Фарзандларимизга меҳрли бўлайлик

935

Ҳозирги вақтда кишилик жамиятидаги шиддатли ўзгаришлар инсонларни ўз оиласига эътиборлироқ бўлишни таақозо этмоқда.
Кўпчилигимиз аҳли оилам нафақаси учун кўчага чиқаяпман,ишлаяпман,ижтимоий фойдали меҳнат билан бандман деб ўзимизга таскин бериб,оила аъзоларимиздан узоқлашиб кетаяётганимизни ,қолаверса кунлар кетидан,ойлар ,йиллар ҳам бир зумда ўтиб,фарзандларимиз боғча,мактабни битириб вояга етиб қолганлигини сезмай ҳам қолаяпмиз.
Анас ибн Молик(р.а) ривоят қиладилар:Пайғамбар(с.а.в.)айтдилар:”Аллоҳ таоло мўминни яхши кўради.Унинг оиласини ва фарзандини ҳам яхши кўради.Аллоҳга энг севимли нарса кишининг аёли ва болалари билан дастурхон устида бирга еб ўтирганини кўришдир.Агар улар дастурхон устида йиғилсалар,уларга раҳмат назари билан қарайди ва жойларидан тарқалмасдан гуноҳларини кечиради”дейилган.
Энди яшин тезлигида ўтиб бораётган ҳаётимизни тахлил қилиб кўрайликчи,ҳафтада неча маротаба фарзандимиз билан бир дастурхонда бирга ўтирдик,уни шахсий қандай муаммолари бор экан,кундалик дафтаридаги баҳолари қандай,қайси фанларга ва спорт турига қизиқади.Дўстлари ким? Телефонда интернет орқали қайси домлаларни маърузаларини тинглаяпти?Шуларни биламизми?
Жобир(р.а) ривоят қилади:Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар:Фарзандларни яхши кўриш дўзахдан пардадир.Улар билан бирга овқатланиш дўзахдан паноҳ топиш ва уларга икром кўрсатиш жаннатга ўтишга рухсатномадир”дейилган.
Шундай экан келинг оиламизга эътиборли бўлайлик. Ҳозирдан фарзандларимизнинг муаммо ва қизиқишларини ўрганиб,уларга ёрдам берайликки келажакда жамиятга,Ватанга,элга,юртга хизмат қила оладиган етук шахслар бўлиб етишса ўзимиз ҳам ҳурсанд бўламиз ва кейин афсус надомат чекмаймиз. Сир эмас тарбияси оғир,жиноят йўлига кириб қолаётган ёшларни оиласини ўргансангиз,ота сафарда ишлагани кетган,онага бола қулоқ солмайди,чунки уни муаммоларини она ечиб бера олмайди,натижада бола ўз муаммоларини ўзича ечишга интилади ва кетма-кет ҳатоларга йўл қўйиб,жиноятчи ёки тарбияси оғир болалар рўйҳатидан жой олади.Мана шунинг учун ҳам қуйидаги ривоятда эътибор дастурхон атрофидаги йиғинга қаратилади.
Абу Ҳурайра(р.а.) Пайғамбар(с.а.в.)дан ривоят қиладилар:Қайси мўмин фарзандлари билан овқат ейишни яхши кўрса .аршнинг тагидан ўнта фаришта:”Эй Аллоҳнинг бандаси,амалингни бошла ,Аллоҳ гуноҳларингни кечирди”,деб нидо қилади”экан. Аллоҳ билувчироқдир.
Албатта юқорида келтирилган ривоятлар замирида катта ҳикмат борлигини ақлли одам дарров англайди.Демак меҳр берган,меҳр кўради экан.
Аллоҳ таоло барчамизга оила аъзоларимиз билан доимо бирга бўлишимизни ва уларга меҳрли бўлишлигимизни муяссар айласин!

Искандарбек Ортиқов

Олтинкӯл туман

“Далварзин”

жоме масжиди имом-хатиби