Экстремизм ва терроризмга қарши курашда хуқуқий асослар мустахкамлиги-хафсизликнинг мухим гарови

831

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “ … ва барчангиз Аллоҳнинг арконига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз хамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар унинг неъмати сабаб биродарга айландингиз” (Оли Имрон сураси, 103-оят). Анас ибн Молик (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Бани Исроил етмиш икки фирқага бўлинди. Улардан етмиш битта фирқа ҳалок бўлди, фақат биттаси Аллоҳнинг азобидан омон колди, шунингдек, менинг умматим етмиш уч фирқага бўлинади шулардан етмиш иккитаси халок бўлади ва фақат биттаси нажот топади дедилар. Эй Росулуллоҳ омон қоладиган ўша фирқа қайси?” деб (Бир сахоба) сўраганида Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Улар ахли сунна вал-жамоатдир” деб жавоб бердилар. Маъмар Зуҳрийдан шундай ривоят қилади: “Инсонлар Пайғамбаримиз (с.а.в.) дан кейин икки буюк илмни қўлдан бой бердилар ва шу сабаб Қуръон ҳамда баҳс илмида ихтилофга бориб, фирқаландилар”. Баҳс илмидан мурод динда мунозара қилишдир. Шу сабаб Қуръон илми тарк этилиб, ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Диндаги баҳс илмига келсак, истак-хоҳишлари турлича, юрар йўлини йўқотган қавм ҳақида нима дейиш мумкин? Ҳолбуки, мавжуд фирқаларнинг ҳар бири ўзини Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатларини тутганлиги даъвосини қилади.

Заҳҳокдан ривоят қилинади. Заҳҳок эса ибн Аббосдан ривоят қилади: “Кимки, бидъатчининг бидъатини қайтарса, у Аллоҳ йўлидадир”.

Ҳишом ибн Ҳассон Ҳасан ал-Басрийдан ривоят қилади: “Ҳозирги вақтда ибодатнинг энг мукаммали аҳли гумон билан курашишдир”. Инсон қаердан, қандай маълумотларни олмасин, албатта, текшириб кўриши ва уларга кўр-кўрона эргашмаслиги керак. Аллоҳ таолонинг: “(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро, 36), –деган хитобига қатъий амал қилиш лозим. Эътиқод илмини яхши билмаслиги боис инсоннинг ақидаси ноқис бўлиб қолади. Динимиз таълимотига кўра, агар ақида бузуқ, эътиқод ботил бўлса, кишининг амали беҳуда кетади ва ўзи залолат ботқоғига ботади (Худо асрасин).

Соғлом эътиқод нафақат шахс учун, балки жамият учун ҳам жуда муҳимдир. Қайси жамиятда кишилар эътиқоди тоза бўлса, ўша жойда мустаҳкам тинчлик бўлади. Аксинча, бузуқ эътиқодли кишиларданда хавфли одам бўлмайди, ундайлар ҳар қандай пасткашликка тайёр туради. Улар ҳар бир жамият учун катта таҳдиддир!

 Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўллари билан бир чизиқ чиздилар ва: “Мана шу Аллоҳнинг тўғри йўли”, – дедилар. Кейин у чизиқнинг ўнг-у сўлига чизиқлар чизиб: “Мана бу йўлларнинг ҳар бирининг бошида бир шайтон туриб, унга чақириб туради”, дедилар. Сўнг“Албатта, мана шу (Менинг) Тўри йўлимдир. Унга эргашингиз! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир” (Анъом, 153) оятини ўқидилар” (имом Аҳмад ривояти).

Аниқ ҳужжат ва далиллар келтирилгандан кейин ҳам эгри йўлдан қайтмайдиган қайсарлар ўзига-ўзи зулм қилувчи, адашганлардир. Аллоҳ таоло: “…ҳужжатлар келганидан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир” (Оли Имрон сураси, 705 – оят) – деб қаттиқ огоҳлантирган. Яқин тарихимизда, давлатимиз энди мустақилликни қўлга киритган пайтларда ёш давлатимизга турли сиёсий, иқтисодий ва диний фитналар уюштирилди. Сир эмас, ўша фитналарга аралашганларнинг баъзилари жазога тортилди. Лекин давлатимиз ҳукумати доим кечиримлилик йўлини тутиб келди. Айниқса, кейинги йилларда юртбошимиз томонидан кетма-кет авфлар эълон қилинмоқда. Минглаб кишилар оила аъзолари бағрига қайтиб, соғлом турмуш тарзига қайтмоқда. Улар ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишлари учун ҳар томонлама ёрдам берилмоқда, иш жойлари топиб берилмоқда, моддий ёрдам кўрсатилмокда. Зеро динимиз кечиримли бўлишга тарғиб қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: яъни: ” …уларни афв этинг ва кечиринг! Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади” (Моида сураси, 13-оят).

  Мусулмон ўлкалар, жумладан, бизнинг жонажон ватанимиздаги тараққиёт, бугунги ижобий ўзгаришлар кимларгадир ёкмаслиги ва улар бизни чалғитиш учун фитналар уюштириши табиий. Биз эса бу фитналарга алданмаслигимиз керак. Фитналарнинг нечоғли зарарли, ёмон окибатларга олиб келишини ҳаётда кўрдик, бу хатони такрорланишига йўл қўймаслигимиз керак. Халқ ичига фитна солмоқчи бўлганларга ҳар биримиз насиҳат килиб, ўтган оғир кунларни эслатиб, бугунги тинч-хотиржам кунларимизга шукр килишни тарғиб килишимиз керак. Шукр ва сабр бандани Аллоҳ таоло олдида мартабасини кўтарадиган амаллардан ҳисобланади. Тинчлик, саломатлик катта неъмат. Улар бор жойда ривожланиш, эркинлик, инсон қадр-қиммати ўз ўрнида бўлади, бемалол ибодат қилишга-имкон топилади. Ваҳоланки, шу кунларда ҳам фитна ўчоқларида қурбон бўлаёттан, уй-жойсиз колиб, қочоқ бўлиб юрган, урушдан қўрқиб, болаларини мактабга ҳам чикармай кўйган миллионлаб инсонлар бор. Бу воқеаларни тафаккур килган киши, аслида инсон ўз уйида хотиржам истироҳат олиши ҳам улкан неъмат эканини англайди.

Аллоҳ таоло фитна ва қийинчиликда қолган инсонларга ҳам хотиржамликни қайтарсин! Жонажон ўлкамизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин, халқимизнинг тинч-хотиржам ва фаровон ҳаётида бардавом қилсин! Омин.

М.Тошматов

“Имоми Аъзам”

жоме масжиди имоми