Фарзандларимиз оилавий ҳаётга тайёрми?

57

Ҳар бир одам фарзанди улғайгач, айниқса, қиз бола вояга етгач, шу масалада хавотирга туша бошлайди. Совчилар эшик қоқа бошлаганда эса бу хавотир янада кучаяди. Асосий эътибор тўйни қандай ва қаерда ўтказишга эмас, тўйдан кейин фарзандимиз бутун умр ким билан, қандай ҳаёт кечиради деган саволга қаратилиши керак. Бунинг учун эса иккала томон ҳам фарзандига муносиб тарбия бериб, фарзандидан кўнгли тўқ бўладиган даражада уни оилавий ҳаётга тайёрлаб бориши керак.
Шу ўринда қизлар тарбиясига оид бир мулоҳазани айтиб ўтсак. Нима учун қизларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш деганда маълум бир тор доирани тушуниб қоляпмиз? Қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш деганда фақатгина тўйга, фақатгина келинликка тайёрлашни тушуниб қолганмиз. Қизларимиз ҳали 18-19 ёшга кирмасидан, ҳали онги етилмасдан, дунёқараши тўлиқ шаклланмасдан, оқу қоранинг, яхши-ёмоннинг, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормасдан келинлик либосини кийишга, тўйхонанинг марказида савлат тўкиб, ясаниб ўтиришга қизиқишяпти. Тенгдошларини турмушга чиққанини кўриб, бутун эътибори фақат тўйга, тўйдан олдинги ва кейинги маросимларгагина боғлиқ бўлиб қоляпти. Ҳамманинг хаёлида фақат келинлик либосини танлаш, чиройли машиналарда кириб келиш, суратга тушиш, келинсалом қилиш, сарпосини кўрсатиш, холос. Ундан уёғига ҳеч нарса мақсад, эзгу ният, режа йўқ. Ундан уёғини ҳеч ким ўйламайди. Оналаримиз қизларга келганларга чой қуйиб беришни, қайнонанинг кўнглини олишни ўргатишяпти, холос. Чунки қайнонанинг кўнглини олмаса бўлмас эмиш. Аммо қизига эрнинг кўнглини олишни ким ўргатади?
Муҳтарам эркаклар! Бориб, аҳли оиламиздан «Узатиладиган қизимизга эрнинг кўнглини олишдан ҳам сабоқ бердингизми?» деб бир савол бериб кўрайлик. Бу ҳақда суҳбат бўлдими, йўқми? Чунки хотиннинг зиммасига аввало эрнинг кўнглини олиб, унинг розилигини олиш вожиб бўлади. Қайнона-қайнотанинг хизмати, катталарга, ёши улуғларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш лозимлиги ўз-ўзидан маълум.
Бугунги кунда қизларимиз, бўлажак келинларимиз учун турли рўзғор мактаблари, ҳар хил тўгараклар ишлаб турибди. Аммо уларнинг аксарида тўй кечасида европача рақс тушишни, келинлик либосида оҳиста қадам ташлаб, виқор билан юришни ўргатишяпти. Эрнинг кўнглини фақат чиройли кийим, турли ширинликлар, пишириқлар билан олинмайди. Куёвнинг, янги хонадон аъзоларининг кўнгли аввало Аллоҳ таолога ибодат билан, холис ният билан, дуолар билан олинади, қолаверса, ширин тил билан, ҳусни хулқ билан, покизалик, орасталик, ҳушёрлик, зукколик, фаҳм-фаросат билан олинади.
Тан олишга мажбурмизки, узатилаётган қизларимизда, уйланаётан йигитларимизда бу хислатлар ҳозир бироз камайиб қолган. Ҳар юзта янги оиладан қирқтасининг бузилаётганига асосий сабаб мана шудир.
Аслида тўйдан кўзланган мақсад бу эмас эди. Асосий эътибор, хатти-ҳаракат, сарф-харажат тўй базмига, либосларга, жиҳозларга эмас, тўйдан кейинги ҳаётга, турмушга қаратилиши керак эди. Тўйга тайёргарлик деб, асосий харажатни бир неча соатда ўтиб кетадиган дабдабаларга сарфлаб қўйиляпти. Ваҳоланки, келиннинг кўйлагидан тортиб муҳташам машинагача бўлган тўй харажатларининг аксари шариатимиз нуқтаи назаридан исроф, найранг ҳисобланади. Қанийди шу харажатлар оиланинг тўйдан кейинги мустаҳкамлигига таъсир қилса! Аксинча, асосий қийинчиликлар тўйдан кейин бошланяпти. Янги оила иқтисодий муаммолар, қарзга ботишлар билан бошланяпти.

Манбалар асосида Шахрихон туман Сўпилар масжид имоми Қосимов Ғиёсиддин.