SONY DSC

Гиёҳвандлик – наркотик моддаларга ўрганиб қолиш, аниқроғи, табиий ёки заҳарли синтетик моддаларни (айрим дори моддалари) вақтинча ёки сурункасига истеъмол қилиш натижасида келиб чиқадиган касаллик. Гиёҳвандлик танада ва руҳиятда жиддий ўзгариш юз беришига сабаб бўлади ва гиёҳвандни таназзулга олиб боради. Бу эса ўз навбатида, нафақат гиёҳвандга, балки бутун жамиятга кўплаб зарар етказади.

Гиёҳвандликка, одатда, иродаси кучсиз, ўзини тия олмайдиган, ўткир сезгиларни ўзида синаб кўришга қизиқувчан, руҳан заиф ва ўта худбин кишилар берилувчан бўлади. Ёшлар тарбиясидаги нуқсон ва камчиликлар, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиб юрувчи катта ёшдагиларга тақлид ва ҳавас, оиладаги нохуш шароит (ота-онанинг ичкиликбозлик ёки гиёҳванд бўлиши) ҳамда гиёҳванд моддаларнинг осон топилиши ёки қўл остида бўлиши ҳам гиёҳвандликка сабаб бўлади.

Гиёҳ­вандликнинг жамиятга зарарлари беҳад кўпдир. Унга мубтало бўлган кимсада аввало ўзига, сўнг оиласи, касби ёки ўқишига нисбатан қизиқиш қолмайди. Айниқса, ёш авлоднинг гиёҳвандликнинг бирин­чи навбатдаги қуpбони бўлиши жуда ҳам ачинарли ҳолдир.

Бу оғунинг салбий оқибатлари фақат шахс ёки жамиятга эмас, балки бориб-бориб бутун мамлакатнинг тараққиётига пyтyp етказиши, сиёсий тузум ва қонунчиликни издан чиқишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Гиёҳвандлик инсон жисмини қанчалик хароб қилса, шахс ва жамиятнинг мол-мулкига ва бойлигига ҳам худди шундай зарар етказади. У тинч-тотув оилаларни бузади, болаларни етим қилади, қашшоқлик, мyҳтoжликда яшашга мажбур этади, охир­оқибат, бундай касаллик, ўлим ёки қамоқхона билан якунланади.

Тарих сабоқларидан маълумки, мустамлакачи давлатлар қайси бир кичик мамлакат халқини ўзига бўйсундиришни хоҳлаca, фақат acлаҳа воситаси билан эмас, балки ўша халқнинг, айниқса, ёшларнинг ақл-идрокини, ирода ва ҳамиятини сусайтирадиган, маънавий ва ахлоқий тушкунликка туширадиган воситаларни қўллаган. Шундай воситаларнинг ичида энг кучлиси – гиёҳванд моддалардир. Зеро, мамлакатда рўй берган ижтимоий тушкунлик бориб­бориб иқтисодий тушкунликка олиб келади. Моддий эҳтиёж эса, хорижий давлатларга қаpaм бўлишни тақозо этади. Хориждан келадиган моддий, инсонпарварлик ёрдамлари доим ҳам беғaраз бўлавермайди.

Мамлакат  суверенитети учун яна бир хатар шундаки, гиёҳвандликка ружу қўйгaн кимсалар бу “қимматбаҳо” матоҳни мунтазам харид қилиб туриш учун доимо пулга муҳтож бўлади. Бунинг учун улар нафақат ватанини, балки иймонини ҳам арзонгаров сотиб юборишга тайёр бўлади. Уларнинг бу хусусиятларини яхши биладиган баъзи хизматлар улардан жосус сифатида фойдаланади. Бу эса ҳар қандай давлат учун катта фалокатдир.

Гиёҳвандликнинг ёшлар ўртасида тарқалиши катта ёшдагилар ўртасида тарқалишидан-да хатарли. Ёшлардан бирининг гиёҳвандликка берилиши бевосита у мансуб бўлган оилага жуда катта зарарлар келтиради, буни асосан қуйидaгиларда кўриш мумкин:

  1. Эр-хотин муносабатлари бузилиши;
  2. Касалликларнинг кўпайиши;
  3. Қашшоқлашув;
  4. Ногирон фарзанд туғилиши.;
  5. Фарзандлар тарбиясининг издан чиқиши;
  6. Бу иллатни фарзандларига ҳам ўргатиши;
  7. Инсоний фазилатларнинг йўқолиши ва тубанлашуви;
  8. Оилаларнинг бузилиши ва фарзандларнинг етим бўлиши каби кўплаб ҳолатлар;

Аллоҳ таоло инсонга беҳисоб неъматлар берган, банда ўзига берилган неъматларни дунё ва охират ҳаёти учун фойдали бўлган йўлда ишлатмоғи лозим. У зот Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:  “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратингни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама. Чунки, Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасас сураси, 77-оят)

Ёки бошқа бир ояти каримада: “Шунингдек енглар ва ичинглар, (лекин) исроф қилманглар! Зеро, у исроф қилгувчиларни севмайди”, дейилган (Аъроф сураси, 31-оят)

Гиёҳвандликка қарши курашиш барчамизнинг олдимизда турган бош вазифадан биридир. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва уларни иш билан таъминлаш муаммоси ҳал этилса, оммавий ахборот воситаларида «пиво ёки тамакининг энг зўр нави»ни реклама қилиш ўрнига гиёҳвандликнинг оқибати ва зарарлари ҳақида фақат халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш кунида эмас, ҳар куни ахборот-тарғибот ишлари олиб борилса;

мактаб ва маҳаллалар ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилса;

шифокорлар, участка инспекторлари, дин пешволари, руҳиятшунослар янада жипслашиб ҳаракат қилса,  бу иллатга қарши курашиш бундан-да самарали бўлади, иншоаллоҳ.

Аср вабоси аталмиш гиёҳвандлик хасталигига дучор бўлишдан бизларни, кўзимизнинг оқу-қароси бўлган фарзандаримизни Ўзи хифзу-ҳимоясида асрасин.

Анваржон домла Ибайдуллаев,

Олтинкўл тумнани

“Уйшин” жоме масжиди имом-хатиби