ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ ابْنُ مَاجَةُ)

яъни: Албатта, ҳар бир диннинг (ўзига хос) хулқи бўлади. Исломнинг хулқи эса ҳаёдир (Имом Ибн Можа ривояти).

Демак, Ислом динида эканмизми, албатта динимиз хулқи билан хулқланишимиз зарур бўлади.  Ҳаё сабабли инсон ўзини кўп гуноҳ ва хатолардан сақлайди, беҳуда ишлардан тийилади. Инсонда ҳаё камайиши билан имони ҳам заифлашиб кетади. Бу ҳақда ҳадисда шундай келтирилади:

“إِنَّ الْحَيَاءَ وَالْإِيمَانَ قُرَنَاءُ جَمِيعًا، فَإِذَا رُفِعَ أَحَدُهُمَا رُفِعَ الْآخَرُ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ الْحَاكِمُ)

яъни: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта ҳаё ва имон бир бирига чамбарчас боғлиқдир. Бири кўтарилса (кетса),иккинчиси ҳам кўтарилиб кетади” (Имом Ҳоким ривояти).

Шуни унутмаслик керакки, инсонпарварлик, тақводорлик, раҳмдиллик ва барча энг юқори инсоний фазилатлар ҳаё орқали амалга ошади. Бунга Оиша онамизнинг қуйидаги сўзлари яққол далилдир: “Гўзал хулқлар ўнтадир: ростгўйлик, хушмуомалалик, омонатдорлик, силаи раҳм, хизматга яраша ҳақ бериш, ҳаммага яхшилик қилиш, қўшнилар ҳаққига муҳофаза қилиш, дўстнинг ҳаққига риоя қилиш ва меҳмонни эъзозлаш. Барчасининг боши эса ҳаёдир”.

Имом Абулҳасан Мовардий раҳматуллоҳи алайҳ ҳаё уч қисмга бўлинади деганлар:

Биринчиси Аллоҳдан ҳаё қилишдир. У Аллоҳ таолонинг барча амр ва фармонларига итоат қилиш ва қайтарган нарсаларидан ўзини тийишдир.

Иккинчиси одамлардан ҳаё қилишдир. У одамлар билан чиройли муомала қилиб, тил ва қўл орқали етадиган озорлар билан уларни ранжитмасликдир.

Учинчиси киши ўзидан ҳаё қилишдир. У ҳеч ким кўрмайдиган жойда ўзини ножўя ва ноўрин ҳаракатлардан сақлашидир.

Ҳаёли инсон гапирар экан, оғзидан ёмон сўзлар чиқиб кетишидан, бошқаларнинг сирини ошкор қилишдан ўзини тияди. Ҳаёсизликда ўзгаларнинг инсоний ҳақларини поймол қилиш бор. Ҳаё ўз эгасини жаннатга киришига сабаб бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

اَلْحَيَاءُ مِنَ الْإِيمَانِ وَالْإِيمَانُ فِي الْجَنَّةِ وَالْبَذَاءُ مِنَ الْجَفَاءِ وَالْجَفَاءُ فِي النَّارِ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ أَحْمَدُ وَالْإِمَامُ ابْنُ حِبَّانَ)

яъни: “Ҳаё – имондандир, имоннинг жойи эса – жаннатдир. Беҳаёлик эса – жафодандир, жафонинг жойи – дўзахдадир” (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).

Ҳаё бобида гапирар эканмиз, беихтиёр жаноб Расулуллоҳнинг ҳаёлари ҳақидаги Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳунинг сўзлари ёдимизга тушади:

كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَشَدَّ حَيَاءً مِنْ الْعَذْرَاءِ فِي خِدْرِهَا وَإِذَا كَرِهَ شَيْئًا عُرِفَ فِي وَجْهِهِ

(َروَاهُ الْإِمَامُ الْبُخَارِيُّ)

 яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаё бобида чимилдиқдаги келиндан ҳам ўтар эдилар. Агар бирор нарсани ёқтирмасалар, юзларидан (ёқтирмаганлик аломатлари) билинар эди” (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўлдики, имон қанчалик кучли бўлса ҳаё ҳам шунчалик кучли бўлади. Чунки Пайғамбаримизнинг имонлари энг кучли эканида ҳеч шак-шубҳамиз йўқдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга қандай ҳаё қилишни ўргатганлар. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда шундай дейилади:

اسْتَحْيُوا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ قَالُوا: إِنَّا لَنَسْتَحْيِي مِنَ اللَّهِ يَا رَسُولَ اللَّهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ، قَالَ: لَيْسَ ذَاكَ، وَلَكِنْ مَنِ اسْتَحْيَا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ فَلْيَحْفَظِ الرَّأْسَ وَمَا وَعَى، وَلْيَحْفَظِ الْبَطْنَ وَمَا حَوَى، وَلْيَذْكُرِ الْمَوْتَ وَالْبَلاءَ، وَمَنْ أَرَادَ الآخِرَةَ تَرَكَ زِينَةَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا، فَمَنْ فَعَلَ ذَلِكَ فَقَدِ اسْتَحْيَا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ

(رواه الإمام البيهقي)

яъни: “Аллоҳдан чинакам ҳаё қилинглар”, – дедилар.  Улар: “Ё Расулуллоҳ, биз ҳаё қиламиз, алҳамдулиллаҳ”, – дейишди. Шунда у зот: “Йўқ, у (намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳажга бориш каби амалларингиз) ҳақиқий ҳаё эмас. Ҳақиқий ҳаё – бош вa ундаги (кўз, қўлоқ, бурун, оғиз, тил каби) бaрчa aъзoни (Aллoҳ қайтаргaн нaрсалaрдaн) сaқлaш, қoрин ва ундаги (озуқа, фарж сингари) бaрчa aъзoни (ҳаромдaн) тийиш ҳамда ўлимни ва ундaн кeйинги чириш (aзoб-уқубaт)ни эслашдирКим охиратни хоҳласа, ҳаддан зиёда дунёга ҳирс қўймасин. Кимки буларга амал қилсa, Aллoҳдaн ҳaқиқий ҳaё қилибди”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, кўзини номаҳрамларга қарашдан, қулоғини номақул гап-сўзларни эшитишдан, тилини ғийбат, ёлғон, бўҳтонлардан, қорнини ман қилинган нарсаларни истеъмол қилишдан, бошқа аъзоларини эса ҳаромдан тийган ва ўлимни эслаб юрган кишигина ҳақиқий ҳаё қилган ҳисобланади. Ҳаё бобидаги қуйидаги ҳадиси шарифни уламоларимиз Исломнинг мадори яъни, Исломнинг асосий таълимотларини ўз ичига олган ҳадислар сарасига киритганлар. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

“إِنَّ مِمَّا أَدْرَكَ النَّاسَ مِنْ كَلَامِ النُّبُوَّةِ الْأُولَى: إِذَا لَمْ تَسْتَحْيِ، فَاصْنَعْ مَا شِئْتَ”

(رَوَاهُ الإمام الْبُخَارِيُّ)

яъни: ““Ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қилавер”,(деган гап) одамларга етган биринчи нубувват сўзларидандир” (Бухорий ривоят қилган). Ҳадисдаги “Ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қилавер” деганларини уламолар қуйидагича шарҳ қилганлар: бу жумла огоҳлантириш маъносида бўлиб: “Агар ҳаё қилмасанг, билганингни қил, қилмишингга яраша жазо оласан” деган маънода айтилган. “Нимани истасанг, шуни қилавер” маъносида эмас. Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: “Бахтсизликнинг нишонаси қуйидаги нарсаларда кўринади деганлар:  бешарм ва беҳаё бўлиш, кўнгли қаттиқ ва дағал бўлиш, молу дунёга ҳаддан ортиқ муккасидан кетиш”, – дер эди.

Муҳтарам жамоат! Афсуски, баъзи бир ота-оналар фарзандларини таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи ва шарм-ҳаёсига бепарво бўлмоқдалар. Натижада, айрим ёшларимиз ғарб маданиятига тақлид қилиб, ҳаё чегарасидан чиқиб кетмоқда, уларнинг оғзидан чиқаётган сўзларга ўзлари уялмасалар-да, атрофдагилар ноқулай аҳволга тушиб қолмоқда. Зеро, Аллоҳ таоло фаҳшни ҳам, фаҳш сўзни сўзловчини ҳам севмайди.  Ояти каримада шундай дейилади:

قُلْ إِنَّمَا حَرَّمَ رَبِّيَ الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَالْإِثْمَ وَالْبَغْيَ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَأَنْ تُشْرِكُوا بِاللَّهِ مَا لَمْ يُنَزِّلْ بِهِ سُلْطَانًا

وَأَنْ تَقُولُوا عَلَى اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ

яъни: “Айтинг: «Раббим, албатта, фаҳш ишларнинг ошкораю пинҳонасини, гуноҳ (ишлар)ни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳ ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарса(лар)ни Унга шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди” (Аъроф сураси, 33-оят).

Ибн Арафа: “Ҳар бир Аллоҳ қайтарган иш – фаҳшдир”, – деганлар.

Биз фарзандларимизни замон билан ҳамнафас қилиб тарбиялаш билан бирга, шу кунимизда кенг тарқалган, беҳаёликни тарғиб қиладиган воситалар ва йўллардан ҳимоя қилишимиз керак. Сир эмас, айрим ёшларимиз телефон аппаратлари ва бошқа воситаларда порнографик маҳсулот (расм, видео, кино)ларни сақлашмоқда ва бу ҳам етмагандек бошқаларга тарқатишмоқда. Бу нарса давримизда ёшларни ўз домига тортувчи катта балога айланиб улгурди. Хўш, бунга қарши курашга ким масъул? Бизнингча, ҳар бир оила, ҳар бир ота-она фарзандларига, уларнинг фаҳш нарсаларни сақлаши мумкин бўлган асбоб воситаларига эътибор қаратиб, вақти-вақти билан назорат қилиб туришлари ва фойдали машғулотлар билан банд қилиш лозим. Аксарият нохушликлар, жиноятлар бекорчиликдан келиб чиқади. Айниқса, уларни турли фан ва спорт тўгаракларига  жалб қилиш фойдали бўлади.

Йигит-қизларнинг кийиниш маданияти ҳам миллий қадриятларимизга тўғри келмай қолмоқда. Бу ҳолат миллатимизнинг маданияти, миллийлиги йўқолиб боришига сабаб бўлаётган омиллардандир. Ёшларни бундай аҳволга солаётган нарса нима бўлиши мумкин? – деб ўйлаймиз. Бунга сабаб оиладаги муҳит. Халқимизда бир гап бор: “Қуш уясида кўрганини қилади”. Ҳақиқатдан ҳам, фарзандлар энг кўп маълумотни ота-онасидан йиғади, ота-она беҳаё сўзларни гапирса, уруш-жанжал қилса, фарзандлар улардан ўрганади. Оиладаги муҳит носоғлом бўлса, фарзандга катта таъсир кўрсатади. Ярим кечаси бола кўчадан кириб келади, бунга ота-она бефарқ қарайди. Айниқса, қиз болаларда бундай ҳолатнинг кузатилиши – жуда оғир масала. Бундай ҳолатлар беҳаёликка, оғир оқибатларга олиб боришини наҳотки ўйлашмайди?! Ота-она “Қаердан келдинг?”, “Ким билан эдинг?”, “Нега кеч келдинг?” каби саволларни бермаса, уларга ким тарбия беради?! Хуллас, “ҳаё” деганда, ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолони кўриб турганини ҳис қилиб яшаш, гуноҳлардан ўзини тийиш билан намоён бўлади. Шу руҳда тарбияланган инсон бировга, гарчи у билмаса-да, кўрмаса-да, хиёнат этмайди, обрўсини тўкмайди, зулм қилмайди, ҳақини топтамайди. Ичи билан таши бир бўлади. Биров бор пайтда – бошқача, йўғида эса бошқача муомала қилмайди ва ҳоказо.

Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилиб, ҳақиқий ҳаё билан зийнатласин! Омин!

ИЛОВА

Ҳурматли имом-домла! 20.08.2018 куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши раиси, муфтий Усмонхон Алимов томонидан тасдиқланган “Ўзини-ўзи турли йўллар билан қасддан  ўлдиришнинг оғир гуноҳлиги  ҳақида фатво” билан танишиб чиқиб, уни жамоатга етказишингиз сўралади. Фатво матни илова қилинади.

Муҳтарам имом-домла! Масжидларда намоз вақтига қатъий риоя этиб, хусусан, жума намозини белгиланган вақтдан ўтказмаган ҳолда адо этишингиз ва жума иш куни бўлгани учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз тавсия этилади!

Hayo imondan juma tezisini pdf форматда юклаб олиш

Манба: muslim.uz