ФИДОЙИЛИГИНГИЗНИ ЭЛ УНУТМАЙДИ, АЗИЗ ШИФОКОРЛАР!

627

Дунёда касблар кўп. Аммо улар орасида шундайлари борки, бу ҳақда сўзлаганингизда, беихтиёр кўз ўнгингизга фидойи, жасоратли, садоқатли инсонлар келади. Улар – шифокорлардир. Саломатлик посбонларининг сидқидил меҳнатини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.
Мана, бутун дунё аҳли бошига тушган ташвиш – коронавирус инфекциясига қарши курашиш жараёнида ҳам айнан уларнинг кўмагига эҳтиёж сезяпмиз. Айнан уларнинг фидойилиги, касбига садоқатига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ҳамиша, туну кун масъулият ҳисси билан яшайдиган тиббиёт ходимлари бугун оиласи, фарзандлари, яқинларидан ҳам эл соғлигини устун қўйиб, кечаю кундуз иш жойларида, шифохоналарда, карантин ҳудудларида қолмоқдалар. Керак бўлса, кунни тунга, тунни тонгга улаб, беморларни тезроқ шифо топишлари учун, инфекцияни тарқалиб кетишининг олдини олиш учун хизмат қилишяпти.
Халқимизнинг бундай жонфидо инсонларга меҳри, ҳурмати баланд. Буни ижтимоий тармоқларда уюштирилаётган “Мен сиз учун ишда қолдим, сиз мен учун уйда қолинг!”, “Сизнинг тавсиянгизга амал қилиб, биз уйда қолдик” каби мазмундаги челленжлар ҳам исботлаб турибди. Пойтахт ва вилоятлардаги карантин ҳудудларида кечаю кундуз қолаётган тиббиёт ходимлари учун тадбиркорлар, умумий овқатланиш шохобчалари раҳбарлари томонидан бепул иссиқ овқатларнинг юборилаётгани халқимизга хос мурувватлилик, саховат, эл корига ярашдек эзгу хислатларни яна бир бор амалда намоён этди, десак сира янглишмаган бўламиз. Бундай хайрли амаллар кўламини янада кенгайтирайликки, бу тиббиёт ходимларининг заҳматини бироз бўлса-да аритсин.
Ўзимиз бир-икки кун шириндан-шакар фарзандларимизни, ота-онамизни кўрмасак соғинамиз, ҳар қандай зарур ишимизни бир четга суриб, улар ҳузурига ошиқамиз. Албатта, шифохоналарда бир неча кунлардан буён хизмат жойини тарк этмай ишлаётган шифокорларнинг ҳам дилбандлари, яқинлари бор. Балки қай бирининг кекса отаси ёки онаси бетобдир, унинг йўлларига кўз тикиб ўтиргандир?! Аммо шундай бўлса-да, ўз муаммоларини бир четга суриб, юрти, халқи тақдири учун курашишга қодир инсонлар – шифокорлар, тиббиёт ходимлари. Уларга ҳар қанча юксак эҳтиромга лойиқ.
Азиз юртдошлар, саломатлигимизни ўз ҳаётидан устун қўядиган шифокорларимиз бизнинг меҳримизни ҳис қилишлари керак. Ибодатларимизда улар ҳаққига ҳам кўп-кўп дуолар қилайликки, Яратганнинг ўзи уларга куч-қувват берсин, паноҳида асрасин. Тез орада юзлари ёруғ ҳолда оиласи, яқинлари бағрига қайтсинлар.
Энг асосийси, қалбларимизда бундай синовни ҳамжиҳатлик билан, чиройли сабр билан енгиб ўтишга ишонч бўлсин! ''Мингбулоқʼʼ жоме масжиди имом-хатиби Ҳайитали Тўйчиев