Кимгаки Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло фарзанд ато қилган экан, унга улуғ неъмат насиб этибди. Неъматнинг салмоғи қанча баланд бўлса, унинг учун масъулият ҳам шунча юқори бўлади. Айнан фарзанд неъмати бизларга жуда катта ва масъулятли жавобгарликни талаб қилади.

Ҳидоят Аллоҳдан. Биз эса ўз бурчимизни адо қилиб, фарзанд тарбиясига жиддий ёндошишимиз ва уларни турли хатарли йўллардан сақлашимиз керак.

Динимизда фарзанд тарбиясига алоҳида аҳамият берилади. Бу тўғрида кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Китоблар ёзилган. Жумладан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

كل مولود يولد على الفطرة فأبواه يهودانه أو ينصرانه أو يمجسانه

 “Ҳар бир фарзанд мусулмончиликни қабул қилаверадиган табиат билан туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-онасидир”. (Бухорий ривояти)

Демак бугун инсонларга ташвиш келтириб, кўпчиликнинг ёстиғини қуритган гумроҳ кимсалар ҳам янги туғилган пайтида маъсум гўдак эди. Кимларнингдир таъсирида шу ҳолатга етиб келди. Бунинг учун энг аввал ота ва она жавобгардир. Ундан ташқари жамиятдаги ҳар биримиз ҳам жавобгармиз.

Ҳолбуки, бугун қўшнимизнинг тухумини ўғирлаган болага лоқайдлик қилсак, эртага у бизнинг товуғимизга, кейин эса кимнингдир мол-қўйига, бошқасининг бахтига чангал солмаслигига ким кафолат беради?

Уламоларимиз ёшларни янги экилган ниҳолга ўхшатадилар. Боғбон ниҳолни парваришлаб, вақтида сувини қуйиб, нотўғри ўсган шохларини бутаб турса, янги кўчат чиройли ва боғбон кўзлагандай бир гўзал дарахт бўлиб шаклланиб, мева беради. Агар кўчатни экиб, парваришига эътибор берилмаса, у ўзи хоҳлагандай ўсиб, ҳар хил керак бўлмаган шохларни чиқариб, натижа боғбон кўзлагандай бўлмайди. 

Юртимизда фарзанд тарбияси давлат ва ҳукуматимиз эътиборида. Муҳтарам Президентимиз шундай дедилар:

“Биз учун ҳеч қачон кун тартибидан тушмайдиган яна бир ўта муҳим масала борки, унга алоҳида тўхталиб ўтишни зарур деб биламан. У ҳам бўлса, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз, фарзандларимиз тарбияси билан боғлиқдир. 

Буюк бобомиз Абдулла Авлоний айтганидек, бу масала биз учун ҳақиқатан ҳам ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир ва ўз долзарблиги ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган, таъбир жоиз бўлса, масалаларнинг масаласидир. 

Шу маънода, бугунги кунда юртимизда тобора кенг тарқалиб бораётган “Ўз болангни ўзинг асра!”деган даъват фақат қуруқ шиор бўлиб қолмасдан, ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаронинг қалбига, юрагига чуқур кириб бориши, амалий ҳаракатга айланиши учун ижодий ташкилотларимиз ҳам ўз масъулиятини жиддий равишда қайта кўриб чиқишлари давр талабига айланмоқда”. (Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузаси)

Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзиларнинг фарзандлари, хоссатан, мактаб ёшидаги йигитлар вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари клубларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ва тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан суҳбат ўтказиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар.

Улар-ку, ғўрлик қилар. Аммо биз – катталар қаёққа қараяпмиз?

Фарзандларимиз тарбиясидаги энг нозик нуқта шундаки, кун дарёдек ўтиб бормоқда. Озроқ фурсат бефарқ қолсак, катта йўқотишларга дучор бўлишимиз ҳеч гап эмас. Ҳурматли Президентимиз бекорга бу ҳақда алоҳида тўхталмаган:

“Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас”. (“Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқидан)

Бахтиёржон домла Сайдалиев,

Улуғнор тумани бош имом-хатиби