Муқадддас Ислом динимизда ҳар бир мўмин-мусулмон киши дунё ҳаётида фаровон яшаши ва Аллоҳ берган ризқини халол йўллар билан топиши учун меҳнат ва ҳаракат қилиши кераклиги баён қилинган. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам меҳнаткаш ва касб-ҳунарли инсонлар ҳақида шундай деганлар: “Аллоҳ таоло касб-ҳунарли кишини яхши кўради”.

Савдогар киши инсонлар эхтиёжи учун зарур бўлган кундалик махсулотларни олиб келиб инсоф билан сотиши савобли ишлардан ҳисобланади. Бунинг акси эса – ўз юрти бозоридан энг керакли нарсаларни олиб қўйиб, халқ бошига келган синовли кунлардан фойдаланиб нархини ошириб сотиши эса Аллоҳнинг раҳматидан узоқда бўлиши ҳақида ҳадиси шарифларда баён килингандир. Чунки, у савдогар ахолини ноилож ҳолга қўйиб, ўзи ишлаб чиқармай туриб фойда топишга уринган, оддий халқ ҳисобига бойлик орттиришга ўтган кимсадир.

      Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бугунги кунда Мухтарам Юртбошимиз бошчиликларида барча соха вакилларига, хусусан, тадбиркорлар, тижоратчилар ва инвестиция киритувчиларга ниҳоятда катта имконият ва шароитлар яратилмоқда.

     “Бир инсон мен сабабли ишли бўлиб қолсин, уйида қозони қайнасин, мухтожлик кўрмасин”, дейдиган ғайратли, саховатли тадбиркорларимизга раҳмат ва тасаннолар айтилмоқда.

      Ислом дини – инсонпарвар, яхшилик дини булиб, ўз таълимотларида доимо инсонларга манфаат етказиш ва яхшилик қилишга чорлайди. Шундай экан, мумин киши доим халқ хизматида бўлишга ҳаракат қилади ҳамда халққа хизмат қилиб наф етказиш, дардига малхам бўлишни ўзига шараф деб билади.

Салимжон домла Юнусов,
Избоскан тумани бош имом-хатиби