Ҳар ким севгани билан бирга бўлади

1083

Бир аъробий Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан сўради:

  • Ё Расулуллоҳ, қиёмат қачон бўлади?

Бунга жавобан Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:

  • Қиёматга бирор тайёргарлигинг борми, сўраяпсан? – дедилар.
  • Эй Аллоҳнинг Расули, тўғриси ҳеч қандай тайёргарлигим йўқ. Мақтанадиган бирор амалим ҳам йўқ. Бироқ Аллоҳ ва Унинг Расулини қаттиқ севаман – деди аъробий.

Кутилмаганда, Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилдилар: “Сен охиратда севганинг билан бирга бўласан”.

Бунга гувоҳ бўлган саҳобалар: “Ҳаётимизда эшитган энг гўзал гап ана шу, энг кўп қувонган пайтимиз ўша пайт бўлди”, дейишди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг мақом мартабалари баланддир. Чунончи, У Зотни жаннатда кўролмасак нима бўлади?! У кишини кўриш, У зот билан суҳбатлашиш, нурли чеҳраларига термулиш бизга насиб қилармикан! Ахир жаннатни исташдан мақсад Аллоҳ таолонинг дийдорига етишиш, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан тўйиб-тўйиб суҳбатлашиш эмасми?

Азиз биродарлар хавотирланмайлик!

Чунки Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги сўзлари биз учун буюк бир хушхабардир. Билдикки, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни севсак, севганимизни амалда кўрсата олсак, қиёматда у киши билан бирга бўлар эканмиз. Дийдорлашув амалга ошади, ҳақиқат бўлади.

Шубҳасиз бу бизлар учун катта неъмат ва хушхабардир. Шундай экан, Аллоҳ таолони севайлик, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни  ва У зоти  бобарокотнинг йўлидаги солиҳ инсонларни севайлик. Улар билан бирга бўлишга интилайлик. Биз ҳам лоақал у йўлда юришга ҳаракат қилайлик. Табиий биз саҳобалардек бўла олмаймиз. Аммо холис ва самимий, жону дилдан ғайрат қилсак охиратда у солиҳ инсонлар билан бирга бўлиш бахтига муяссар бўламиз. Жаннатда улар билан бирга бўлиш нақадар улуғ бахт.

Андижон шаҳар

“Чинор” жоме масжиди имом хатиби

Авазбек Мўминов