Маълумки, Исмлом дини аҳкомлари инсоннинг дини, жони, аҳли, насли ва саломатлигини сақлашга қаратилган. Инсоннинг соғлиги, оиласи, иқтисоди, одоб-ахлоқи, умуман инсон ҳаётининг барча соҳаларига таҳдид солиб турган иллатлардан бири – гиёҳвандликдир.

Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи, заифлаштирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан ман этганлар”.

Бу ҳадис билан истемол қилганда, танани, аъзоларни, асабни ва бошқа жойларни бўшаштирувчи ҳар қандай нарса харом бўлади. Ҳудди шу ҳадиси шарифда айтилаётган “бўшаштирувчи” сифати ажнабий тилларда “наркотик”деб номланаётган гиёҳвандлик моддаларининг алоҳида васфидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Имом Муслим  ривоят қилган бошқа бир ҳадисларида: “Ҳар бир маст қилувчи хамрдур ва  ҳар  бир  хамр ҳаромдир”, деб марҳамат қилганлар.

Шунинг учун нашами, қора дорими, героинми, кокаинми, кўкнорими, ароқми барчаси ҳаромдир. Имом ал-Урофий ақлга таъсир ўтказувчи нарсаларни зикр қилганда нашани муфсид – бузувчи нарсалардан деб таъриф қилганлар. Бу моддаларни тановул қилиш молу дунёни, бойликни исроф бўлишига олиб келади.

Саломатликка етказадиган зарарлари ҳақида қуйидагиларни айтиш мумкин: Гиёҳванд моддалар кишини меъдасига, жигар фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Ўпкасини ишдан чиқаради. Шунингдек, асабига ва шу орқали инсонда кўриш, эшитиш, ҳид билиш, фикр юритиш, иссиқ-совуқни, қаттиқ- юмшоқни, ширин-бемазани сезиш хусусиятлари йўқолишига олиб келади. Ухлай олмаслик, сустлик, аъзои баданнинг оғриши, иштаҳасизлик, ғамгинлик, кўзни ёшланиши, титроқ, серпешоблик, увушиш, томирларни бўртиб чиқиши, юрак ўйнаши, кўнгил айниши ва бошқа ҳолатлар гиёҳванд моддалар келтирувчи иллатлардир. Демак, гиёҳвандлик ўз жонига ўзи қасд қилишдан бошқа нарса эмас. Гиёҳванд кишилар қавми – қариндошидан, гулдек фарзандидан, умр йўлдошидан ажралиб қолаётгани, улардан аксар ҳолларда майиб-мажруҳ фарзандлар ҳаётга келаётгани ҳозирги кунда кўринаётган азиятдур.

 Гиёҳвандликнинг ёш авлод тарбиясига етказадиган зарарлари жуда аянчлидир. Бунинг учун фарзандларимизни ким билан юргани, дўсти кимлигига назар солишимиз керак бўлади.

 Бугунги кунимизда гиёҳвандлик қилаётганлар, гиёҳванд моддаларни етиштираётганлар, ишлаб чиқараётганлар, ташиётганлар, сотаётганлар барча – барчалари ҳаммамизнинг ҳаёт кемамизни тешиб ғарқ этишга уринаётган жоҳиллардирлар. Агар кўплашиб уларнинг қўлларидан тутмасак, ҳаммамиз бараварига ғарқ бўлиб, ҳалокатга учрашимиз турган гап. Ҳа, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни  ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарурдир.

Ҳузайфа ибни Ямон розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Жоним қўлида бўлган зот билан қасам ичиб айтаманки, агар  сизлар  бир  бирларингизни  яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб туришликни тарк этсаларингиз, бошингизга шундай бало ва офат келадики, у яхши ва ёмонга баробар фожеа бўлади” — деб марҳамат қилдилар.

Бугунги кунда гиёҳвандлик катта таҳдид солиб, келажак авлодларимизни  ўз домига тортиш хавфи туғилиб турган бир пайтда  жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси  каттаю – кичик, эркагу аёл, ёшу қари, амалдору оддий фуқаро ҳамма-ҳамма гиёҳвандликка қарши курашда иштирок этмоғи кечиктириб бўлмас заруратдир. Зеро, гиёҳвандлик инсонни хорликка элтувчи офатдир. Гиёҳвандлик  офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш, уларни моддий-маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек хайрли ишларимизда Аллоҳнинг Ўзи мададкор бўлсин.

                                                                                                                      

Искандар домла Ортиқов,

Олтинкўл тумани “Далварзин”

жоме масжиди имом-хатиби