Ҳақ таолони бандаларига бераётган неъматларининг ичида фарзанд неъматини ҳам алоҳида ўрни бор. Шу боис ҳар бир ота-она фарзанди дунёга келган ондан бошлаб, унга бутун меҳрини беради, бор имконини сарф этади, баркамол бўлишини ният қилиб тарбиялайди. Кўзланган мақсад эса, фарзандларнинг бахти, эртанги кунининг порлоқ бўлишидир.

    Тарбия ҳақида Юртбошимиз бундай таъкидлайдилар: “Биз соғлом авлодни тарбиялаб вояга етказишимиз керак. Соғлом киши деганда фақат жисмоний соғлом эмас, балки шарқона одоб-аҳлоқ ва умумбашарий ғоялар руҳида камол топган инсонни тушунамиз”. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи ва саллам айтдилар:Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди”. Албатта фарзанд илмли ва одобли бўлса ота–она хурматини ва хақ -хуқуқларини яхши адо қилади. Оилада яхши тарбия топган фарзанд яхши ва ёмонни фарқлай олади. Қайси оилада, қайси махаллада ёшлар тарбияси яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша махалла, ўша юрт  гуллаб яшнайди. Бу эса жамиятнинг равнақ топишига олиб келади. Диндаги мухим вазифалардан  бири албатта бу фарзанд тарбияси хисобланади. Демак ушбу масъулиятни  хис этган холда барча ота-оналар ўз фарзандларининг тарбиясига жиддий эътибор беришликлари ва хар қандай шароитда ҳам фарзанд тарбияси билан  шуғулланишга вақт топишлари лозим. Сарвари коинот: «Хар бир чақалоқ Ислом  фитратида туғилади, токи тили гапирувчи бўлгунча (шу ҳолда бўлади). Кейин эса, ота-онаси уни яҳудийлаштиради ёки насронийлаштиради, ёки мажусий қилиб қўяди»– дедилар.  Бу ҳадисдан маълум бўладики Ислом фитратида дунёга келган болалар ота-онанинг бепарволиги сабабли тарбиясиз, ҳулқи ёмон ва энг асосийси  турли нотўғри йўлларга кириб кетишликлари турган гап. Демак, ёшлардаги ёмон аҳлоқ ва унинг нохуш оқибатлари учун аввало, ота-она, маҳалла, устоз мураббийлар ва қолаверса барчаларимиз масъул эканлигимизни эсдан чиқармаслигимиз зарур бўлади. Шу ўринда одоб-аҳлоққа далолат қилувчи баъзи бир ҳадисларни келтириб ўтамиз. Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Фарзандларингизга одоб ўргатинг ва одобларини чиройли қилинг». Ва яна «Фарзандларингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринг ва уларга одобни ўргатинг». Демак ҳар бир ота-она ўз фарзандини ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориши лозим бўлади, зеро, илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш пайдо қилиб, ўқиб-ўрганиб маълумот ҳосил қилган фарзанд, албатта, ўзи,оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади. . Илоҳим, юртимиз ободлиги, элимиз озодлигига кўз тегмасин! Барчаларимиз ҳам Аллоҳ берган улуғ неьмат фарзанд неьматини шукрини чиройли адо қилиб, уларни одоб-аҳлоқига, тарбиясига чиройли эътибор қилиб Ўзининг хузурига ёруғ юз билан боришлигимизни насиб этсин.   

Искандарбек домла Ортиқов

Олтинкўл туман Далварзин жоме масжиди имом хатиби