Фарзанд дунёга келар экан, албатта,  у тарбияга муҳтож ҳолда бўлади. Ҳеч бир инсон “яхши” ёки “ёмон” сифат билан туғилмайди. Балки, у сифатлар ота-она ва устознинг таълим-тарбияси, жамиятнинг таъсири натижасида шаклланади. Дарахт тўғри ўсиб, кутилган ҳосилни бериши учун ниҳол пайтидан парвариш қилинганидек, инсон ҳам туғилган ониданоқ тарбияланиши лозим. Доно ҳалқимиз тарбия бешикдан, деб бежизга айтишмаган. Ёш улғайгандан кейинги тарбиянинг самараси кам бўлади. Фарзанд оиласи, эл-юртига содиқ, фидоий бўлиши учун, ҳар бир ота-она ўз фарзандини вақтида ва тўғри тарбиялаши лозимдир.

Бугунги кунда ёшларимиз орасида ота-онага ҳурмат, катталарга эҳтиром, ватанига, халқига, юртига фидоийлик каби миллий қадриятларимиз унутилиб бормоқда.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сен Аллоҳнинг наздида инсонларнинг яхшиси бўл. Нафсингни олдида одамларнинг ёмони бўл. Одамларнинг орасида одамларнинг марди бўл!”

Ҳикояда келишича қадим замонда бир юртда жиноят сабабли жазога ҳукм қилинганларни соқчилар жазо майдонига тўплаб олиб борар эди. Ҳар бир маҳкумнинг қўлида қилган жинояти ва қандай жазога ҳукм қилингани ҳақида ёзилган нома бўлиб, биров тиззасигача, яна биров белигача дарра уришга маҳкум бўлса, ўлим жазосига маҳкумлар ҳам бор эди. Маҳкумлар минг ҳаёл билан жазо майдонига боришар экан, улар орасида бир етим бола ёнида кетаётган она ва ёш боласига кўзи тушиб, боладан қандай жазога маҳкумлигини сўради. Шунда бола ўзи ўлим жазосига маҳкум, онаси эса, белигача дарра урилишини айтади. Етим бола: “Мен тиззагача дарра урилишга ҳукм қилинганман. Менинг ота-онам йўқ. Мен ҳеч кимга керак эмасман. Кел, номаларимизни алмаштирамиз. Мен ўлсам ҳам бўлаверади. Агар сен ўлсанг, онангга ҳаётнинг мазмуни қолмайди. Сен онангга кераксан. Тиззагача урилиб онанг билан бирга яшайсан”, – деб номасини алмаштирди. Ёш бола бўлишига қарамай, жонидан воз кечиб, ҳамроҳига ўз ҳаётини бахшида қилди. Бу ҳақиқий мардликдир. Биз ҳам фарзандларимизни мана шундай мард, ўзимиз учун дўст, юртимиз учун қалқон қилиб тарбия қила олаяпмизми?

Айниқса, бугунги карантин кунларида халқимиз бирлашиб, бир-биримизга ҳайриҳоҳ ва фидоий бўлишимиз мақсадга мувофиқдир.

Олимжон домла Каримов,

“Муҳаммад Розиқбой” жоме

масжиди имоми-хатиби