Халол савдогарнинг мукофоти

577

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Тўғрисўз, халол ва омонатдор савдогар қиёмат куни пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”
Одатда саҳийликни кўпроқ бадавлат одамлардан бўлаётганини кузатиб қоламиз. Аслида эса хар биримиз қурбимиз етганича, имконият даражасида саховат кўрсатишимиз, мурувватли бўлишлигимиз исломий одобдир. Айниқса, элу-юртимизнинг бошига мана бундай мусибат тушиб, аҳолининг озиқ-овкатга эхтиёжи тушиб турган бир пайтда, мухтожларга ёрдам кўрсатиш, уларга мурувват қилиш динимиз кўрсатмаси ҳамдир.
Мўмин мусулмон кимсалар эл бошига синов келган кунларда бир-бир-бирларига саҳоват кўрсатиб яхшиликлар қилсалар Аллоҳнинг ризосини топадилар. Сахийлик хақида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан қатор хадиси шарифлар ривоят қилинган. Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар. “Ким Аллоҳ розилиги учун эхсон эшигини очса, Аллоҳ унга дунё ва охират яхшилигини беради”. Обрў эътибор учун бойликнинг ўзигина сабаб бўла олмайди. Аксинча, мусулмон киши эл-юрт орасида танглик кунларида етим-есирлар, бева-бечоралар ва мухтож кимсаларга кўрсатган саҳовати билан аввало, Аллоҳнинг ҳузурида, қолаверса инсонлар орасида азизлик топади мартабаси, обрў-эътибори юксак даражада кўтарилади.
Бу борада бизларга Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи икромлари намуна бўлганларни мисол қилиб келтиришни лозим топдим.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳалифалик қилаётган вақтларида бир йил ёғингарчилик кам бўлиб очарчилик бошланади. Абу Бакр розияллоҳу анҳу одамларга: «Бор нарсаларингни беркитмай то Аллоҳ кенглик бергунга қадар еб туринглар», деб буюрадилар. Эртасига Абу Бакр розияллоҳу анҳуга Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳовлиларига минг қоп буғдой ва таом келиб тушганлигини хабари етиб келди. Эрталаб савдогарлар Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳовлиларига бориб эшикларини қоқдилар. Усмон розияллоҳу анҳу эшикни очиб уларга пешвоз чиқдилар-да, «нега келдингиз» деб сўрадилар. Улар «сизнинг уйигизга минг қоп буғдой ва таом келиб тушибди, шуни эшитиб сотиб олгани келдик» дейишди. «Ундай бўлса, марҳамат, ичкарига кираверинглар»— деб Усмон розияллоҳу анҳу уларни ҳовлига бошлаб кирадилар. Ҳовлида буғдойлар тўлиб ётибди. Усмон розияллоҳу анҳу уларга қараб: «Шомдан сотиб олган баҳойимга қанчадан фойда бера оласизлар?» деб сўрадилар. Улар: «ҳар ўн дирҳамига икки дирҳамдан қўшиб берамиз», дейишди. Усмон розияллоҳу анҳу «бу камлик қилади», деганларида улар «бўлмаса, ҳар ўн дирҳамига беш дирҳамдан қўшиб берайлик» дейишди. Усмон розияллоҳу анҳу «яна қўшинглар» деганларида, улар «яна қанча қўшайлик, ахир биз Мадина савдогарларимиз-ку?» дейишди. «Ҳар бир дирҳамига ўн дирҳамдан қўшиб бера оласизларми?» дедилар. Улар «йўқ» деб жавоб беришди. «Ундай бўлса сизлар гувоҳ бўлинг, эй савдо аҳли, бу буғдой Мадина камбағалларига садақа қилинади» дедилар. Мазкур минг қоп буғдойни ҳаммасини бепул Мадина камбағалларига садақа қилиб юборганликларини ибни Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар. Усмон розияллоҳу анҳу шу даражада олий ҳиммат ва саҳий инсон эдилар
Саҳобалар ва буюк алломалар бизларнинг йулчи юлдузимиздир. агар уларнинг қилган барча эзгу амалларини хаётимизга тадбиқ эта олсак, албатта нажот топгувчилардан буламиз. Гарчи биз уларчалик була олмасак ҳам, ҳаммамиз имконият даражамизда, хеч бўлмаса кушни, ёйинки, кариндош уруғимизга ёрдам қўлимизни узатсак, бу арзимас ёрдамимиз яратган роббимиз наздида улкан булади.
Аллоҳ барча халол савдогарлардан ва барча мўмин-мусулмонлардан рози бўлсин.


Мақсудали Қосимов