Халқимиз орасида: «Бошга бало келса хўлу қуруқ баробар ёнади», деган гап бор. Аслида бу гап ҳақиқатга яқин айтилинган.

Инсон Ҳаққа итоат ва ибодат шарофати ила  ишларида унум ва баракага эришганидек, маъсият ва исёнлари туфайли ҳам балога дучор бўлмоғи бор. Гуноҳлар ортидан келадиган мусибатлар эса эгасининг ўзигагина урмай хонадонига, қолаверса жамиятга ҳам салбий таъсир қилади. Демак, банда доимий ёмонликлари билан нафақат ўзини, оиласини, ҳатто атроф муҳитни ҳам зарарланишига, бошга турли офат ва балолар келишига сабабчи бўлиб қолар экан. Мўминлар бир-бирларига ойнадирлар. Ҳато нуқсонларини ўзига айтиб яхшилик йўлига бошлаб ўрнак бўладилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта кишиларда золимликни кўрсанглар-у, унинг қўлидан тутиб бу ишидан қайтармасанглар тез фурсатда Аллоҳ таоло барчангизни умумий бир азобга гирофтор қилади», деб айтганларини эшитдим, дедилар. (Абу Довуд, Термизий ва Насайилар ривояти).

Демак, банда нафақат ўзини, қолаверса яқинлари, дўст-ёрларини юриш туришига ҳам ўз масъуллигини ҳис қилмоғи зарур. «Менга нима?», қабилида иш тутмоқлик, бепарво ва лоқайд бўлишлик мўминлик сифатига асло ярашмайди. Банданинг золим бўлишлиги, ўзгаларга озор ва азоблар бериши балога сабаб бўлар экан. Золимлик, исён ва туғёндир. Афсуски, бировга насиҳат қилсангиз, ёмонликдан қайтарсангиз, «Сенга нима?», деган жавобни эшитасиз. Бу ачинарли ҳол. «Бир болага етти маҳалла ота-она», деган улуғларимиз панд-насиҳати қаерда қолади? 

  Банда ўзининг бузуқ ҳулқ-атвори билан жамиятга ҳам, одамларга ҳам зиён етказмоғи бу унинг ҳаддидан ошишидир. Нафақат зарар келтирар экан, ҳатто омматан балоларга ҳам сабабчи бўлар экан. Бир-бирларимизга амру маъруф қилиб тўғри йўлга чақирмасак, наҳи анин мункар қилиб ёмонликдан тўсмасак мусибатлар гирдобида қолишимиздан асрасин. Бугун инсониятнинг бошига келган вирус балосидан тўғри хулоса чиқармаган инсонни ақл эгаси деб бўладими? Инсон бошига тушган бало ва офатларни мулоҳаза қилиб ўзини ислоҳ қилиб, имон йўлига ўтмоғи зарур. Инсон гуноҳга ботиб яқинларини юзини ерга қаратмасин. Маъсиятлари билан жамиятини булғамасин, оммаи халқ бошига бало келишига сабабчи бўлиб қолмасин. Золим, зулмкор бўлмасин! Аллоҳдан қўрқсин!

Мулоҳаза шуки, ҳар бир банда  Ҳақ йўлда юрмоғи,  ҳаётини яхшиликлар билан ўтказмоғи, оиласи ва жамият олдидаги, асосийси яратган Аллоҳ олдидаги одамийлигини унутмаслиги зарур.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Абдурахмон домла АРТИҚОВ,

Андижон шаҳар «Уйғур»

жоме масжиди имом-хатиби.