ГИЁҲВАНДЛИК

989

Кейинги асрларда бутун онаи заминга кенг тарқалган бир иллат бугунги кунда ҳаммамизнинг ташвишимиз бўлиши лозим. Бу иллат – гиёҳвандлик.
Гиёҳвандлик нафақат бу иллат билан шуғулланувчиларга, балки бутун жамиятга таҳдид солади. Шунинг учун ҳам ҳар йили 26 июнь Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни деб эълон қилинган.
Бу борада Республикамизда ҳам доимий равишда тадбирлар ўтказилиб бориляпти. Жумладан, коллеж, мактаб ва бошқа ўқув муассасасаларида барча соҳа вакиллари ҳамкорлигида тадбирлар ўтказилиб, ёшлар ўртасида тушунтириш ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.
Инсон учун энг бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Ислом таълимотида инсон жони, ақли ва сиҳат-саломатлигини сақлаш, муҳофаза этиш энг муҳим мақсадлардан бўлиб ҳисобланади.
Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, имон-эътиқодига хавф хатар солиш билан бир қаторда мустақил мамлакатимиз ривожланиши ва тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.
Инсоннинг эътиқоди кучли, мустаҳкам бўлиши билан бирга тани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларга бардош бера оладиган бўлмоғи лозим. Бу ҳақда Ҳазрати жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар:
“Кучли, бақувват мўмин киши Аллоҳ наздида кучсиз мўминдан кўра яхшироқ ва севимлироқдир”.
Демак, инсон Аллоҳга маҳбуб бўлиш йўлида сиҳат-саломатлиги ва соғлиғига катта аҳамият бериши ва уни барча зарарли нарсалардан, хусусан гиёҳвандлик, бангилик, руҳий ичимлик, зино, рибохўрлик каби иллатлардан сақламоғи вожибдир. Зеро Аллоҳ таоло бизларга Ўзининг покиза неъматларини инъом қилиб, ўша покиза неъматлардангина истеъмол қилишга буюрган:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُواْ مِمَّا فِي الأَرْضِ حَلاَلاً طَيِّباً وَلاَ تَتَّبِعُواْ خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ
Яъни: “Эй инсонлар! Ердаги нарсалардан покиза ҳалол ҳолатда енглар! Ва Шайтоннинг изларига эргашманглар! Албатта, у сизларга очиқ душмандир”
Гиёҳвандлик иллати бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммосига айланди. Турли соҳа мутахассислари ушбу ижтимоий муаммо бўйича иш олиб бормоқдалар. Гиёҳвандликка қарши курашиш юзасидан маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг барчаси инсониятни, хусусан ёш авлодни бу хатарли балодан сақлаб қолиш ташвишида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда. Дарҳақиқат, бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.
Гиёҳвандликнинг кишилар соғлиғига, оилаларга, иқтисодга, одоб-аҳлоққа, умуман инсон ҳаётининг барча соҳаларига солаётган таҳдиди кун сайин, соат сайин ортиб бормоқда.
Аллоҳ таоло бу ҳақда барчаларимизни огоҳлантириб, айтади:
وَلاَ تُلْقُواْ بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ وَأَحْسِنُوَاْ إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ
Яъни: “…Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!”
Динимиз таълимотларида инсон ҳаёти, соғлиғига зарар берадиган, ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай кайф берувчи моддани, у маст қилувчи ёки кайф қилувчи бўлишидан қатъий назар, зарарли деб ҳисобланади. Имом аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтиррувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” дейилган.
Уламоларимизнинг айтишларича, мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик шаръан ҳаром эканлигига далолат қилади.
Гиёҳвандлик ёки бангиликнинг бошланиши ва келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим деб топдик.
Биринчидан: Гиёҳванд моддаларга мойиллик, унга ўрганиб қолишликда шахснинг ҳолатлари аҳамиятликдир. Масалан, тажанглик, асабий ҳолатлари, ўзини назорат қила олмаслиги, иродасизлиги, ўз талабини қондира олмаслик, баъзи ҳаётий қийинчиликларга бардош бера олмаслик.
Иккинчидан: Ёш авлодни келгусидаги жисмоний ва маънавий шаклланиши, асосан оиладаги муҳит, ота-онасининг кимлиги, оилада қандай ўрин эгаллашига, эр-хотиннинг ўзаро муомаласига, фарзандининг ҳар томонлама шаклланишида улар олиб бораётган тарбиявий ишларга боғлиқ.
Учинчидан: Ҳаёт шуни кўрсатадики, ёш авлоднинг камол топишида, маълум бир фойдали яхши ёки ёмон йўлга киришида атроф теваракдаги ўртоқлари, ошна-оғайнилари, айниқса ўша муҳитдаги ўртоқларининг таъсири каттадир.
Шунинг учун оилада, ёшларнинг тарбиясида ҳамма вақт уларни қаерда ва кимлар билан биргаликда бўлишлари, нима иш билан машғул эканлари, қандай ўртоқлари борлигини назорат қилиш жуда муҳимдир.
Инсон ҳаёти, ёш авлод келажагига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандлик-бангиликка қарши курашиш мустақил юртимизнинг ҳар бир фуқароси, қолаверса, ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан бўлиб ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётидаги мавжуд ҳар қандай зарарли иллатни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар биримизнинг вазифамиз, шарафли бурчимиздир.

Асака туман бош имом-хатиби Шаҳобиддин домла Парпиев