Aллоҳ таоло тарафидан инсон мукаррам ва азиз қилиб яратилган зотдир. Одамзотдан бошқа маҳлуқотлар кўплаб яратилган бўлсада, аммо ақлдек жавҳарга фақат инсон мушарраф бўлган. Ҳар бир иш ва юмушни ақл ишлатиб, фикр қилиб кўриш инсоннинг бурчидир. Одам учун фойда ва савобли ишларнинг бири бу луқмани ҳалол қилишдир. Инсоннинг танасини дўзах ўтидан сақловчи бир сабаб – айнан ҳалол луқмадир. Шариатимиз инсоннинг касб-кори фақат ҳалол бўлиши, ризқ-рўзининг манбаи бирор шубҳа аралашмаган ҳалол маблағдан бўлишига чақиради. Бизнинг динимизда ҳалол луқма талаб қилиш ҳатто фарз даражасига кўтарилган.

Қуръони карим ва суннати набавия ҳукми ила ҳалол ва ҳаром ўртасидаги фарқ очиқ ойдин баён қилинган. Ким ўзини уларга таслим санаса, ҳаромдан ҳазар қилсин, ўзганинг ҳаққига тажовуздан тийилсин. Шундагина Ислом уммати номига муносиб бўламиз. Aллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

“Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Aлбатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 168-оят). Ушбу ояти каримада шайтоннинг изларидан ергашиш ҳалол-пок ризқларни ейишга зид қилиб қўйилмоқда. Бундан мурод – “Шайтоннинг йўлида юрганларни ҳалоллик йўлидан юришга қўймайди”, деганидир. Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Aбдуллоҳ: “Нажот уч нарсада – ҳалол ейиш, фарзларни адо етиш ва Набий алайҳиссаломга эргашишдадир”, деганлар.

Демак, мусулмон инсон ҳаромдан, бировнинг ҳаққидан дўзахга тушишдан қўрққан каби қўрқиши зарурдир. Зотан, инсон бировнинг игна қадар ҳаққи сабабидан ҳалокатга учраши мумкин. Бу еса турли касб ва соҳаларда хизмат қилаётганлар иймону ихлос билан ҳалолликни лозим тутишини ифодалайди. Aйниқса, ҳозирги кунимизда насияга савдо қилиб ёки қарз олиб, ҳатто имконият бор бўлса ҳам ўзгаларнинг ҳаққини ўз вақтида бермай, ҳақдордан яшириб юриш ҳолатлари кўп учрамоқда. Ваҳоланки, бундай ҳолат шариатимизда улкан гуноҳ экани, ҳақдорга нисбатан зулм экани айтиб ўтилган. Қарздор ҳолатда вафот этган инсон Қиёмат кунида оғир аҳволда қолишидан огоҳлантирилган.

Қуръони Каримда ҳалол касб қилиш ҳақида Aллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“У (Aллоҳ) сизларга ерни хокисор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас у ернинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Aллоҳ) берган ризқлардан тановул қилингиз, (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир”.

Ҳадиси шарифларда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ҳалол касб ҳақида қуйидагиларни айтганлар: “Мен Маккаликларнинг қўйларини боқар эдим” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳаром ейиш, яъни, Aллоҳ ман қилган нарсаларнинг истеъмоли дунёнинг ўзида ҳам, охиратда ҳам ёмон оқибатларга олиб келади. Ҳалол касб деганда, ҳалол нарсаларга ҳалол йўл билан эга бўлишлик тушунилади. Бу ҳолатларнинг ҳаммаси очиқ-ойдин баён қилинган, уни ҳамма билади. Ҳалол меҳнат, мерос, ҳадия, икки тараф розилиги билан бўлган тижорат туфайли қўлга кирган мол-мулк ҳалол бўлади. Ҳар бир мусулмон киши ўзи ҳалол бўлган нарсани шариатда ҳалол қилинган йўл билан топиб фойдаланишлиги керак ва лозимдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки кун бўйи ишдан, меҳнатдан чарчаб, кечқурун ҳалол меҳнатнинг чарчоғи билан ётса бомдодгача Aллоҳ унинг гуноҳини кечиради”, – дедилар.

Ҳалол меҳнатнинг фазилати, ҳалол касбнинг шарофати гуноҳларини кечиришликка сабаб бўлади. Тоатларни қабул бўлишига сабаб бўлади. Фарзандларни ҳалол покиза ризқ билан боқишликка сабаб бўлади.

Ўтган барча пайғамбар алаҳимус саломлар ҳам ўзлари мустақил касб-ҳунар билан шуғулланиб, ўз умматларига ҳалол касб қилиш борасида чиройли намуна бўлишган.

Хусусан, Одам алайҳиссалом деҳқон бўлганлар ва шу билан бирга биринчи мураббий ҳамдирлар. Нуҳ алайҳиссалом кема ясашни ўрганганлар, Довуд алайҳиссалом моҳир темирчи бўлиб, мустаҳкам совутлар ясаганлар, Мусо алайҳиссалом саксон йил қўй боққанлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам пайғамбар бўлмасликларидан аввал қўй боққан ва тижорат билан шуғулланганлар.

Демак, азизлар фарзимизни унутмайлик. Ҳалол касб қилишга ҳарис бўлиб, оила аъзоларимизни келажакда салоҳиятли инсон бўлиш етишишга сабаб бўлиб олишга ҳаракат қилайлик. Ҳаммаларимизни ҳалолдан ризқларимизни кенг қилсин.

Анваржон домла Ибайдуллаев,

Олтинкўл тумани

“УЙШИН” жоме масжиди имом-хатиби